ИИ ходимлари дўконлари “снос”га тушган фуқарога куч ишлатди. ИИВ ҳолатга муносабат билдирди
Жамият
−
29 Январь 2022
15785Аввалроқ, QALAMPIR.UZ'да “Юнусободнинг янги ҳокими ишни “снос”дан бошлади...ми?” номли журналистик суриштирув эълон қилинганди. Кеча, 28 январь куни ижтимоий тармоқларда Ички ишлар ходимлари Юнусобод тумани 6-мавзе Мойқўрғон кўчаси 6-уй ёнида жойлашган дўконлар эгаси Ашраф Нажмитдиновни куч ишлатиб, прокуратура биносига олиб киришга уринаётгани, бунга эса Нажмиддинов ва унинг қариндошлари қаршилик кўрсатаётгани акс этган видео тарқалди. Ҳолат бўйича Ички ишлар вазирлиги Матбуот котиби Шоҳрух Ғиёсов QALAMPIR.UZ’га изоҳ берди.
“Ҳолат юзасидан прокуратура томонидан жиноят иши қўзғатилган (қайси модда билан иш очилгани ҳақида Тошкент шаҳар прокуратураси аниқлик киритади). Юнусобод тумани 6-мавзеда фаолият олиб борган фуқаро Ашраф Нажмиддиновни гувоҳ сифатида прокуратурага таклиф қилишган. У бориб гувоҳлик беришдан бош тортган, шу сабабли терговчи фуқарони мажбурий олиб бориш тўғрисида қарор чиқарган. Ички ишлар ходимлари фуқарони прокуратурага олиб бориш вақтида уларга фуқаронинг яқин қариндошлари халал берган. Ходимлар қонуний талаб бажарилиши кераклиги ҳақида ҳар қанча тушунтиришмасин, кескин қаршилк қилиб, воқеа жойига блогерларни чақиришган”, дейди Ғиёсов.
Вазирлик Матбуот котибининг қўшимча қилишича, ички ишлар органлари ходимининг қонуний талабларини бажармаслик ва унга қаршилик кўрсатиш Ўзбекистон Республикаси Маъмурий жавобгарлик кодексининг 194 ва 195-моддалари билан жавобгарликка сабаб бўлади.
QALAMPIR.UZ ҳолат юзасидан Тошкент шаҳар прокуратурасидан ҳам изоҳ олади.
Юнусободдаги “снос” иши
2018 йилнинг 24 август куни Юнусобод тумани ҳокими Бахтиёр Абдусаматов туманнинг Мойқўрғон кўчаси 6-уй олдида Тошкент шаҳар Архитектура ва қурилиш бош бошқармаси томонидан тасдиқланган намунавий лойиҳа асосида 0,20 гектарли (чегара режасига асосан) “ASIA GAMMA LINE” МЧЖга болалар боғи ташкил қилиш ва унинг таркибида енгил турдаги ойнаванд кўринишдаги савдо дўкони, умумий овқатланиш шохобчаси ва хизмат кўрсатиш масканларини ўрнатишга рухсат бериш ҳақидаги қарорни имзолагани, тадбиркорлар эса шу қарор асосида қурилиш ишларини олиб боргани, савдо ва маиший хизмат кўрсатиш шохобчалари аллақачон иш бошлаб, орадан вақт ўтгач, жорий йилнинг 25 январь куни иншоотларни бузишга киришилгани, “снос” жараёнида прокуратура, ҳокимлик вакиллари томонидан ҳеч қандай огоҳлантириш хати ёки суд қарори тақдим этилмаган.
Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати Расул Кушербоев масалага муносабат билдириб, қонунчиликка кўра, ноқонуний бино ва иншоотлар қандай тартиб бузилиши кераклигини тушунтирганди ҳамда Бош прокуратура ва Ички ишлар вазирлигидан “снос”га бош-қош бўлган ходимларига нисбатан чора кўришни талаб қилганди.
Юнусобод тумани 6-мавзеда бўлган "снос"дан азият чеккан тадбиркорлар фарёди ва ҳокимлик вакилининг изоҳини QALAMPIR.UZ’нинг YouTube канали, шунингдек ижтимоий тармоқлардаги саҳифаларида томоша қилишингиз мумкин
LiveБарчаси
Бухорода Ғиждувон деҳқон бозори ёнмоқда.
14 Декабрь