Ҳокимлар сийлаётган спортчилар – Спорт дайжести

Спорт

Ассалому алайкум! Ортда қолаётган ҳафта ўзбек ва жаҳон спортида қатор воқеликларга бой бўлди. Тошкент шаҳри ҳокими Шавкат Умрзоқов собиқ ҳоким Жаҳонгир Ортиқхўжаевнинг “Пахтакор”ига 7 миллиард сўм ўтказиб беряпти. Ўзбекистонлик боксчи Шоҳжаҳон Эргашев Халқаро бокс федерациясидан енгилроқ жанг сўради, UFC жангчиси Нурсултон Рўзибоев ташкилотдаги мувафаққиятли дебютдан сўнг, Андижон вилояти ҳокимининг совғасини қабул қилиб олди, яна бир профессионал боксчи Исроил Мадримов эса Бутундунё бокс ассоцияцияси рейтингида 3-ўринда бораётган британиялик Жеймс Меткалфга қарши жанг қиладиган бўлди. Ўзбекистонлик 5 нафар спортчида тақиқланган модда аниқланди. Профбоксда 4 та йўналиш бўйича жаҳон чемпиони Александр Усик Украина президенти бўлмоқчи. Мета компанияси раҳбари Марк Цукерберг UFC чемпионлари билан машғулот ўтказиб, миллиардер Илон Маскга қарши жангга тайёргалик кўрмоқда. Бокс бўйича собиқ жаҳон чемпиони Бейбут Шуменов болали эркакни калтаклагани акс этган видео тарқалди. Шу ва бошқа хабарлар билан QALAMPIR.UZ’нинг спорт дайжестида.

Тошкент шаҳрининг маҳаллий бюджетидан “Пахтакор” футбол клуби ҳисобига 7 миллиард сўм маблағ ўтказиб берилади. Шаҳар ҳокими Шавкат Умрзоқов бу бўйича тегишли қарорни қабул қилди.

Унга кўра, “Пахтакор” ФК МЧЖнинг коммунал хизматлари, иш ҳақи ва унга тенглаштирилган бошқа тўловлар ва ўйин ўтказиш харажатларини қоплаб бериш мақсадида шаҳар ҳокимлигининг клуб устав фондидаги улушини ошириш ҳисобига маҳаллий бюджетнинг захира жамғармаси ҳисобидан 7 миллиард сўм маблағ ажратилади.

Шаҳар ҳокими мазкур қарорни имзолашда Вазирлар Маҳкамасининг “Футбол клублари фаолиятининг самарадорлигини ошириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги (2021 йил 30 апрель) 261-сон қарори (унда Тошкент шаҳар ҳокимлиги “Бунёдкор” ва “Пахтакор” жамоаларига бош ҳомий экани кўрсатилган) ҳамда “Пахтакор” клубининг 2023 йил 13 июлдаги мурожаати инобатга олинганини қайд этган.

Шунингдек, унда келтирилишича, Иқтисодиёт ва молия бош бошқармаси 2023 йил Тошкент шаҳар маҳаллий бюджетига тегишли ўзгартиришлар киритади. Ғазначилик бошқармаси ажратилган маблағни ўрнатилган тартибда молиялаштириш чораларини кўради. Клуб устав фондини тақсимланган маблағлар ҳисобига ошириш чораларини кўради ҳамда маблағларнинг мақсадли сарфланишини таъминлайди.

Маълумот учун, “Пахтакор” клуби собиқ Тошкент шаҳар ҳокими Жаҳонгир Ортиқхўжаевга тегишли. Суперлигада 13 та ўйин ўтказган клуб 28 очко билан турнир жадвалида 2-ўринда бўлиб турибди.

Эслатиб ўтамиз,  жорий йилнинг 24 июнь куни Жаҳонгир Ортиқхўжаев “Пахтакор” жамоасининг Қибрайдаги ўқув йиғин машғулотлари базасида футболчилар билан учрашган эди. Унда собиқ ҳоким сўнгги ойларда комплексда амалга оширилган ишлар билан яқиндан танишган ва жамоа аъзолари билан суҳбатлашган.

Ўзбекистонлик профессионал боксчи Шоҳжаҳон Эргашев IBFʼдан чемпионлик жангига қадар яна битта енгилроқ жанг сўради. Бу ҳақда спортчининг ўзи QALAMPIR.UZʼга маълум қилди. 

