Коррупцияга қарши яхши ва ёмон курашган ташкилотлар рейтинги эълон қилинди
Жамият
−
08 Апрель
52762024 йилда “Навоий кон-металлургия комбинати” АЖ коррупцияга қарши курашда энг яхши натижа қайд этган бўлса, Агросаноатни ривожлантириш агентлиги бу борада энг ёмони бўлди. Бу ҳақда Коррупцияга қарши курашиш агентлиги томидан эълон қилинган “Коррупцияга қарши курашиш миллий кенгашининг кенгайтирилган йиғилишидаги Президент топшириқлари ижроси ҳамда 2024 йилдаги коррупцияга қарши курашиш ишлари самарадорлигини рейтинг баҳолаш натижалари”га оид ҳисоботда сўз боради.
Қайд этилишича, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2022 йил 12 январдаги “Коррупцияга қарши курашиш ишларининг самарадорлигини рейтинг баҳолаш тизимини жорий этиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарорига мувофиқ, бу йил 102 та давлат ташкилотининг 2024 йилдаги фаолияти 0 баллдан 100 баллгача рейтингда баҳолашдан ўтказилган. Шундан 13 та давлат ташкилоти илк маротаба, қолган 89 таси эса такроран баҳоланган.
Натижаларга кўра, 41 та ташкилот фаолияти самарадорлиги “яхши” – (81-100 балл), 53 та ташкилот “қониқарли” – (55-80 балл) ва 8 та ташкилот “қониқарсиз” – (55 баллдан паст) тоифага ажратилган.
Таҳлиллар кўрсатишича, бу йил рейтинг натижалари ўртача 73,8 баллни ташкил этиб, 2023 йилга нисбатан 4,9 баллга (95 та давлат ташкилотлари томонидан ўртача 68,9 баллни ташкил этган), 2022 йилга нисбатан эса 14,3 баллга (62 та давлат ташкилотлари томонидан 59,5 балл) яхшиланган.
Шунингдек, ижобий натижа қайд этган давлат ташкилотларида коррупциянинг олдини олишда самарали механизмларнинг жорий этилиши натижасида ўтган давр мобайнида коррупцияга оид жиноятлар сони камайишига эришилган.
Ички ишлар вазирлигининг маълумотларига кўра, ўтган йилга нисбатан Рақамли технологиялар вазирлиги тизимида коррупсиявий жиноятлар сони 71,4 фоизга, Сув хўжалиги вазирлиги тизимида 47,8 фоизга, ҳокимликларда 43,2 фоизга, тижорат банкларида 31,9 фоизга, Адлия вазирлиги тизимида 21,9 фоизга, Иқтисодиёт ва молия вазирлиги тизимида 8,3 фоизга камайган.
2023 йилги рейтинг баҳолашда “қониқарсиз” деб топилган 13 та давлат ташкилоти фаолиятида аниқланган камчиликларни бартараф этиш юзасидан агентлик билан ҳамкорликда амалга оширилган манзилли чора-тадбирлар натижасида уларнинг фаолиятида ҳам ижобий ўсиш кузатилган.
Жумладан, Ёшлар ишлари агентлиги – 85 балл (2023 йилда – 10 балл), “Ўзбекинвест” экспорт-импорт суғурта компанияси АЖ – 83 балл (28 балл), Олий таълим, фан ва инновациялар вазирлиги – 82 балл (50 балл), Маданий мерос агентлиги – 82 балл (22 балл), Сув хўжалиги объектлари хавфсизлигини ва сувдан фойдаланишни назорат қилиш инспекцияси – 78 балл (5 балл), Инвестициялар, саноат ва савдо вазирлиги – 72 балл (18 балл) билан ижобий натижа қайд этган.
Шунингдек, “Ўзбеккўмир” АЖ (48 балл) ўтган йили ижобий натижа (2023 йилда – 60 балл) қайд этган бўлса, жорий йилги рейтинг баҳолашда “қониқарсиз” тоифадан жой олган. Бундан ташқари, Агросаноатни ривожлантириш агентлиги фаолияти 9 балл билан (2023 йилда – 16 балл) кетма-кет икки йил давомида “қониқарсиз” деб баҳоланган.
