Афғонистон томонидан Ўзбекистонга хавф пайдо бўлишига йўл қўймаймиз – “Толибон”
Интервью
−
14 Сентябрь 2020
23388Аввал хабар берганимиздек, жорий йилнинг 12 сентябрь куни Қатар пойтахти Доҳада Афғонистон Ислом Республикаси Ҳукумати ва “Толибон” ҳаракати ўртасида музокаралар бошланди. Бу Афғонистонда тинчлик ва осуда ҳаёт учун қўйилган яна бир улкан қадам, дейиш мумкин. Ўзбекистон 40 йилдан зиёд вақт давомида Афғонистонда давом этаётган уруш, нотинчлик ва ўзаро муаммоларни афғон халқининг ўзи ўз иродаси билан ҳал этиши тарафдори.
Ўтган йилларда Президент Шавкат Мирзиёевнинг сиёсий иродаси, яқин қўшничилик алоқаларини мустаҳкамлаш, қўшнинг тинч – сен тинч деган азалий қадриятга асосланган ислоҳотлари натижасида афғон муаммосини ҳал этишда олдинга силжиш кузатилди. Бунинг самарасини жорий йилнинг 29 февраль куни Қатарнинг Доҳа шаҳрида Америка Қўшма Штатлари ва "Толибон" ҳаракати ўртасида тинчлик сулҳи имзоланганида ҳам кўриш мумкин. Сулҳга кўра, АҚШ 19 йил деганда ўз ҳарбий кучларини афғон диёридан олиб чиқиб кетиши, “Толибон” ҳам қуролли ҳаракатларни тўхтатиши белгиланди.
12 сентябрь куни Доҳада бўлиб ўтган музокаралар афғон халқининг ва ниҳоят тинч ва фаровон ҳаётга қовушишидан далолат. “Толибон” ҳаракатининг Қатардаги сиёсий ваколатхонаси раҳбари Мулла Абдулғани Биродар ўзбекистонлик журналистлар билан суҳбатлашиб, Афғонистонда тинчлик ўрнатиш ва мамлакат иқтисодиётини тиклаш борасида расмий Тошкентнинг фаоллигини алоҳида эътироф этди.
“Ўзбекистон ўз ташқи сиёсатида Афғонистонда тинчлик ўрнатишга устувор масала сифатида қарашини яхши биламиз. Шу йилнинг февраль ойида ҳам Ўзбекистон Ташқи ишлар вазири билан афғон муаммосини ижобий ҳал этиш бўйича фикр алмашгандик. Тинчлик музокаралари доирасида Ўзбекистонда ҳам ташриф билан бўлганмиз ва қатор юзма-юз мулоқотларда қатнашганмиз. Шу ўринда Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёевнинг афғон заминида тинчлик ва барқарорлик ҳукм суриши учун доимий равишда олиб бораётган саъй-ҳаракатларини юқори баҳолаймиз. Жаноб Мирзиёевнинг тинчликни таъминлаш борасидаги кўрсатмалари, йўналишлари биз учун қадрли.
Чунки расмий Тошкент бу ташаббуси билан нафақат Афғонистон ёки Ўзбекистон, балки бутун Марказий Осиё халқларига тинчлик ва осуда ҳаётни таъминлашни мақсад қилганини яхши биламиз. Бугун Ўзбекистон томони Афғонистонни қайта тиклаш ишларида ҳам фаол. Маълумки, бугунги кунда Ўзбекистон ташаббуси билан Афғонистонда амалга оширилаётган Мозори Шариф – Кобул – Пешавор йўналиши бўйича темир йўл, Сурхон – Пули-Хумри электр узатиш линияси каби йирик лойиҳалар таҳсинга лойиқ. Бу хайрли ишлар Афғонистон учун жуда муҳим ва бу афғон иқтисодиётини кўтаришга муҳим туртки бўлишига ишонамиз.
Ушбу лойиҳаларни ҳаётга тадбиқ этиш учун Ўзбекистонлик кўплаб мутахассислар Афғонистонда фаолият юритади. Уларнинг хавфсизлигини таъминлаш ҳам муҳим масала. Бу жиҳатни эътибордан четда қолдирмаган ҳолда, асосий диққатни шунга қаратамиз”, дейди “Толибон” расмийси.
Жорий йилнинг февраль ойида Доҳада имзоланган сулҳ асосида афғонлараро музокаралар бошлангунга қадар Кобул қамоқхоналарида сақланаётган 5000 га яқин толиблар ва радикаллар томонидан ушлаб турилган 1000 га яқин тинч аҳоли вакиллари озод қилиниши шарт эди. Ўзаро шартлар бажарилди. “Толибон” расмийси сўзида давом этаркан, ташкилот тинчлик тарафдори эканини урғуйлайди.
“Хабарингиз бор, бундан бир неча ой муқаддам Доҳада “Толибон” ҳаракати ва АҚШ ўртасида тинчлик шартномаси имзоланди. Шу қадамларнинг ўзиёқ “Толибон” тинчлик тарафдори эканини кўрсатади. Биз келишув шартларини бажарамиз, албатта. Шу нуқтайи назардан айтишим мумкинки, келгусида Афғонистон томонидан Ўзбекистон ёки Марказий Осиёдаги бошқа мамлакатларга хавф, таҳдид пайдо бўлишига йўл қўймаймиз. Ишончим комилки, Ўзбекистон билан қўшничилик алоқалари янада мустаҳкамланади. Илиқ ва самимий муносабатлар ҳар икки мамлакат барқарорлиги учун хизмат қилади.
Яна шуни алоҳида қайд этмоқчиманки, келгусида афғон заминида радикал кайфиятдаги гуруҳ ва ташкилотлар, терорчилик гуруҳлари бўлишига йўл қўйилмайди. Тилнчлик келишувида нафақат “Толибон”, балки Америка томонининг ҳам мажбуриятлари бор. Унга кўра, расмий Вашингтон Афғонистондан ўз ҳарбий қўшинларини олиб чиқиб кетади. Ҳарбийлар мамакатни тарк этгач, биз Афғонистонни осудалик, тинчлик уйига айлантирамиз. Мамлакатда барқарорлик ҳукм суришига эришамиз.
Сир эмас, сўнгги йилларда Афғонистонда ҳарбий ҳаракатлар туфайли вайронагарчиликлар кузатилди, афғон халқининг ҳаёти издан чиқди. Ана шу уруш талафотларини бартараф этишда қўшни мамлакатлар, хусусан Марказий Осиёнинг йирик мамлакатларидан бири ҳисобланган Ўзбекистон томони яқиндан ёрдам бераётганини қадрлаймиз”, дейди Мулла Абдулғани Биродар.
LiveБарчаси
Путин халқига мурожаат қилди.
21 Ноябрь