Унга кўра, супер енгил вазн тоифасида ИБФ камари соҳиби пуерто-риколик Сабриель Матиас ташкилотдан ҳимоя жанги олдидан битта жанг ўтказишни сўраган. Натижада у Россия ва Қозоғистон икки фуқаролигида бўлган Сергей Липинец билан жанг қилишга келишиб олган, бироқ орадан бироз вақт ўтгач IBF Сабриэль Матиас ва Шоҳжаҳон Эргашевнинг сўровларини рад этган. Буни ўзбекистонлик боксчи QALAMPIR.UZʼga тасдиқлади.

Эндиликда IBF камари учун пуерто-риколик амалдаги чемпионга қарши жангимни ташкил қилиш ташкилотнинг зиммасига қолди. 

“Барибир Сабриэль Матиасга қарши жанг қиладиган бўлдим. Узоғи икки ҳафтада ҳаммаси расман ҳал бўлади”, дейди Шоҳжаҳон Эргашев.

Ҳа айтганча, Шоҳжаҳон Эргашев Матиас билан ижтимоий тармоқда трештокингни бошлаб юборди.

Гап шундаки, Сабриэль Матиас Инстаграм саҳифасига Эргашевнинг проф боксдаги натижалари билан боғлиқ пост жойлаган ва унга ҳақоратловчи изоҳ қолдирган. Шоҳжаҳон Эргашев рақибига барчасини жангда узил-кесил ҳал қилиш таклифини берган.

“Рингдаги учрашувимизда шунчаки ухлаб қоласан. Орзуларинг устидан кулиш учун етарли вақтинг бўлади”, дейди Эргашев.

Бунга жавобан Сабриэль Матиас Эргашевни шунчаки тинчлантириб қўйиш мақсадидалигини айтди.

“Сенда буни синаб кўриш учун вақт бўлади, ўшанда тинчланиб оласан. Мен сени рингда кўрган вақтимда сен қочиб юрган бўласан”, деб жавоб қилди Матиас.

Эргашев мулоқот давомида рақибини муддатидан олдин мағлуб этмоқчилигини маълум қилди.

“Сенга чуқур уйқуга кетишингдан олдин яқин қариндошларинг ва дўстларинг билан яхшилаб хайрлашиб олишингни маслаҳат бераман”, дейди ўзбекистонлик боксчи.

Бир нарсани таъкидлаш керакки, кўп йиллардан буён профбоксда фаолият юритиб келаётган Эргашев ҳақида ўзбек ОАВда турли гаплар юради. Яъни Эргашев чемпионлик учун жанг қиламан деб ҳаммани анча вақтдан буён алдаб келаяпти деган маънодаги гап-сўзлар, лекин бу сафар IBF ҳақиқатдан ҳам Эргашев ва Матиас ўртасидаги жангга расмн буйруқ берди. Ўз навбатида ўзбекистонлик боксчи ҳозирда АҚШда бўлажак жангига тайёргарлик кўрмоқда. Воқеалар ривожи қандай кўриниш олади? Кузатамиз.

Жорий йилнинг 8 июль куни UFC'даги ғалабали иштирокидан сўнг, АҚШдан Ўзбекистонга қайтиб келган UFC жангчиси Нурсултон Рўзибоевга Андижон виояти ҳокими Шуҳрат Абдураҳмонов 3 хонали уй совға қилди.

“UFC'даги ғалабамиз учун вилоят ҳокими Шуҳрат Абдураҳмонов мана шундай мукофот билан тақдирлади. Аввало қилаётган меҳнатларимизга бефарқ бўлмагани учун ўз миннатдорлигимни билдираман. У ҳамиша мана шундай спортчиларни қўллаб-қувватлаб келади, раҳмат”, дейди Рўзибоев.

Маълумот учун, Рўзибоев жорий йилнинг июнь ойи охирида UFC билан шартома имзолаб, 2 июль куни дебют жангини ўзидан анча тажрибали бўлган, шу пайтгача енгилмаган бразилиялик Бруно Феррейрага қарши октагонга кўтарилиб, муддатидан олдин ғалаба қозонганди.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Андижон вилояти ҳокими Шуҳрат Абдураҳмонов Тошкентда ўтказилган ҳаваскор бокс бўйича катталар ўртасида Жаҳон чемпионатида олтин медални қўлга киритган Ҳасанбой Дўсматовга ҳам уй совға қилган эди. Шунингдек, у оғир атлетика бўйича Олимпияда ва Жаҳон чемпиони Руслан Нуриддиновни Gentra машинаси билан тақдирлаган. 

“Matchroom” промоутерлик компанияси раҳбари Эдди Ҳирн ўзбекистонлик профессионал боксчи Исроил Мадримовнавбатдаги жангини WVA рейтингида 3-ўринда бораётган британиялик Жеймс Меткалфга қарши ўтказишини маълум қилди. 

Бўлажак тўқнашув WBA камари учун давогарлик жанги мақомида бўлади. Мадримов профессионал фаолияти давомида 10 та жанг ўтказиб, 9 тасида (6 нокуат) ғалаба қозонган ва биттасида техник дуранг қайд этилган. У охирги жангини ўрта вазн тоифасида ўтказиб, Рафаэль Игбоквени очколар бўйича мағлуб этган. Жеймс Меткалф эса бу борада анчагина тажрибали ҳисобланади. У 27 та жанг ўтказиб, 25 тасида (15 нокаут) рақибларини мағлуб этган ҳамда 2 бор жангни бой берган. У сўнгги жангида Денис Ҳогандан очколар бўйича устун келган. 

Жорий йилнинг ўтган 6 ойи мобайнида 5 нафар ўзбекистонлик спортчида тақиқланган модда борлиги аниқланди. Бу ҳақда бугун, 14 июль куни Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлигида Миллий антидопинг агентлиги мутасаддилари иштирокида ўтказилган матбуот анжуманида маълум қилинди.
Қайд этилишича, жорий йилнинг ўтган 6 ойи мобайнида Антидопинг агентлиги мутахассислари томонидан жами 244 та допинг синама олинган. Унга кўра, йил бошидан шу вақтга қадар 5 нафар спортчида тақиқланган модда борлиги аниқланган.

Шунингдек, матбуот анжуманида Ўзбекистон ва Корея антидопинг агентликлари орасида имзоланган меморандумга кўра, Кореяда 7 нафар агентлик мутахассислари малака оширгани, 12 нафар допинг офицер ва шаперонларни тайёрлаш курсида ўқитилиб, сертификат берилгани таъкидланди.

Бутунжаҳон антидопинг агентлигининг халқаро допинг офицер тайёрлаш курсида 3 нафар агентлик мутахассислари (А.Солиев, Н.Эшқувватов, А.Мансурова) ўқитилиб, Халқаро тоифадаги допинг офицерлар тайёрланган. Шу билан бирга, уларга халқаро мусобақаларда допинг синамаси олиш ҳуқуқи ҳам берилган.
WBA, IBF, IBO ва WBO йўналишлари бўйича жаҳон чемпиони Александр Усик 2024 йилда бўлиб ўтадиган Украина президентлик сайловларида қатнашишини эълон қилди. Бу ҳақда спортчи Seconds Out YouTube каналига берган интервьюсида айтиб ўтди.

Қайд этилишича, Усик учта жангдан сўнг фаолиятини якунлаб, Украина Президенти бўлишни хоҳламоқда.

“Мен биринчи оғир вазнга қайтаман, яна бир бор мутлақ чемпион бўламан ва президентликка номзодимни қўяман”, дейди Усик.

Маълумот учун, боксчи 2022 йилда учта жангдан сўнг фаолиятини якунламоқчи эканини билдирганди. У, шунингдек, Тайсон Фюри ва Саул Альварес билан жанг ўтказиш ҳамда охирги жанги Украинада ташкил этилишини орзу қилиши ҳақида айтган. Ҳозиргача у 20 та жанг ўтказиб уларнинг барчасида ғалаба қозонган ва тўрт йўналиш бўйича чемпионлик камарини қўлга киритган.

Меtа компанияси раҳбари Марк Цукерберг ижтимоий тармоқларда кенг муҳокама бўлаётган миллиардер Илон Маскга қарши жанг фонида UFC чемпионлари билан машғулот ўтказди. Бу ҳақда у ўз Instagram саҳифасида маълум қилди.

Унга кўра, Цукерберг кеча, 11 июль куни амалдаги UFC чемпионлари Янги Зеландия вакили Исраэль Адесанья (ўрта вазн) ва Александр Волкановски (ярименгил вазн) билан жиддий машғулот ўтказган. У билан бирга машқ қилган ММА жангчиларининг фикрича, Цукерберг ажойиб жанг формасида ва у ростдан ҳам мазкур жанг ташкил этилишини хоҳламоқда.

