Ўзбек дизайнерининг либослари Милан подиумини забт этди
Маданият-санъат
−
13 Октябрь 2019
15773Ўзбекистонлик дизайнерлар мамлакат сарҳадларини ошиб, дунёга юз тутганига кўп бўлгани йўқ. Халқаро подиумларда ўз намойишларини муносиб равишда ўтказиб келаётган дизайнерлар эса бармоқ билан санарли. "ANOR" модалар уйи асосчиси Дилноза Умирзоқова эса халқаро майдонда ҳам шуҳрат топаётган дизайнерлардан бири. Куни кеча унинг ўзбек матоларидан тиккан либослари Италия подиумларини забт этди. Аҳамиятли жиҳати шундаки, эндиликда ёш дизайнерлар ҳам Италияда ўтадиган намойишларда ўз либослари билан қатнашишлари мумкин.
Жорий йилнинг 17-24 сентябрь кунлари Италиянинг Милан шаҳрида “Fashion week Milano” мода ҳафталиги бўлиб ўтди.
1958 йилдан буён мунтазам равишда ўтказилиб келинаётган Милан ҳалқаро мода ҳафталиги жаҳондаги 4 та энг нуфузли фешн ҳафталиклар сирасига киради.
Мана, 3 мавсумдан буён ушбу хафталикда ўзбекистонлик либос дизайнерлари иштирок этиб келмоқда. Улардан бу мавсумда икки йирик бренд "ANOR" модалар уйи ҳамда, "Bukhara brilliant silk" компанияси коллоборация тўплами, "Siluetstyle" - Ноила Усмонова ва иқтидорли ёш дизайнер Нигора Ҳошимова ўз тўпламлари билан Ўзбекистон номидан иштирок этишди.
Айниқса, 100% табиий ипак матосидан тайёрланган ANOR×BBS коллобрацияси италиялик мода ихлосмандларида катта қизиқиш уйғотиб, миллий бичимдаги чопонларнинг сотувини Италиянинг бир нечта шоурумларида йўлга қўйиш учун шартномалар имзоланди.
Шунингдек, Ўзбекистон ёшлар иттифоқи қошидаги "Ёш дизайнерлар Кенгаши" раиси Дилноза Умирзоқова ва Кенгашнинг махсус делегацияси йирик лойиҳалар вакиллари, яьни Италия мода палатасининг Fashion hub market лойиҳаси, White Milano, Ready to show Milano лойиҳалари бўйича учрашувлар ўтказди. Италия мода палатаси Camera Moda томонидан чет эллик ёш, янги дизайнерларни қўллаб-қувватлаш учун ташкил қилинган Fashion hub market лойиҳаси вакиллари учрашувда Ўзбекистон айнан бугунги кунда жаҳон мода ихлосмандлари учун жуда қизиқ давлат эканлиги таькидланди.
Лойиҳа айнан турли халқларнинг миллий либосларига қаратилган бўлиб, йўқолиб кетаётган халқона услубларни, бичимларни, қўл меҳнати кашталарини, турли халқлар томонидан ишлаб чиқариш техникаси асрдан асрга ўтиб келаётган матоларни замонавий мода билан уйғунлаштиришга қаратилгандир.
Шу боис, айниқса, ўзбекча икат, яъни адрас матоси ва у билан ишлайдиган дизайнерлар Италия мода мутахассисларини яхшигина қизиқтириб қўйди.
Кенгаш делегацияси кейинги мавсум учун Ўзбекистон павильонини ташкил қилиш буйича ариза топширгани муносабати билан Тошкенга келибоқ 11 октябрь куни соҳанинг етакчи мутахассислари билан учрашди. 2 ой давомида энг сара дизайнерлар ишлари махсус комиссия томонидан танлаб олиниб, уларнинг ишларини Милан мода ҳафталиги ташкилотчиларига етказиш режалаштирилмоқда.
Эндиликда ёш, иқтидорли ўзбек дизайнерлари учун Италиянинг виқорли подиумларида ва фешн кўргазмаларида қатнашиш имконияти яратилади.