Билиминг бир тийин. Ўзбекистон бу! – 2
Таҳлил
−
25 Июль
38667Коррупция билан қўлга тушаётган мансабдору ўқитувчилар, Темурбеклар мактаби битирувчилари сабаб жабр кўрган абитуриентлар, таълим сифатининг ёмонлиги сабаб куни ўқув марказларининг эшикларида ўтаётган ўқувчилар, жорий йилда эса юридик соҳада дастурдан ташқари берилган саволлар сабаб паст балл олган ёшлар. Бу рўйхатни ҳали узоқ давом эттириш мумкин. Ҳар йили шундай муаммолар билан ёшлар адолат истаб, QALAMPIR.UZ эшигини қоқиб келади. Бу сафарги қаҳрамонларимиз ҳам Билим ва малакаларни баҳолаш агентлиги (БМБА) “қурбонлари”.
Аслида юридик соҳага ҳужжат топширган абитуриентларнинг тест синовлари фақат 14 июль эмас, 15 санада ҳам бўлиб ўтган. Бир неча йилдан буён бу имтиҳонга тайёрланган абитуриентларнинг айтишича, саволлар тўлиқ тестга тайёрланиш учун берилган адабиётлардан тушмаган.
BMBA вакили эса QALAMPIR.UZ сўровига бошқачароқ жавоб берди. Унинг айтишича, барча саволлар ўқув дастури доирасида бўлган.
Аммо на мактабда ушбу дастур асосида ўқитилган ўқувчилар, на ўқитувчилар Зоҳид Шакаровнинг сўзларига қўшилмади. Бир неча мактаб дарсликлари ҳаммуаллифи, тестолог Баҳодир Маҳмудбоевнинг сўзларига кўра, Мактабгача ва мактаб таълими вазирлигининг биронта дастури ва ўқув режасида имтиҳонда қўлланилган кодекс ва санкциялар киритилмаган. Устига устак, ўқув дастурларнинг режалари китобдаги мавзулардан тузилган. Бу эса ўқув дастурлардаги маълумотлар мактаб дарсликларида тўлиқ акс этган дегани. Аммо имтиҳонда қўлланилган тест саволларидаги санкциялар на ўқув дастурида, на мактаб дарсликларида берилмаган.
Санкция бўлса санкцияда, шунга ота гўри қозихонами дерсиз. Бир жиҳатдан гапингиз ҳам тўғри, юрист бўламан деган одам санкция-ю кодексларни билмаса бўладими! Аммо Ўзбекистонда қанча кодексу қанча санкция борлигини сиз биласизми? Бу саволни адабиёт, иқтисод ёки бошқа фан ўқитувчиси ёки ҳуқуқ соҳасидан йироқда бўлганларга эмас, айнан бир неча йилдан буён адвокатлик қилаётганларга беряпман.
Интервью жараёнида яна бир жиҳат эътиборимизни тортди. Суҳбат қилганимизда абитуриентларнинг катта қисмига бир хил саволлар тушган. Худди шу саволлар иккита сменада ҳам такрорланган. Савол туғилади: БМБАнинг базасида бир фандан камида бир неча мингта тест бўлиши керак эмасми? Бу нафақат бошқа сменадаги, балки бир сменадаги ўқувчиларга ҳам бир хил тест тушиб қолиш эҳтимоли жуда кичик эканлигини билдиради. Аммо вазият бундай бўлмади. Тестларнинг тез-тез такрорлангани бу йил учун алоҳида камроқ тест тузилганми, деган тахминга олиб келади. Аммо бу нима учун керак? Баъзида одамлар орасида, тестлар аввалдан сотилиб, ўқувчиларга ёдлатилади, деган гаплар болалайди. Ҳолат шу гапларни эслатиб юборяпти. Камроқ тестни ёдлаш осонроқ бўлади. Бу, албатта, исботланмаган гаплар, ҳар ҳолда олган одам олдим, сотган одам эса сотдим демайди.
Шунингдек, шахси сир сақланишини истаган бир нечта одам “анъанага” айлангандек, саволлар сотилгани, имтиҳон бошланишидан аввал тармоқларда тарқатилганини иддао қилмоқда. Бу сўзлар қанчалик ҳақиқатга яқин ё йўқ, бизга қоронғи.
Эртага иш топа оладими-йўқми, ишончи комил бўлмаса ҳам биргина бакалавр дипломини олиш учун Ўзбекистонда ҳар йили миллионлаб болалар йиллар давомида қўшимча курсларга қатнайди. Биргина хато ечилган тест уларни контрактга тушириб қўйишини билган ҳолда ўқишнинг юки оғир. Оддийгина эшитилган 189 баллнинг ортида йиллаб уйқусиз тунлар, оғир меҳнат, ота-онанинг ишончи туради. Абитуриентлар ҳар йили камида 5-6 та дарсликни ёд олиши керак. Қайтариб айтамиз, ўқиб чиқиши эмас, ёд олиши керак! 10 ёки 15 та эмас, нақ 90 та тестни ўз билимингиз билан тўғри ечишни тасаввур қиляпсизми? Мана шу машаққатлар бугун бу ёшларни QALAMPIR.UZ’гача олиб келди.
Бугун Янги Ўзбекистон ёшлари аслида мактабда ўқитилиши керак бўлган билимларни пул ва вақт сарфлаб ўқув марказларида ўрганишга мажбур. Мактабнинг билими билан олий таълим муассасаларига, айниқса, нуфузли университетларга киришнинг имкони йўқ. Бу эса аҳолисининг катта қисми ўртача 3 миллион сўмлик ойликка кун кечирувчи мамлакат учун анча оғир кўрсаткич. Бир оилада 2-3 нафар абитуриент ўқитадиган ота-оналар бор. Битта курс нархи 500 минг сўмдан миллионларга қараб кетади. Битта ўқувчи эса нақ 5 та фандан имтиҳон топширади. Агар сертификат олиб қўяман, десангиз, унга ойлаб тайёрланиш ва имтиҳон топшириш ҳам пул туради. Масалан, энг оммалашган IELTS имтиҳонининг нархи 2 миллион сўмдан ортиқ. Ҳали йўлкира ҳақи, озиқ-овқат, китобларга сарфланадиган пуллар ҳам бор.
Бу ҳам ҳали ҳаммаси эмас, агентлик абитуриентларга ҳар бир фандан узундан узоқ ўқилиши керак бўлган дарсликлар рўйхатини беради. Тайёрланувчи уларнинг ҳар бирини ойлаб вақт сарфлаб ёд олади, чунки саволлар шу рўйхатдаги ҳар бир китобдан тузилади. Аммо тестолог Маҳмудбоев бу йил нақ 2 та китобдан биронта ҳам тест тушмаганини айтмоқда.
2024 йил “Ёшлар ва бизнесни қўллаб-қувватлаш” йили деб эълон қилинганди. Аммо ёшлар олган билими сабаб эшикма-эшик сарсон бўлар экан, йил номи ўзини оқламайди. Йиллаб умри, маблағи ва ота-онасининг ишончини ўртага тиккан ёшлар учун бу арзимаган баллар эмас. Ҳа, бу абитуриентлар келаси йил ҳам топшириши мумкин, аммо адолатга нисбатан ўлаётган ишончнинг синиши-чи?
Бугун QALAMPIR.UZ студиясига келган ёшлар ўз билимига ишонади. Улар адолат тикланишини сўрашяпти. Балки имтиҳонда тушган саволлар санкция ва кодекслардан тушмаганида, ҳозир оила аъзолари билан талаба бўлишганини нишонлашган бўлармиди. Агар адолат тикланмас, таълим тизими ўнгланмас экан, ёшлар мамлакатни ташлаб кетаверади. Ушбу муаммо масъулларга етиб боради, деб умид қиламиз!
LiveБарчаси