Тошкентдаги мактабда жанжал кўтарган директор, ўқитувчи ва ота-она жазоланди
3-саҳифа
−
09 Апрель
24535Тошкент шаҳар Миробод туманидаги 213-мактабда жанжал кўтарган директор, ўқитувчи ва ўқувчининг онаси жаримага тортилди. Ота эса 10 суткага қамалди. QALAMPIR.UZ суд қарори билан танишди.
Ҳужжатда қайд этилишича, жорий йилнинг 7 апрель куни соат 15:00 да Ф.Қ. ва Х.К. Миробод туманидаги 213-сонли мактаб биносининг директор хонасида жамиятда юриш-туриш қоидаларини қасддан менсимасдан бақир-чақир қилиб, мактаб директори С.И.ни ҳақоратлаб, майда безорилик содир қилган ҳамда ИИО ходимининг ҳуқуқбузарлик хатти-ҳаракатини тўхтатиш тўғрисидаги қонуний талабларини бажармаган.
Аниқланишича, Ф.Қ.га нисбатан олдин ҳам ИИО ходимининг қонуний талабини бажармагани учун маъмурий жазо қўлланилган.
Мактаб директори С.И. ҳам хизмат хонасида Ф.Қ.нинг хатти-ҳаракатига жавобан уни ҳақорат қилиб, шаъни ва қадр-қимматини қасддан камситган. Шунингдек, мактаб ўқитувчиси Н.Р. ҳам ўзи фаолият юритиб келаётган мактабнинг собиқ ўқувчиси Ф.К.нинг ўртоғига Ф.К.нинг хулқи ҳақида гапириб, у ва унинг оиласи ҳақида ҳақоратли сўзларни айтиб, Ф.Қ. ва унинг оила аъзоларининг шаъни ва қадр-қимматини қасддан камситган.
Жорий йилнинг 9 апрель куни Тошкент шаҳар жиноят ишлари бўйича Миробод туман суди биносида мазкур иш кўриб чиқилган. Суд мажлисида ўқувчининг отаси Ф.Қ. кўрсатма берган. Унга кўра, мактаб директори бошқа ўқувчиларни огоҳлантириб, унинг ўғли А. психотроп модда сотиб юрганини айтган ва ундан узоқ юришини сўраган. Мактаб директори эса судда ўқувчининг бошқа мактабга ўтганини ва ўша куни унга ёмон болаларга қўшилиб кетмаслиги ҳақида танбеҳ берганини билдирган. Шунингдек, ўқувчининг собиқ синф раҳбари Н.Р. ўқувчининг ота-онасини ҳақорат қилганини тан олган ва суддан енгиллик сўраган.
Суд қарорига кўра, Ф.Қ. Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 183-моддаси (Майда безорилик) ва 194-моддаси (Ички ишлар органлари ходимининг қонуний талабларини бажармаслик) 2-қисмида назарда тутилган ҳуқуқбузарликларни содир этганликда айбли деб топилган ва Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 34-моддасига асосан узил-кесил 10 сутка маъмурий қамоқ жазоси тайинланган.
Шунингдек, Х.К. 183-моддасида (Майда безорилик) назарда тутилган ҳуқуқбузарликни содир этганликда айбли деб топилган ва унга БҲМнинг 3 баравари миқдорида (1 млн 125 минг сўм) жарима жазоси тайинланган.
Мактаб директори С.И. Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 41-моддасида (Ҳақорат қилиш) назарда тутилган ҳуқуқбузарликни содир этганликда айбли деб топилган ва унга БҲМнинг 2 баравари миқдорида (750 минг сўм) жарима жазоси тайинланган. Шу каби мактаб ўқитувчиси Н.Р. ҳам Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 41-моддасида (Ҳақорат қилиш) назарда тутилган ҳуқуқбузарликни содир этганликда айбли деб топилган ва унга ҳам БҲМнинг 2 баравари миқдорида (750 минг сўм) жарима жазоси тайинланган.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Сурхондарё вилояти Шеробод туманидаги 45-сонли умумий ўрта таълим мактабида ўқувчилар бошланғич синф ўқитувчиси томонидан калтакланган эди. Ўқувчига нисбатан қўпол муомалада бўлган бошланғич синф ўқитувчисига нисбатан меҳнат қонунчилиги асосида мактаб директори томонидан интизомий жазо чораси қўллаш учун туман юридик марказига буйруқ лойиҳаси киритилган.
LiveБарчаси