Фарғонада 24 ёшли йигит 15-қаватдан ўзини ташлаб, ҳалок бўлди

Crime

−

image

Фарғона шаҳрида 24 ёшли К. Ж. кўп қаватли уйнинг 15-қаватидан ўзини ташлаши оқибатида вафот этди. Бу ҳақда QALAMPIR.UZ сўровига жавобан Бош прокуратура матбуот котиби Ҳаёт Шамсутдинов маълум қилди.

Фарғона шаҳар прокуратураси маълумотномасига кўра, воқеа жорий йилнинг 26 октябрь куни Шаҳарқишлоқ маҳалласидаги Тарона кўчасида жойлашган кўп қаватли уйда содир бўлган.

Суд-тиббий экспертизасининг дастлабки маълумотномасида ўлимга жигарнинг мажақланиб ёрилиши сабаб бўлгани кўрсатилган. Ҳодиса жойини кўздан кечиришда жиноят излари ёки шубҳали ҳолатлар аниқланмаган.

Қайд этилишича, марҳум аввал шизофрения ташхиси билан Фарғона вилоятидаги ихтисослаштирилган руҳий саломатлик марказида бир неча марта даволанган. У охирги марта жорий йилнинг 4 июлдан 13 октябргача стационар шароитда даволанган.

Ҳодиса тафсилотларини аниқлаш мақсадида марҳум фойдаланган Redmi русумли телефон прокуратура ихтиёрига далилий ашё сифатида олинган. Телефон хотирасидаги маълумотларни тиклаш учун вилоят ИИБнинг киберхавфсизлик бўлимига топшириқ юборилган.

Шунингдек, ҳодиса содир бўлган кўп қаватли уйдаги видеокузатув камералари текширилганда, улар бир неча ойдан бери ишламаётгани маълум бўлган.

Билдирилишича, айни вақтда ҳолат юзасидан терговга қадар текширув ҳаракатлари давом этмоқда. Текширув натижалари бўйича қўшимча маълумот берилиши айтилган.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Самарқанд шаҳрида 42 ёшли аёл уйининг ҳовлисидаги турникка рўмол билан ўзини осгани ҳақида хабар берилган эди.


Rate Count

0

Rating

3

Rate this article

Share with your friends