“Маркнинг нияти жиддий, бу ажойиб бизнес”, дейди Исраэль Адесанья.

Эслатиб ўтамиз, Цукерберг ва Маск дастлаб жорий йилнинг 20 июнь куни Twitter'да ўзаро баҳслашиб, АҚШнинг Лас-Вегас шаҳридаги октагонда жанг қилишга келишиб олганди. Бироз вақт ўтгач, UFC Президенти Дaна Уайт ҳар икки миллиардернинг нияти жиддий эканини маълум қилиб, мазкур баҳснинг ташкилий масалаларига ўзи бош-қош бўлишини айтган эди.

Шунданг сўнг, Илон Маск Цукербергга қарши жангга UFC афсонаси Жорж Сен-Пер, жиу-житсу мураббийи Жон Данахер ва подкастер Лекс Фридман билан бирга тайёргарлик кўра бошлаган эди.

Қозоғистоннинг Остона шаҳрида бокс бўйича собиқ жаҳон чемпиони Бейбут Шуменов қўлида боласи бор эркак билан муштлашиб қолди. Бу ҳақда “Zakon.kz” нашри хабар берди.

Қайд этилишича, мазкур ҳодиса жорий йилнинг 18 июнь куни содир бўлган. Бироқ мазкур воқеа акс этган видео интернетда тарқатилганидан кейингина жамоатчилик норозилигига сабаб бўлган.

Кадрларда боксчи боласи бор эркакка яқинлашгани, нимадир дегани, сўнг унинг бўйнидан тортиб олиб, муштлаб кетганини кўриш мумкин.

Мазкур тортишувдан хабар топиб келган, полиция ходими дастлаб воқеага нисбатан жиноят иши қўзғатмаган. Видео тармоқларда оммалашганидан кейин полиция безорилик бўйича иш очган. Қозоғистон Республикаси Ички ишлар вазирлиги раҳбарининг ўринбосари жанжал пайтида бола жароҳат олмаганини айтган. Шунингдек, у ушбу ҳолат бўйича спортчига қандай чора кўрилиши бўйича маълумот бермаган.

Боксчи Шуменовнинг ўзи ҳам вазиятни шарҳлаган. Унинг сўзларига кўра, тиббий экспертиза эркак жароҳат олмаганини тасдиқлаган.

“Бундай вазиятда мен эркакнинг қўлида бўлган кичкинтойдан кечирим сўрамоқчиман ва бола бу ёқимсиз томошага гувоҳ бўлганидан афсусдаман. Айни пайтда можаро бутунлай тугади”, деб ёзган Шуменов.

Шунингдек, турли хил миш-мишлар бўлмаслиги учун боксчи можаро тафсилотларини айтиб берган.

“Менинг 8 ёшли ўғлим ўша куни ўйин майдончасида ўйнаётган эди ва бошқа бир бола уни ҳеч қандай сабабсиз белига ура бошлади. Ўғлим нима учун бу бола уни ураётганини тушунмади, ундан узоқлашди ва ўйнашни давом эттирди. Ва бир неча дақиқадан сўнг, ўша бола қайтиб келди ва ўғлимга яна ҳужум қилмоқчи бўлди, ўғлим қочиб, ундан қочиб кета бошлади. Кейин ўша одам келиб, боласини олиб кетди. Ўғлим бундай муносабатда бўлишга одатланмаган ва бу унинг учун катта стресс эди. Кейин ўғлим ёнимга келиб, бола унга ҳужум қилганини айтди. Унинг орқа қисмида қизариш ва тирналиш борлигини пайқадим. Кейин мен бу одамнинг олдига бориб, у боланинг отаси эканини аниқладим ва ундан “Ўғлимни урган ўғлингизми?”, деб сўрадим. Бунга жавобан у тажовузкорона “Ҳа, урди. Нима?”, дея жавоб берди”, дея таъкидлаган боксчи.

Маълумот учун, Бейбут Шуменов бокс бўйича WBA собиқ жаҳон чемпиони. 2016 йилда Бейбут икки вазн тоифасида жаҳон чемпиони бўлган биринчи қозоғистонлик боксчи сифатида тарихга кирган. Аммо 2019 йилда WBA бўйича бокс бўйича жаҳон чемпиони унвонидан расман маҳрум этилган.


Мақола муаллифи

Теглар

Пахтакор Шоҳжаҳон Эргашев Спорт дайжести

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг