200 кВт машмашаси. “Ҳудудий электр тармоқлари” раҳбарияти саволларга жавоб берди
Жамият
−
11 Июль
10293“200 квтлик ижтимоий норма камлик қиляпти”, “Ёз фасли бўлишига қарамасдан уйимизда тез-тез “свет” ўчяпти”, “Электрҳисоблагичлар ортиқча пул ёзди” … бу эътирозлар тўғридан-тўғри Энергетика вазирлиги ва “Ҳудудий электр тармоқлари” акциядорлик жамиятига қаратилган. Бир неча ойдирки аҳоли энергетика нархлари оширилиши ва сифатсиз тизимдан норозилигини билдирмоқда. Хўш, 200 кВтлик ижтимоий норма 1 ойга етишига масъулларнинг ўзи ишонадими? Бу каби саволларга ҲЭТ оммавий ахборот вакиллари олдида жавоб берди.
“Бизда қабул қилинган бу 200 кВт ўзидан ўзи қабул қилинмаган. Биринчидан, ҳамма мутасаддилар кўрган, иккинчидан, ишлаб чиқарилган электр энергиядан келиб чиқиб тарифларни татбиқ этдик. Йўқ нарсани амалга оширмаймиз-ку. Бир нарсага эътибор беринглар Жаҳон Банки, Осиё Тараққиёт банки жуда кўп буклетлар чиқаради – Ўзбекистон электр соҳасига шунча ишлатди йиллик, деб. Булар ҳаммаси кредит. Тошкент шаҳрида аномал совуқдан кейин нечта подстанция бўлса, ҳаммаси кучайтирилди, қувват 1 баробардан зиёд оширилди. Лекин бугун яна талаб борлигини билдиряпти. Чунки Тошкент шаҳри бўйига ҳам энига ҳам катталашяпти”, дейди Ғайбуллаев.
Шунингдек, ҲЭТ раҳбарияти электрҳисоблагичлар электр энергиясини ортиқча қўшиб ёзгани бўйича саволга жавоб бериб, ортиқча ҳисобланган пуллар истеъмолчиларга қайтарилишини маълум қилди.
“Агар ҳақиқатдан қўшимча ҳисобланган бўлса, пули қайтариб берилади, ҳеч кимнинг ҳаққи қолиб кетмайди. Лекин шуни ҳисобга олиш керакки, республикада 8 миллиондан зиёд ҳисоблагич ўрнатилган бўлса, уларнинг ичидан қайсидири носоз чиқиши мумкин. Бу техника. Шунинг учун агар носоз ишлаган бўлса, бу биллинг тизимидан аниқланади”, дейди ҲЭТ бошқарув раиси ўринбосари.
Масъуллар, шунингдек, нима сабабдан ёз мавсуми бўлишига қарамай пойтахтда тез-тез “свет” ўчаётганининг сабабини тушунтириб, янги қурилаётган уйлар эски тармоққа уланиши оқибатида тармоққа қўшимча босим юкланаётганини сабаб қилиб келтирди.
“Бир нарсани тан олиш керак, пойтахтда охирги 5 йилда қилинаётган бунёдкорлик ишлари жуда ҳам “колоссальный”. Кўчада кўраётган бўлсангиз қурилиш кетаётган жойларда тармоқ йўқ. Пойтахтнинг муаммоларидан биттаси биз фақат кабель билан ер остига ётқизамиз. Шунинг учун жуда кўп жойда ковланган, бошқа… катта кучланишдаги электр токи олиб ўтиляпти”, дейди Ғайбуллаев.
Оммавий ахборот воситаларининг саволларига ҲЭТ берган жавоб билан батафсил QALAMPIR.UZ'нинг Youtube саҳифасида танишинг.
LiveБарчаси