Афғонистондан эвакуация қилинаётганлар қанча вақт Тошкентда қолади?

Интервью

Жорий йилнинг 15 августида “Толибон” ҳаракати Aфғонистонда ҳокимиятни қўлга олиши ортидан қатор давлатлар Қобулдаги дипломатлари ва ўзига ёрдам берган афғонларни эвакуация қилишни бошлади. Ўзбекистон бу борада Германияга ёрдам қўлини чўзди.

Қайд этиш керакки, Шавкат Мирзиёевнинг Германия Президенти Франк-Вальтер Штайнмайер билан телефон орқали мулоқотида расмий Берлин Афғонистон ва Европа Иттифоқи фуқароларини эвакуация қилишда Тошкент аэропортидан транзит сифатида фойдаланишда давом этиши мумкинлиги юзасидан келишувга эришилганди. Бундан ташқари, Германия канцлери Ангела Меркель ҳам ушбу масала юзасидан Ўзбекистон Президенти билан телефон орқали мулоқот қилган.

Юқоридаги икки томонлама келишув натижаси ўлароқ кеча, 19 август куни Тошкент-3 маҳаллий аэропортига навбатдаги Қобул – Тошкент йўналишидаги эвакуацион рейс келиб қўнди. QALAMPIR.UZ Тошкент аэропортида бўлиб, эвакуация жараёнига гувоҳлик қилди. Бироқ, Германия томонининг талабига кўра, тасвирга олишга рухсат берилмади.

Қобулдан келиб қўнган ҳарбий самолёт бортида Германия фуқаролари ва aфғонистонлик қочқинлар ҳам борлиги айтилмоқда. Бироқ, хавфсизлик нуқтаи назаридан Тошкентга эвакуция қилинганларнинг сони ва қайси давлат фуқароси экани очиқланмади.

Транзит ҳудудида бўлган QALAMPIR.UZ мухбири Ўзбекистон Транспорт вазирлиги Аэропортларни ривожлантириш ва ер усти таъминоти бошқармаси бошлиғи Жасур Пўлатовдан Германия фуқаролари ва афғон қочқинлари Ўзбекистонда неча кун қолиши, уларга қандай шароитлар яратилгани ва аэропортда лагер ташкил қилингани ҳақидаги саволларга жавоб олди.

Жасур Пўлатов, Транспорт вазирлиги масъули: — Вазиятни ўзингиз кўриб турибсиз. Эвакуация қилинаётганларнинг барчаси Афғонистон фуқароларидир. Улар транзит равишда Ўзбекистон орқали олиб кетилмоқда. Уларнинг охирги манзиллари Германия Республикаси бўлади. Ҳеч қандай казармалар ва қочқинлар истиқомат қилиши учун лагер қуриб бермадик.

Ф.Н.: — Қочқинлар учун шароитлар яратилганини кўрдик. Ўзбекистон транзит вазифасини бажариш билан бирга яна қандай жараёнларда қатнашяпти?

Ж.П.: — Германия ва Ўзбекистон ўртасидаги узоқ муддатли муносабатлар ва мулоқотнинг оғир кечганини инобатга олган ҳолда, Германия Республикаси ва Ўзбекистон Республикаси ҳукумати орасида Aфғонистондаги кескин вазиятни ҳамда Ўзбекистоннинг жуғрофик жиҳатдан қулай жойлашганини инобатга олиб, ҳозирги кунда Германия сўрови ҳамда уларнинг Ўзбекистондаги элчихонаси билан биргаликда транзит равишда мамлакат ҳудудига Aфғонистондан олиб келинаётган фуқаролар Германияга етказиб қўйилмоқда. Бу жараён қўшни давлатдаги шароитнинг кескин равишда ўзгараётгани сабабли, барча қулайликлар шароитлар Тошкент-3 аэропортининг ички ҳудудида амалга оширилмоқда.

Ф.Н.: — Демак, фуқаролар терминал-3 ҳудудидан ташқарига чиқарилмайди. Уларнинг Германияга учиб кетишлари қанча вақтда амалга оширилади?

Ж.П.: — Aлбатта, ҳозирги кунда Ўзбекистон ва Германия ўртасида парвозлар сони камлигини инобатга олган ҳолда, барча фуқаролар чартер рейслар орқали “Ўзбекистон ҳаво йўллари” авиакомпанияси ва Германиянинг Lufthansa авиакомпаниясидан фойдаланган ҳолда Ўзбекистондан Германияга олиб борилади. Ўзбекистон ҳудудига кириб келган чет эл, Европа, Афғонистон қўйингки, исталган давлат фуқаролари ҳам максимал даражада 6 соатдан ошмаган ҳолда Ўзбекистон ҳудудида бўлиши Германия билан келишиб олинган. Ҳарбий самолётда келган ҳар бир фуқаро учун барча тайёргарликлар амалга оширилиб, йўловчиларга белгиланган тартибда хизмат кўрсатилмоқда ва Ўзбекистон ҳудудидан чиқиб кетишлари таъминланяпти.

Ф.Н.: — Тошкент-3 aэропорти ходимлари сони озчиликни ташкил этиб, асосан Германия ҳарбийлари хизмат кўрсатмоқда. Маълум бир сабабларга кўра, тасвирга олишга рухсат берилмади. Чартер рейс орқали олиб келинган фуқароларни элтиб қўйишга Ўзбекистон вакиллари ҳам ёрдам берадими ёки фақат Германия ҳарбийларими?

Ж.П.: — Юртимизга учиб келган фуқароларга биринчи ўринда аэропорт ходимлари томонидан хизмат кўрсатилади. Ушбу хизматлар кўлами жуда кенг. Яъни уларнинг юкларини элтиб қўйиш, вақт ўтиши билан ичимликлар ва иссиқ овқатлар билан таъминлаш масалалари кўзда тутилган.

Маълум қилинишича, ҳарбий самолётда келганларнинг барчаси учун иссиқ жой ва таомлар ҳозирланган.

Маълумки, бутун дунёда коронавирус пандемияси давом этмоқда. Афғонистондан эвакуация қилинаётган шахслар эса Ўзбекистонга келгач, аэропортнинг ўзида экспресс-тест топширадилар. Йўловчилардан бирортасида COVID-19 га чалиниш ҳолатлари кузатилган тақдирда, улар Ўзбекистонда қолмайди. Аксинча, ўша самолётнинг ўзида бошқа йўловчиларнинг саломатлигига хавф туғдирмай, изоляция қилинган ҳолатда манзилга олиб кетилиши таъминланади.

 

Мақола муаллифи

Теглар

Афғонистон Германия Толибон Тошкент-3 маҳаллий аэропорти

Баҳолаганлар

244

Рейтинг

3.1

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг