Ўзбекистонда коронавирусдан даволанганлар 4 нафарга кўпайди
Жамият
−
14 Апрель 2020
6610Бугун, 14 апрель куни Бухоро вилояти юқумли касалликлар шифохонасидан яна 4 нафар бемор фидойи ва жонкуяр шифокорлар саъй-ҳаракати туфайли бутунлай соғайди. Улар вилоят соғлиқни сақлаш бошқармаси масъуллари иштирокида реабилитацияга кузатилди. Аввал Бухоро вилоятидан 4 нафар коронавирусга чалинган бемор тузалганини хабар қилган эдик.
Соғайганлардан (барчаси эркак) уч нафари (икки нафари Тошкент шаҳридан, бир нафари самарқандлик) чартер рейс орқали Туркиядан Бухорога келишган. Яна бир нафари эса қашқадарёлик бўлиб, чартер рейс орқали Россиядан Бухорога келган. Барчаси карантинда бўлишган ва коронавирус инфекцияси аниқлангач, вилоят юқумли касалликлар шифохонасида даволанишни бошлашган.
Беморларнинг тузалишларида, аввало, ушбу шифохона тиббиёт ходимларнинг даволаш муолажаларини халқаро стандартлар асосида, тўғри йўлга қўйганлари, шунингдек, пульмонология, кардиология, терапия, эндокринология каби ихтисослашган соҳа мутахассислари билан телемулоқот ўрнатгани қўл келаётир. Айни лаҳзада тузалган беморларнинг қувончи чексиз. Уларнинг табассуми, миннатдорли сўзлари заҳматкаш тиббиёт ходимларининг меҳнатига энг юксак баҳодир.
Айни пайтга қадар мамлакат бўйлаб коронавирус инфекциясидан соғайганлар 89 нафарга етди.
Эслатиб ўтамиз, Ўзбекистонда коронавирусни юқтириб олиш билан боғлиқ илк ҳолат жорий йилнинг 15 март куни қайд этилган эди. Айни вақтгача коронавирусга чалинганлар сони 1054 нафарга етди. Бугунгача касалланганларнинг 4 нафари вафот этган.
Қадрли юртдошлар, карантин даврида зарурат бўлмаса, кўчага чиқманг. Вақтни оилангиз, фарзандларингиз даврасида ўтказинг. Унутманг, #UydaHayotBor
LiveБарчаси