2021 йилдан ўқитувчилар учун мажбурий касбий сертификатлаш тартиби жорий этилади
Жамият
−
06 Май 2020
9926Норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳалари порталида Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Халқ таълими ходимларини узлуксиз касбий ривожлантириш тизими тўғрисида”ги қарори лойиҳаси жойлаштирилди.
Қарор билан қуйидагилар халқ таълими муассасаларининг раҳбар, ўқитувчи, методист, психолог, дефектолог ва кутубхоначи ходимларини қайта тайёрлаш ва уларнинг малакасини оширишга асосланган узлуксиз касбий ривожлантириш тизимини тубдан такомиллаштиришнинг асосий йўналишлари этиб белгиланади:
халқ таълими ходимларини узлуксиз касбий ривожлантиришнинг эҳтиёжларга асосланган самарали миллий тизимини жорий этиш ва такомиллаштириш;
халқ таълими ходимларида илғор педагогика ва инновацион технологияларни эгаллаш ҳамда уларни мактаблардаги ўқув жараёнига самарали татбиқ этиш кўникмаларини ривожлантириш;
халқ таълими ходимларининг ўз касбий маҳорати ва педагогик фаолияти самарадорлигини мунтазам ошириб боришини қўллаб-қувватлаш;
қайта тайёрлаш ва малака ошириш таълим муассасаларидаги ўқув жараёнига чет эллик мутахассисларни жалб қилиш, халқ таълими ходимларининг ривожланган мамлакатлар таълим ва илмий-тадқиқот муассасаларида малака ошириши, докторантура ва стажировка ўташларини ташкил этиш;
халқ таълими муассасалари раҳбарлари – таълим соҳаси менежерлари ва ўқитувчилар касбий компетенциялари савиясини белгилашнинг миллий стандартлари тизимини амалиётга жорий этиш;
қайта тайёрлаш ва малака оширишнинг замонавий технологияларини қўллаган ҳолда халқ таълими муассасалари раҳбар лавозимларига юқори малакали кадрлар захирасини шакллантириш;
халқ таълими муассасалари раҳбар ва ўқитувчиларини танлаш, ишга қабул қилиш ҳамда узлуксиз касбий ўстиришнинг сертификатлашга асосланган шаффоф ташкилий-ҳуқуқий механизмини жорий этиш;
қайта тайёрлаш ва малака ошириш таълим муассасаларида илмий-тадқиқот ишларини ривожлантириш, самарадорлигини ошириш, уларга иқтидорли ёш педагогларни жалб қилиш ҳамда тадқиқот натижаларини амалиётга кенг жорий этиш;
қайта тайёрлаш ва малака ошириш таълим муассасалари профессор-ўқитувчиларининг турли инновацион, амалий ва фундаментал тадқиқотлар лойиҳалари танловларида қатнашишларини йўлга қўйиш;
соҳага инвестицияларни кенг жалб қилиш ва шартнома асосида хизматлар кўрсатиш кўламини кенгайтириш.
Ўзбекистон Республикаси Халқ таълими вазирлигининг:
А.Авлоний номидаги Халқ таълими тизими раҳбар ва мутахассис ходимларини қайта тайёрлаш ва малакасини ошириш институти негизида Абдулла Авлоний номидаги Халқ таълими вазирлиги академиясини ташкил этиш;
Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳар халқ таълими ходимларини қайта тайёрлаш ва уларнинг малакасини ошириш ҳудудий марказлари негизида Педагогик маҳорат институтларини ташкил этиш;
халқ таълими ходимлари томонидан ўқув-семинарлар, тренинглар ва конференцияларда фаол иштирок этиш орқали муқобил шаклларни назарда тутувчи малака оширишнинг кредит-модуль тизимини босқичма-босқич жорий этиш;
халқ таълими ходимларини қайта тайёрлаш ва уларнинг малакасини ошириш бўйича ҳудудий марказлар тузилмасидаги методик хизмат бўлимларини ҳамда Қорақалпоғистон Республикаси Халқ таълими вазирлиги, Тошкент шаҳар халқ таълими бош бошқармаси ва вилоятлар халқ таълими бошқармалари ҳузуридаги туманлараро умумтаълим муассасаларини методик таъминлаш марказларини тугатган ҳолда Қорақалпоғистон Республикаси Халқ таълими вазирлиги, Тошкент шаҳар халқ таълими бош бошқармаси ва вилоятлар халқ таълими бошқармаларининг менторлик хизмати бўлимларини, шунингдек, туман (шаҳар) халқ таълими бўлимларининг менторлик хизмати шўъбаларини ташкил этиш;
Халқ таълими вазирлиги тасарруфидаги Республика таълим маркази ва Қорақалпоғистон Республикаси Халқ таълими вазирлиги ҳузуридаги Республика ўқув-методика марказининг “методист”, Қорақалпоғистон Республикаси Халқ таълими вазирлиги, Тошкент шаҳар халқ таълими бош бошқармаси ва вилоятлар халқ таълими бошқармалари, шунингдек, туман (шаҳар) халқ таълими бўлимларининг “умумтаълим фанлари бўйича методист” лавозимлари ўрнига “ментор” (устоз, мураббий) лавозимини жорий этиш таклифларига розилик берилади.
