Пашинян Путин томон ошиқмоқда. Кремлда Қорабоғ муҳокама қилинади

Олам

image

Эртага, 12 октябрь куни Россия пойтахти Москвада мамлакат Президенти Владимир Путин Арманистон Бош вазири Николь Пашинян билан Тоғли Қорабоғ бўйича қабул қилинган уч томонлама (Озарбайжон, Россия, Арманистон) баёнотнинг бажарилишини муҳокама қилади. Бу ҳақда Кремль Матбуот хизмати маълум қилди.

“12 октябрь куни Москвада Россия Президенти Владимир Путин ва Арманистон Республикаси Бош вазири Николь Пашинян ўртасида музокаралар бўлиб ўтади. Музокара жараёнида Россия, Арманистон ва Озарбайжон раҳбарларининг Тоғли Қорабоғ бўйича ноябрь ойидаги баёнотлари ижросини кўриб чиқиш режалаштирилган” дейилади хабарда.

Шунингдек, эртанги музокарада Россия Президенти ҳамда Арманистон ҳукумати бошлиғи Евроосиё маконидаги икки томонлама алоқалар ва интеграцион уюшмалардаги ўзаро муносабатларни ривожлантиришнинг долзарб масалаларини муҳокама қилади.

Қорабоғ можароси

2020 йилнинг 27 сентябрь куни Озарбайжон ва Арманистон ўртасидаги Қорабоғ уруши қайта оловланди. 

Расмий Бакуга кўра, Арманистон Қуролли Кучлари 2020 йилнинг 27 сентябрь куни соат 06:00 дан бошлаб Озарбайжонга қарши кенг кўламли провокацияларни амалга оширди, бутун фронт бўйлаб Озарбайжон армиясининг позицияларини, шунингдек, олдинги чизиқ зонасида жойлашган аҳоли пунктларини ўққа тутди.

Арманистон ҳужум Озарбайжон қуролли кучлари томонидан бошланганини айтди. Озарбайжон эса қуролли тўқнашувга нисбатан жавоб ҳужумлари бошлаганини расман эълон қилиб, Арманистон чегарасидаги тинч аҳоли вакилларини чегара ҳудудларидан четга чиқишларини сўради.

Ҳолат бўйича Озарбайжон Республикаси Президенти Илҳом Алиев халққа мурожаат билан чиқиб, тўқнашув Озарбайжоннинг провокацияси эмаслигини айтди.

Никол Пашинян эса мамлакатда ҳарбий ҳолат ва умумий сафарбарлик эълон қилди.  Бунинг ортидан Илҳом Алиев мамлакатда ҳарбий ҳолат ва комендантлик соати эълон қилиш ҳақидаги фармонга имзо чекди. Шунингдек, Алиев 28 сентябрь куни қисман сафарбарлик эълон қилиш ҳақидаги ҳужжатни имзолади. 

Ноябрь ойига келиб Озарбайжон Қуролли Кучлари Тоғли Қорабоғдаги муҳим ҳудудларни, жумладан стратегик жиҳатдан аҳамиятли бўлган Шуша шаҳрини ўз назорати остига олди. Ушбу ҳарбий ҳаракатлар 2020 йилнинг 9 ноябрь куни Россия Федерацияси, Озарбайжон Республикаси Президентлари Владимир Путин, Илҳом Алиев ва Арманистон Бош вазири Никол Пашинян ўртасида имзоланган қўшма баёнот билан ўз якунига етди. Сулҳ битимига кўра, 10 ноябр соат 00:00 дан бошлаб Қорабоғда ҳарбий ҳаракатлар бутунлай тўхтатилди, Арманистон Тоғли Қорабоғдаги 3 та ҳудудни Озарбайжонга қайтариш мажбуриятини олди.


Мақола муаллифи

Теглар

Кремль Путин Пашинян Қорабоғ

Баҳолаганлар

69

Рейтинг

2.9

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг