Метро ва автобусларда тақиш “мажбурий бўлган” қўлқоп учун 268 млн сўм сарфланган
Жамият
−
24 Март 2021
5054Хабарингиз бор, ўтган йил 19 октябрдан аҳоли орасида коронавирус инфекцияси тарқалишининг олдини олиш мақсадида Тошкент шаҳар жамоат транспорти (автобус, метро, йўналишли такси) хизматидан фойдаланганда йўловчиларнинг тиббий ниқоб билан бирга қўлқопда ҳам бўлиши мажбурий этиб белгиланганди.
Aммо метрополитенда ҳам, автобусларда ҳам мажбурий этиб белгиланган қўлқопда бўлиш талабини ҳеч ким назорат қилмади. Аксар чиптачилар автобусга ниқобсиз чиққан йўловчиларга нисбатан ниқоб тақиб олишини айтиб огоҳлантирмай ҳам қўйди. Жамоат транспортида ниқобда юрганларни топса бўлардию аммо қўлқоп таққанларни топиш “игна билан қудуқ қазиш”га тенг эди.
Жамоат транспортларида йўловчиларга бир марталик қўлқоплар берилмасада улар учун бюджетдан маблағ ажратиш давом этди. Қизиқ, шу вақтга қадар бир мартталик қўлқоплар учун қанча маблағ сарфланган?
Aйни шу саволлар билан “Тошшаҳартрансхизмат” АЖ Матбуот хизмати раҳбари Aзимжон Маҳамаджоновга мурожаат қилдик.
Унинг маълум қилишича октябрь ойидан то бугунги кунга қадар 8 600 000 дона қўлқоп харид қилинган. Қўлқоп харид қилиш учун “Poliplast Dizayn” МЧЖга 268 790 000 сўм ўтказиб берилган. Энг сўнгги харид эса 14 январь куни амалга оширилган. Захирадаги қўлқоплар 15 февралда тугаган. Бугунги кунда Тошкентда коронавирус тарқалиши билан боғлиқ вазият жиддийлашгани сабабли яна қўлқопларга буюртма берилган ва харид амалга оширилади.
Феруза Нажмиддинова, журналист: — Мажбурий этиб белгиланган қўлқоплар захираси 15 февралда тугаган бўлса, демажк шу вақтга қадар транспорт воситаларида йўловчилар учун қўлқоплар берилмаган. Унда мажбурийлик қаерда қолади?
Aзимжон Маҳамаджонов , “Тошшаҳартрансхизмат” АЖ Матбуот хизмати раҳбари: — Сиз айтаётган чора мажбурий этиб белгиланмаган. Жамоат транспортларида бир марталик қўлқопларни тақиш тавсия сифатида айтилганди. Қўлқоп нафақат COVID-19 вирусидан балки бошқа мавсумий инфекцияларни олдини олиш учун ҳам тавсия этилган. Карантин юмшатилгани шу билан бирга коронавирус инфекцияси камайгани ҳисобига бир муддат харид қилиш тўхтатилганди.
Ф.Н.: — Транспорт воситаларида ҳаракатланадиган йўловчиларнинг ниқобда бўлиши ва қўлқопларни тақишларини ким қандай назорат қилди?
A.М.: — Бўлим бошлиқлари томонидан ҳар бир йўналишга бириктирилган раҳбарларга доимий назорат олиб бориш кераклиги, карантин қоидаларига ҳар бир ходим қатъий бўйсуниши кераклиги эслатилади. Ҳисобот сифатида ниқоб ва қўлқопда юрган йўловчилар суратга олинади. Aгар қайсидир “шофёр” ёки чиптачи ниқобсиз экани ҳолати кузатилса, албатта, қатъий чора кўрилади. Қоида бузиш ҳолати такрорланган тақдирда, улар билан тузилган меҳнат шартномаси бекор қилиниши ҳам назарда тутилган. “Шофёр”лар орасида қоидаларга риоя қилмаганлари ва йўловчиларга ниқоб ва қўлқоп ҳақида огоҳлантирмайдиганлари ҳам топилади. Уларни ҳар бири билан алоҳида тушунтириш ишлари олиб борилади.
Ф.Н.: — 19 октябрдан бугунги кунга қадар ажратилган бир марталик қўлқопларни бошқа мақсадларда сарфлаган ходимлар учрадими?
A.М.: — Йўқ. ўз йўналиши бўйича чиқиб кетаётган “шофёр”га икки пачкадан бир марталик қўлқоплар берилади, шу билан бирга йўналиш жараёнида қўлқоплар қолмаган вақтларида диспетчерлик ҳизматларидан яна қўшимча олишлари мумкин бўлади. Шу кунга қадар қўлқопларни бошқа мақсадларда ишлатган чиптачи ёки кондукторлар учрамади.
“Тошшаҳартрансхизмат” АЖ вакили қўлқоп тақиш тартиби мажбурий эмас, ихтиёрий эканини айтмоқда. Аммо Транспорт вазирлиги ўз вақтида бу қатъий талаб эканини эълон қилган. Энг ёмони на автобус, на метрода йўловчилар қўлқоп тақмаган бўлса, 268 млн 790 минг сўм қаерга кетди?
Яна бир масала борки, коронавирус тарқалиши тезлашган бир вақтда айтмай кетса бўлмас. Тошкент метрополитенида линиялар кесишган станциялардаги ўтиш жойларида эскалаторлар 3 та бўлса ҳам доим 2 таси ишлаб туради. Одамлар кўпайиб, тиқилинч юзага келганда ҳам учинчи эскалатор ишга туширилмайди. Бу ҳолат ҳам коронавирус тарқалишига ўз таъсирини ўтказмай қолмаса керак.
LiveБарчаси