“Қониқарсиз” тоифадаги 8 та ташкилотда коррупцияга оид превентив механизмларни қўллаш, шу жумладан, коррупцияга қарши тартиб-таомилларнинг самарадорлигини мониторинг ва назорат қилиш, ходимларнинг коррупцияга қарши курашиш бўйича билим ва кўникмаларини ошириш, аниқланган ва баҳоланган коррупсиявий хавф-хатарларни минималлаштириш бўйича чора-тадбирлар, ички назорат тузилмаси фаолиятини самарали ташкил этиш каби муҳим вазифаларнинг бажарилганлиги тўғрисидаги маълумотлар тақдим этилмаган.
“Қониқарли” деб топилган 53 та давлат ташкилоти фаолиятида ҳам айрим камчиликларга йўл қўйилган бўлиб, жумладан, коррупсиявий хавф-хатарларни камайтириш бўйича кўрилган чоралар, коррупцияга қарши тартиб-таомилларнинг самарадорлигини мониторинг ва назорат қилиш бўйича тадбирлар бажарилганлиги тўғрисидаги маълумотларни белгиланган тартибда тақдим этиш чоралари кўрилмаган.
“Яхши” деб топилган 41 та давлат ташкилоти фаолиятида биринчи раҳбарларнинг иродаси намоён қилиниб, коррупцияга қарши курашиш бўйича белгиланган чоралар тизимли равишда амалга оширилган.
Рейтинг баҳолаш тизимида энг юқори натижа “Навоий конь-металлургия комбинати” АЖ (96 балл), Тоғ-конь саноати ва геология вазирлиги (95 балл), Марказий банк (94 балл), Солиқ қўмитаси, (92 балл), “Ўзбекнефтгаз” ва “Uzbekiston Airports” АЖлари (92 балл), Рақамли технологиялар ва Камбағалликни қисқартириш ва бандлик вазирликлари (91 балл) томонидан қайд этилган.
Билдирилишича, баҳолаш якунлари бўйича “яхши” деб баҳоланган давлат ташкилотларининг коррупцияга қарши курашиш борасидаги ижобий тажрибаси оммалаштирилади. “Қониқарли” деб баҳоланган давлат ташкилотларига уларнинг коррупцияга қарши курашиш борасидаги фаолиятини янада яхшилаш бўйича тавсиялар берилади.
“Қониқарсиз” деб баҳоланган давлат ташкилотларида коррупцияга қарши курашишда аниқланган камчиликларни бартараф этиш ва уларнинг ушбу йўналишдаги фаолиятини яхшилашга қаратилган чора-тадбирлар дастури ишлаб чиқилади ва ижросини таъминлаш юзасидан тегишли раҳбарларнинг ҳисоботлари ҳар чоракда Ўзбекистон Республикасининг Коррупцияга қарши курашиш миллий кенгаши йиғилишларида эшитиб борилади.
Қайд этилишича, жорий йилнинг 5 март куни Коррупцияга қарши курашиш Миллий кенгашининг кенгайтирилган йиғилишида Президент томонидан “комплаенс назорат” тузилмалари ишини тубдан ўзгартириш, жумладан, 117 та вазирлик ва идорадаги назорат тузилмалари раҳбарларини лавозимидан озод этиб, уларнинг, ўрнига ҳалол, фидойи ва профессионал кадрларни тайинлаш, уларнинг олдига аниқ вазифалар қўйиш бўйича топшириқлар берилган.
Ҳозирги кунда вазирлик ва идоралардан 112 тасида коррупцияга қарши ички назорат тузилма раҳбарлари эгаллаб турган лавозимидан озод этилган, 5 тасида топшириқ ижросини таъминлаш чоралари кўрилмоқда.
Ички назорат тузилмалари раҳбарлари лавозимларини 20 апрелга қадар очиқ танлов тўлдириш юзасидан вазирлик ва идораларга Агентликнинг топшириқ хати юборилган.
LiveБарчаси
Пезешкиён Озарбайжонга етиб борди.
28 Апрель