“Ҳудудгазтаъминот” корхонадан 270 млн сўмга яқин ортиқча қарздорлик ундиргани аниқланди
3-саҳифа
−
27 Август
3726“Ҳудудгазтаъминот” қонунчилик талабига зид равишда амалда етказиб берилмаган табиий газ ҳажмлари учун “Равон йўл инвест” МЧЖга ноқонуний қарздорлик ҳисоблангани маълум бўлди. Бу ҳақда Рақобат қўмитаси хабар берди.
Қайд этилишича, Рақобат қўмитасининг Жиззах вилояти ҳудудий бошқармаси томонидан “Равон йўл инвест” МЧЖнинг “Ҳудудгаз Жиззах” газ таъминоти филиали хизматидан норози бўлиб қилган мурожаати ўрганилган.
Мазкур ўрганиш давомида, “Ҳудудгазтаъминот” АЖ ва “Ҳудудгаз Жиззах” газ таъминоти филиали томонидан қонунчилик талабига зид равишда амалда етказиб берилмаган табиий газ ҳажмлари учун “Равон йўл инвест” МЧЖга 270 млн сўмга яқин қарздорлик ҳисоблангани маълум бўлди.
Юқоридагиларга кўра, “Ҳудудгазтаъминот” АЖ ҳамда “Ҳудудгаз Жиззах” газ таъминоти филиалида “Рақобат тўғрисида”ги қонун ва Вазирлар Маҳкамасининг 225-сонли қарори билан тасдиқланган Низом талабларини бузиш аломатлари аниқланган ва газ таъминоти корхонасига нисбатан белгиланган тартибда иш қўзғатилиб, ортиқча олинган маблағлар “Равон йўл инвест” МЧЖ фойдасига тўлиқ қайта ҳисоб-китоб қилиниши таъминланган.
Эслатиб ўтамиз, олдинроқ ижтимоий тармоқларда электр энергиясидан асоссиз тарзда қарздорлик вужудга келаётганлиги тўғрисида хабарлар тарқалганди. Мазкур ҳолат юзасидан “Ҳудудий электр тармоқлари” АЖ муносабат билдириб, жорий йилнинг август ойидан “Het Billing” дастурий комплекси ташкил этилгани, айни шу жараёнда эски тизимдан истеъмолчиларнинг архив маълумотларини янги тизимга кўчиришда айрим истеъмолчилар шахсий ҳисобида ноаниқликлар келиб чиққанини билдирганди.