Ҳоким ўғил бола гапни гапирди – маҳалла раиси Ортихўжаев ҳақида

Жамият

Тошкент шаҳар ҳокими Жаҳонгир Ортиқхўжаев иштирокида бугун, 13 февраль куни пойтахтнинг “Мовий гумбазлар” хиёбонида ўтказилган учрашув муроса ва ўзаро бирдамликка қарши ҳолда кечди. Одамлар Ортиқхўжаевни эшитишни, унинг мақсадини тушунишни истамаслиги яққол намоён бўлди. Натижа ҳоким ушбу ҳудудда бирор дарахт кесилса, лавозимидан кетишга тайёрлигини айтишгача борди. Бироқ, айрим кишилар бунга ҳам кўнмади. 

QALAMPIR.UZ мухбири муросасиз кечган учрашувда Тошкентнинг фаол маҳалла раисларидан бири Наима Жабборова билан суҳбатлашди. 

“Ҳокимлар кўп. Бири келади, бири кетади. Агар [қурилиш] халқ депутатлари кенгашининг қарори билан бўлса, унинг ўрнига келадиган ҳеч бир ҳоким уни буза олмайди. Шу ерда фарзандларимиз билан келиб, баҳри-дилимиз очиладиган жой бўлса, бунинг нимаси ёмон?”, дейди “Катта Қорасув” маҳалла фуқаролар йиғини раиси Наима Жабборова. 

Учрашувда Тошкент шаҳар ҳокими Жаҳонгир Ортиқхўжаев яна 3 кундан кейин аҳоли вакиллари билан учрашишни, ушбу хиёбонда барпо этиладиган мажмуа лойиҳаси тақдим этилишини ваъда қилди. 

“Ҳоким ўғил бола гапни гапирди: уч кундан кейин бу ерда лойиҳа бўлади. Келайлик, лойиҳани кўрайлик, фикримизни айтайлик. Агар бундан ҳам яхши лойиҳа бўлса, архитекторлар кўрсатишсин. Кейин гапиришсин. Нима қилади одамларни бузиб?”, дейди маҳалласи раиси Наима Жабборова. 

Наима Жабборова билан мулоқотда бўлган журналистлар Тошкент шаҳар ҳокимлиги Матбуот хизмати ва жамоатчилик билан алоқалар бўлими ўз вазифасини бажармаётгани, одамларга вақтида маълумот берилмаганини айтди. 

“Агар Тошкент шаҳар ҳокимлиги Матбуот хизмати журналистларни чақириб, бизга тушунтириш берганда эди, биз ўзимиз одамларга тушунтирган бўлар эдик. Одамлар бош кўтармагунча нега лойиҳа кўрсатилмади?”, дейди журналистлардан бири. 

Учрашув хулосасига кўра, 3 кун ичида ушбу ҳудуд лойиҳаси жамоатчилик эътиборига тақдим этилади.


Мақола муаллифи

Теглар

Мовий гумбазлар

Баҳолаганлар

410

Рейтинг

2.9

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг