28 йиллик босқиндан “тинкаси қуриган” Шуша бугун қандай аҳволда? (фоторепортаж)
Олам
−
08 Ноябрь 2021
13253Шуша – Озарбайжоннинг маданий пойтахти ҳамда “Қорабоғ марвариди”. Қарийб 300 йиллик тарихга эга мазкур шаҳар бундан роппа-роса бир йил аввал арманлардан озод этилганди. Озарбайжон халқи учун алоҳида аҳамиятга эга бўлган шаҳар 28 йил арман истилосидан азият чекди.
Ўзбекистон оммавий ахборот воситалари орасидан QALAMPIR.UZ журналисти биринчилардан бўлиб чорак асрлик босқиндан озод бўлган шаҳарга борди ва унинг бугунги аянчли аҳволини ўз кўзи билан кўрди. Афсуски, у ерда бирорта ҳам вайрон қилинмаган уй ёки иморат қолмаган. Ўтган бир йилда Озарбайжон ҳукумати шаҳардаги баъзи биноларни тезликда таъмирлаб, фойдаланишга яроқли ҳолга келтирганини инобатга олмаса, Шушада фойдаланишга яроқли иншоот деярли топилмайди.
Шаҳардаги тарихий бинолар ё буткул вайрон қилинган, ё чорва моллари, хусусан, чўчқалар боқиладиган жойга айлантирилган. Озарбайжон халқи учун кўз қорачиғидек қадрли бўлган шаҳар қандай озод қилинганди?
Шуша учун жанглар
Стратегик муҳим аҳамиятга эга Шушанинг Озарбайжон армияси томонидан озод қилиниши операцияси иккинчи Тоғли Қорабоғ урушининг энг муҳим қисми бўлган дейиш мумкин.
Гап шундаки, Шуша тоғли ҳудудда жойлашган. Шаҳарга биргина йўл билан бориш мумкин. Озарбайжон армияси Жаброил, Гадрут, Занжилон, Фузули ва Кубатли шаҳарларини эгаллади. Бу уларга Шуша ва Степанакерт (Хонкенди)ни Арманистон билан боғловчи Лочин шоссесига йўл очди. 6 ноябрда Озарбайжон пиёда аскарлари Шушага илк ҳужумни бошлаб, муваффақиятсизликка учради. Кейин оғир техникадан ҳужумга ўтилди. 7 ноябрь куни тан олинмаган Тоғли Қорабоғ Республикаси Шуша учун кескин жанглар давом этаётганини маълум қилди. Шу куни Озарбайжон Президенти Илҳом Алиев қатор қишлоқлар озод қилинганини эълон қилди.
Озарбайжон аскарлари пичоқлар ёрдамида кўтарилган тепалик
Бу вақтга келиб, Шушадаги арман кучлари анчайин кучсизланиб қолганди ва улар шаҳарга фақатгина битта йўлдан келиш мумкинлгига ишониб, мудофаа кучларини шу йўналишга сафарбар қилганди. Шундай шароитда Озарбайжон армиясининг махсус топшириқлар бўлинмаси бир қарашда имконсиздек кўринган ишни уддалади. Улар оғир техникаларсиз Шушани ўраб турган тоғларга тирмашиб чиқиб, арманларнинг ортидан ҳужумга ўтди ва шаҳарни эгаллади. Айтишларига қараганда, Озарбайжон махсус бўлинма кучлари ва арманлар ўртасида қуролсиз курашлар ҳам бўлган ва жангдан кейин кўплаб арманлар ўқотар қуролдан эмас, пичоқдан жароҳатлангани аниқланган.
Шушанинг эгалланиши иккинчи Қорабоғ урушида бурилиш нуқтаси бўлди. 9 ноябрь – шаҳар эгалланганидан бир кун ўтиб, Озарбайжон Президенти Илҳом Алиев, Арманистон Бош вазири Никол Пашинян ва Россия Президенти Владимир Путин урушни тўхтатиш тўғрисида уч томонлама баённома имзолади. Уруш тугади.
Шуша бугун қай аҳволда?
Шушани қайтариб олган Озарбайжон аскарлари вайроналар билан юзлашган. Шаҳарнинг асл эгалари қайтаётганини билган арманлар 30 йил давомида яшаган жойларини ҳам вайрон қилган, эккан дарахтларини чопиб ташлаган.
Шаҳар Озарбайжонга қайтгач, шаҳарда инфратузилмани тиклаш бошланди. Дастлаб, Баку билан боғловчи йўл қурилди. Сўнг шаҳардаги аҳволи нисбатан яхши бинолар таъмирланиб, меҳмонхонага айлантирилди.
Арманлар Шушада ўзининг нақадар бузғунчи ва маданият душмани эканини кўрсатган. Шаҳардаги Қорабоғ тарихига доир ҳайкаллар бузиб ташланган, баъзилари сотиб юборилган. Озарбайжон Грузияга сотиб юборилган ҳайкаллардан бир нечтасини сотиб олиб, ўрнига қайтарган.
Шаҳардаги абгор аҳволга келтирилган яна бир бино – бу Қорабоғнинг сўнгги маликаси Хуршидбону Нотавоннинг уйи. Маликанинг уйидан деворларгина қолган.
Шушада масжидлар ҳам оёқости қилинган. Масжидда чорва моллари боқилган. Шундай масжидлардан бири 1874 йилда бино қилинган Ашағи Гавҳар оға масжиди (Aşağı Gövhər ağa məscidi) ҳам фойдаланишга яроқсиз ҳолга келган. Шаҳар арманлардан озод қилингач, Илҳом Алиев Ашағи Гавҳар оға масжидига Қуръони Каримни совға қилган.
Қорабоғ Маликаси Хуршидбону Нотавон
Озарбайжонда “Қорабоғ марвариди” – Шушанинг озод қилиниши муносабати билан 2020 йилнинг 1 декабрида мамлакат президенти имзолаган қонун билан “Шушани озод қилгани учун” медали таъсис этилди. Ушбу медаль Шушани озод қилиш жангида қатнашганларга топширилиши белгиланди.
Хуршидбону Нотавоннинг уйи
Бугунги кунда ушбу шаҳарда кенг кўламли қайта тиклаш ишлари олиб борилмоқда. Аҳамиятлиси, ҳозирча шаҳарда қурилиш ва хавфсизликка алоқадор бўлганлардан бошқа ҳеч ким яшамайди. 30 йил давомида арманлар маҳаллий аҳолини қувиб, уларнинг уйларини эгаллаганди.
Иккинчи Қорабоғ уруши
2020 йилнинг 27 сентябрь куни Озарбайжон ва Арманистон ўртасидаги Қорабоғ уруши қайта оловланди.
Расмий Бакуга кўра, Арманистон Қуролли Кучлари 2020 йилнинг 27 сентябрь куни соат 06:00 дан бошлаб Озарбайжонга қарши кенг кўламли провокацияларни амалга оширди. Бутун фронт бўйлаб Озарбайжон армиясининг позицияларини, шунингдек, олдинги чизиқ зонасида жойлашган аҳоли пунктларини ўққа тутди.
Арманистон ҳужум Озарбайжон Қуролли Кучлари томонидан бошланганини айтди. Озарбайжон эса қуролли тўқнашувга нисбатан жавоб ҳужумлари бошлаганини расман эълон қилиб, Арманистон чегарасидаги тинч аҳоли вакилларидан чегара ҳудудларидан четга чиқишларини сўради.
Ҳолат бўйича Озарбайжон Президенти халққа мурожаат билан чиқиб, тўқнашув Озарбайжоннинг провокацияси эмаслигини айтди.
Никол Пашинян эса мамлакатда ҳарбий ҳолат ва умумий сафарбарлик эълон қилди. Бунинг ортидан Илҳом Алиев мамлакатда ҳарбий ҳолат ва комендантлик соати эълон қилиш ҳақидаги фармонга имзо чекди. Шунингдек, Алиев 28 сентябрь куни қисман сафарбарлик эълон қилиш ҳақидаги ҳужжатни имзолади.
Ноябрь ойига келиб Озарбайжон Қуролли Кучлари Тоғли Қорабоғдаги муҳим ҳудудларни, жумладан, стратегик жиҳатдан аҳамиятли бўлган Шуша шаҳрини ўз назорати остига олди. Ушбу ҳарбий ҳаракатлар 2020 йилнинг 9 ноябрь куни Россия Президенти Владимир Путин, Озарбайжон раҳбари Илҳом Алиев ва Арманистон Бош вазири Никол Пашинян ўртасида имзоланган қўшма баёнот билан ўз якунига етди. Сулҳ битимига кўра, 10 ноябрь соат 00:00 дан бошлаб Қорабоғда ҳарбий ҳаракатлар бутунлай тўхтатилди, Арманистон Тоғли Қорабоғдаги 3 та ҳудудни Озарбайжонга қайтариш мажбуриятини олди.
Гавҳар оға қуйи масжиди
Гавҳар оға қуйи масжиди
Гавҳар оға қуйи масжиди
Гавҳар оға юқори масжиди
LiveБарчаси
Бухорода Ғиждувон деҳқон бозори ёнмоқда.
14 Декабрь