Қуйидагилар Академиянинг асосий вазифалари этиб белгиланади:
халқ таълими ходимларининг касбий ва бошқарув компетенциялари, илғор педагогик ва ахборот-коммуникация технологиялардан фойдаланиш, тадқиқотчилик ва мустақил фикрлаш кўникмаларини ривожлантириш;
қайта тайёрлаш ва малака оширишнинг самарали шаклларини (масофадан, аралаш, якка тартибда ўқитиш ва бошқалар) жорий этишнинг илмий-методик ва ташкилий-методик асосларини ишлаб чиқиш;
халқ таълими соҳасини ривожлантириш, шу жумладан халқ таълими ходимларини қайта тайёрлаш ва малакасини ошириш тизимини такомиллаштириш бўйича назарий ва амалий тадқиқотларни олиб бориш;
халқ таълими ходимларини қайта тайёрлаш ва малака ошириш жараёнларига истиқболли таълим технологияларини жорий этиш;
электрон-рақамли таълим муҳитини жорий этиш орқали тингловчиларга эҳтиёжларга асосланган малака ошириш имкониятини тақдим этиш;
халқ таълими ходимларининг базавий олий таълимдан кейинги таълими узвийлиги ва узлуксизлигини таъминлаш, педагогика соҳасининг турли йўналишлари бўйича олий малакали мутахассисларни (PhD ва DSc) тайёрлаш;
интилувчан, ишчан ва истиқболли ёш ходимларнинг менежерлик кўникмаларини ривожлантириш орқали халқ таълими муассасалари раҳбар лавозимларига юқори малакали кадрлар захирасини шакллантириш ҳамда вакант лавозимларга тавсия этиш.
Қуйидагилар Педагогик маҳорат институтларининг асосий вазифалари этиб белгиланади:
халқ таълими ходимларини қайта тайёрлаш ва малакасини оширишни ўқитишнинг илғор шакл ва усулларини, масофадан ўқитишни ва мустақил таълим олишни қўллаб-қувватловчи техника ва рақамли технологияларни кенг жорий этган ҳолда ташкил этиш;
халқ таълими ходимларини қайта тайёрлаш ва малакасини ошириш бўйича таълим дастурларини такомиллаштириш юзасидан ўқув-методик ишларни олиб бориш;
ўқув-тарбия жараёнининг амалиёт билан ўзаро самарали ҳамкорлигини таъминлаш, таянч мактабларда ўқитувчиларнинг узлуксиз малака ошириш ўқувларини ташкил этиш;
халқ таълими ходимларининг ўқув-методик ишларни олиб бориш кўникмаларини ривожлантириш.
Менторлик хизмати бўлимлари бошлиқлари, шўъба мудирлари ва менторларнинг иш ҳақи миқдори 2021 йил 1 январдан бошлаб олий тоифали ўқитувчининг базавий тариф ставкаси миқдорига нисбатан қуйидагича нисбатда:
республика даражасидаги – 1,3 бараварга;
вилоят даражасидаги – 1,2 бараварга;
туман (шаҳар) даражасидаги – 1,1 бараваргача ошириш белгиланади.
2021 йил 1 январдан бошлаб босқичма-босқич умумий ўрта таълим муассасалари раҳбарлари учун даврийлиги 3 йилдан ва ўқитувчилар учун даврийлиги 5 йилдан иборат мажбурий касбий сертификатлаш тартиби жорий этилади.
Раҳбар ва ўқитувчи ходимларни касбий сертификатлаш ва иккинчи малака тоифасини бериш жараёнини навбатдаги малака ошириши билан уйғунлаштирилган ҳолда унинг натижаларига кўра амалга ошириш механизми йўлга қўйилади.
Белгилаб қўйилишича:
касбий сертификатлаш мазкур соҳадаги илғор хорижий тажрибалар асосида Халқ таълими вазирлиги томонидан амалга оширилади;
малака ошириш якуни натижаларига кўра раҳбар ва педагог ходимлар учун касбий сертификатлаш ҳамда тегишли малака тоифаси синови ўтказилади ҳамда мазкур синов натижаларига мувофиқ ходимга касбий сертификат ва тегишли малака тоифаси берилади;
касбий сертификатлашга малака тоифасига эга бўлмаган ҳамда иккинчи малака тоифасига эга ўқитувчилар жалб қилинади;
педагогика йўналишидаги олий таълим муассасалари битирувчилари педагогик фаолиятни бошлаганларидан 1 йилдан кейин касбий сертификатлашга жалб қилинади;
малака тоифасига эга бўлмаган олий маълумотли ўқитувчи касбий сертификат олганидан сўнг унинг меҳнатига ҳақ тўлаш шартлари иккинчи малака тоифасига эга ўқитувчиларга тенглаштирилади;
касбий сертификатлаш ва малака синовларида қатнашиш учун талабгорлардан базавий ҳисоблаш миқдорининг 75 фоизи миқдорида йиғим ундирилади;
бунда, йиғимнинг 25 фоизи Ўзбекистон Республикасининг Давлат бюджети даромадига, 25 фоизи Халқ таълими вазирлигининг Халқ таълими соҳасидаги ислоҳотларга кўмаклашиш жамғармасига, қолган 50 фоизи Халқ таълими вазирлиги ҳузуридаги Assesment марказига йўналтирилади.