Ҳокимларнинг халқ депутатлари Кенгашларига раҳбарлик қилиши бекор қилинди

Жамият

image

Ўзбекистонда Олий Мажлис Қонунчилик палатаси ва маҳаллий Кенгашлар депутатларининг навбатдаги сайлови олдидан туман (шаҳар) ҳамда вилоят ҳокимларининг халқ депутатлари Кенгашларига раҳбарлик қилиш тартиби бекор қилинди. Бу ҳақда бугун, 26 июль куни Марказий сайлов комиссияси мажлисида маълум қилинди.

Давлат ҳаётининг муҳим масалаларини ҳал этишда вакиллик органларининг ролини ошириш мақсадида аввал ҳокимлар ваколатида бўлган 33 та ваколатлар маҳаллий Кенгашларга ўтказилди. Қонунчилик палатасининг мутлақ ваколатлари амалдаги 5 тадан 12 тага, Сенатда эса 12 тадан 18 тага кўпайтирилди. Парламентнинг ижро этувчи, суд, ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлари ва махсус хизматлар фаолияти устидан назорат функциялари кенгайтирилди.

Шунингдек, жорий йилнинг 27 октябрь куни бўлиб ўтадиган сайловда кўпгина тартиб-таомиллар инсон омилисиз тўлиқ автоматлаштирилган тарзда амалга оширилади.

Сайловда Қонунчилик палатасининг 150 нафар депутати, Сенатнинг 65 нафар аъзоси, Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси 65 нафар депутати, вилоятлар ва Тошкент шаҳар, 208 та туман (шаҳар) Кенгашлари депутатлари сайланади. Шунга кўра, 30 мингга яқин номзодлар, 90 мингга яқин уларнинг ишончли вакиллари сайлов жараёнида иштирок этиши ҳамда 120 мингдан ортиқ сайлов комиссияси аъзолари ташкилотчи сифатида, 70 мингдан ортиқ маҳаллий ва хорижий кузатувчилар иштироки кутилмоқда.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ депутатликка номзодларни кўрсатишда аёлларнинг улуши камида 40 фоиз бўлиши ҳақида хабар берилганди.


Мақола муаллифи

Теглар

Сенат Олий Мажлис Ҳокимлар халқ депутатлари

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг