Тошкентда касб касалига чалинган ўқитувчига 337 млн сўм ундириб берилди

3-саҳифа

image

Тошкент шаҳар Сергели туманидаги мактаблардан бирида ишлаган ўқитувчига касб касали бўйича зарар пуллари тўланмай келингани аниқланди. Ўзбекистон таълим ва фан ходимлари касаба уюшмаси республика кенгаши томонидан мазкур ўқитувчига жами 337 млн сўм ундириб берилди. Бу ҳақда кенгаш матбуот хизмати хабар берди.

Қайд этилишича, Тошкент шаҳар Сергели тумани мактабларидан бирида ўқитувчи бўлиб ишловчи Д.М. Ўзбекистон Касаба уюшмалари федерациясига 2024 йил касб касаллигига чалиниб, Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Ижтимоий ҳимоя миллий агентлиги Тошкент шаҳар Сергели туман Тиббий-ижтимоий эксперт комиссиясининг маълумотномасига кўра, унинг касб касаллиги бўйича ногиронлик гуруҳи учинчи, касбий меҳнат лаёқати йўқотилгани даражаси 40 фоиз, касбий меҳнат лаёқати йўқотилганлиги даражаси жорий йил 30 апрелгача, қайта кўрикдан ўтиш санаси жорий йил 2 апрелгача деб белгилангани, бироқ унга касб касаллиги бўйича тўланиши керак бўлган зарар тўловлари тўланмагани юзасидан мурожаат қилган. 

Мурожаат Ўзбекистон таълим ва фан ходимлари касаба уюшмаси Республика кенгаши мутахассислари томонидан ўрганиб чиқилган. Ўрганиш натижасига кўра, Д.М. га 2024 йил апрель ойидан буён манфаатдор шахс Д.М. нинг ўртача ойлик иш ҳақининг 40 фоиз миқдоридаги касб касаллиги туфайли соғлиғига етказилган зиённи қоплаш учун ойлик тўловлар жорий йилнинг январь ойига қадар тўланмагани, январь ойидан эса нотўғри ҳисоб-китоб қилинган ҳолда тўланаётгани ҳамда бир йўла тўланадиган бир марталик товон пуллари Сергели туман Мактабгача ва мактаб таълими бўлими томонидан амалга оширилмагани аниқланган.

Маълумки, Ўзбекистон Республикасининг Меҳнат кодекси 321-моддасида иш берувчи ходимнинг меҳнатда майиб бўлиши ва (ёки) касб касаллиги туфайли ҳаётига ёки соғлиғига етказилган зиённинг ўрнини қоплаши шарт экани белгилаб қўйилган. Қонун талабларидан келиб чиқиб, Ўзбекистон таълим ва фан ходимлари касаба уюшмаси республика кенгаши томонидан 2024 йил 5 декабрь куни Ўзбекистон Республикасининг Меҳнат кодекси 534-540-моддалари, “Касаба уюшмалари тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикасининг қонунига асосан иш берувчига тегишли кўрсатма киритилган.

Бироқ иш берувчи томонидан кўрсатма талаблари ўз вақтида бажарилмаган. Шундан сўнг, Республика кенгаши мутахассислари томонидан ходимнинг манфаатини кўзлаб, Тошкент шаҳар фуқаролик ишлари бўйича Сергели туманлараро судига даъво аризаси киритилган. 

Суднинг жорий йил 25  мартдаги ҳал қилув қарорига кўра, даъво қисман қаноатлантирилган. Унга кўра, даъвогар  Д.М. га жавобгар Сергели туман Мактабгача ва мактаб таълими бўлимидан 19 млн 275 минг 204 сўм зарар, 48 188 011 сўм бирйўла тўланадиган нафақа, тўловлар ўз вақтида тўланмагани учун  268 млн 706 минг сўм компенсация, 1 млн сўм маънавий зарар ҳамда 37 500 сўм почта харажатлари ундириб берилган.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Қашқадарё вилоятидаги пахта титиш корхонасида меҳнат вазифаларини бажараётган вақтда электр токи уриши оқибатида вафот этган электрикнинг оиласига 126 млн сўм тўлаб берилиши белгиланган эди.


Мақола муаллифи

Теглар

Тошкент ўқитувчи Сергели компенсация касб касали

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг