ДТМ раҳбари Тўрақўрғонга сафари ортидан тарқалган миш-мишларга изоҳ берди (видео)
Жамият
−
24 Июнь 2021
12239Ижтимоий тармоқларда Давлат тест маркази директори Мажид Каримов Наманган вилояти Тўрақўрғон туманидаги мактабда очилган ўқув марказига боргани, шундан сўнг ўша ерда миллий тест тизими саволлари тарқалиб кетгани ҳақида хабарлар тарқалди.
Бу ижтимоий тармоқ фойдаланувчилари, айниқса, ОТМга кириш учун тайёрланаётган абитуриентларнинг норозилигини келтириб чиқарди. QALAMPIR.UZ ДТМ раҳбарининг Тўрақўрғонга борганидан кейин тарқалган хабарлар юзасидан Мажид Каримовнинг ўзидан изоҳ олди.
Каримовнинг сўзларига кўра, Наманган вилоятининг Тўрақўрғон туманига режа асосида борилган. У мактабда ўқув маркази борлигидан ҳам бехабар бўлган.
“Мен борганимда у ерда ўқув маркази бор-йўқлигини ҳам билмаганман. Биз ҳудудий вакиллар тавсия қилган туманларга борамиз. Мактабларнинг кўрсаткичлари бўйича қандайдир ёрдам ёки маслаҳат керак бўлган ҳолларда бориб суҳбатлашилади. Бу ишларни эса маҳалла иштирокида ўтказилиши тўғрисида топшириқ ҳам бўлган. Ижтимоий тармоқларда тарқалган хабардаги йигит, ижарада ўтирган ўқув марказининг раҳбари экан. У мактабга тайинланган ҳудудий вакиллар билан борганмиз. Aлоҳида айтаман, Наманганда нафақат Тўрақўрғон балки бошқа туманларда ҳам бўлганман. Республика миқёсида юрганда камида 7-8 та мактаблар билан учрашамиз”, дейди Каримов.
ДТМ раҳбари муҳокамага сабаб бўлганига тўхталиб, ижтимоий тармоқларда турли хабарлар тарқатаётган блогерларнинг қўлида далили йўқлигини урғулади. Хусусан, Каримов шундай деди:
“Жараённи ёритадиган мухбирлар кўп. Мухбирлар тадбирни расмга олишаркан, уларга қаршилик қилолмаймиз. Ижтимоий тармоқдаги ёш мухбир ва блогерлар кўп гапиришади, факт йўқда. Ҳушнудбек (Хушнудбек Худойбердиев – таҳр.) деган блогеримиз расмий ишда ишлаяптилар, айнан шу масала юзасидан мулоқот ўтказдилар. Шу мулоқот давомида 400 тага яқин мурожаат бўлган. Факт сўралганда эса биронтаси жавоб беролмаган. Ҳаммамиз адолатсизликни ёқтирмаймиз, лекин уни сезганда ҳам асосий факт беринглар. Aниқ факт бизга ҳам керак. Не не ҳаракат билан, уч тўрт йил аввал бўлган салбий ҳаракатларни йўқ қилдик. Бугунга келиб, бу каби ишларни қилиш мантиққа тўғри келадими? Бу хабарни тарқатган блогерни номини биласизми? Номидан ҳам хулоса қилаверинглар. Шу одам мард бўлса келсин, факт кўрсатсин, марҳамат. Фактни ҳам менга эмас, ҳуқуқ-тартибот идораларига берсин”, дейди Мажид Каримов.
Аввалроқ, Мажид Каримов умумтаълим фанлар бўйича миллий тест тизими саволлари тарқалиб кетганига муносабат билдириб, ҳолат бўйича текширувлар олиб борилаётганини маълум қилганди.
LiveБарчаси