Ҳокимлар ва вазирлар оддий одамлардан юз ўгирган – Тўқаев

Олам

image

“Қозоғистонда ҳокимлар ва вазирлар оддий одамлардан юз ўгирган, улар фуқароларнинг шикоятлари ва мурожаатларига ўз вақтида муносабат билдирмаяпти. Кўпчилик тушкунликка тушиб, кимга дардини айтишни билмаяпти”. Бу ҳақда Президент Қосим-Жомарт Тўқаев кеча, 29 июнь куни ўтказган йиғилишида гапирган. 

Давлат раҳбарининг қайд этишича, мамлакатда коронавирус пандемиясига қарши курашда давлат органларининг олиб бораётган ахборотлаштириш сиёсати жуда муҳим. Биринчи босқичда бу ишлар яхши ташкил этилган, кейинги босқичда эса ташкилотлар ушбу масалани ўз ҳолига ташлаб қўйган. 

“Www.coronavirus2020.kz сайтига келиб тушган 40 мингга яқин саволларнинг учдан бир қисмига жавоб берилган, холос. Бундай муносабат натижасида бизда сохта, нотўғри маълумотлар кўпайди”, дейди Президент. 

Қосим-Жомарт Тўқаев ахборот ишларига ёндашувларни тубдан қайта кўриб чиқишни, масъул шахслар иштирокида доимий брифинглар ўтказишни ва аҳолига касаллик ҳолатида ҳаракатлар алгоритми тўғрисида тўғридан-тўғри ва сифатли маълумот бериб боришни буюрди. 

“Нима учун телеканалларнинг жонли эфирида шифокорларга тўғридан-тўғри саволлар йўллаб, улардан жавоб олиш тарзидаги кўрсатувлар ташкил этилмаяпти? Фуқароларга дори-дармонларни қабул қилиш бўйича тушунтириш бериш керак”, дейди Тўқаев. 

Йиғилишда ҳокимлар ва вазирларга бюджетларни кўриб чиқиш ва барча кераксиз харажатлардан воз кечиш, конференциялар, давра суҳбатлари, тантаналар ўтказмаслик, консалтинг ва ПР-хизматлар фаолиятини тўхтатиш буюрилди. Иқтисод қилинган маблағлар эса эпидемияга қарши курашга йўналтирилади. 

Бундан ташқари, давлат раҳбари нарх-наво мўтадиллигини сақлаб қолиш ва аҳолининг озиқ-овқат маҳсулотларига бўлган эҳтиёжини мунтазам қондириб бориш, одамлар бандлиги ва иқтисодий барқарорлигини таъминлаш, рақамли технологияларни ривожлантириш зарурлигини таъкидлади. Шунингдек, иқтисодиётни комплекс тиклаш бўйича режаларни белгиланган вақтда тўлиқ амалга ошириш вазифасини кўндаланг қўйди. Ушбу масалалар ҳар бир ҳокимнинг шахсий назоратида бўлиши керак. 

Қосим-Жомарт Тўқаев Ҳукумат эътиборини фавқулодда чоралар билан бир қаторда коронавируснинг узоқ муддатли пандемиясига тайёргарлик кўришга чақирди. Шу муносабат билан истиқболда қозоғистонликларнинг ҳаёти ва соғлиғини ҳимоя қилиш бўйича миллий режани ишлаб чиқиш топширилди.

“Бу янги касаллик ва унинг вакцинаси мавжуд эмас. Шу боис ваҳима қўзғашга, шифокорларни ҳақорат қилиш, карантин чораларини бузишга йўл қўймаслигимиз керак. 

Беморлар безовталаниб, умидсизликка тушмаслиги керак. Нафақат муолажалар, балки уларнинг жисмоний ва маънавий ҳолати ҳам тезроқ оёққа туришига туртки бўлади. Сиздан Соғлиқни сақлаш вазирлигининг барча талабларига риоя қилишингизни сўрайман. Бизнинг барча саъй-ҳаракатларимиз Қозоғистон Республикасининг асосий бойлиги – фуқароларимиз соғлиғини сақлашга қаратилган”, дейди Тўқаев сўзини якунларкан. 

Маълумот ўрнида, Қозоғистонда коронавирусга чалинган 21 819 киши аниқланган. Улардан 13 008 нафари соғайган, 188 нафари вафот этган. Беморлар орасида мамлакатнинг Биринчи Президенти – Элбоши Нурсултон Назарбоев ҳам бор. Назарбоев маъмурияти жорий йилнинг 18 июнь куни унда коронавирус аниқланганини хабар қилган эди. Орадан кўп ўтмай, у ўзини изоляцияга олиб, фалиятда давом этаётгани хабар қилинди. Орадан бир ҳафтадан ортиқ вақт ўтди ҳамки расмий Нурсултон собиқ Президентнинг ҳолати ҳақида миқ этмаяпти. 


Мақола муаллифи

Теглар

Қосим-Жомарт Тўқаев

Баҳолаганлар

52

Рейтинг

2.8

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг