Ҳоким билан жанжаллашган мактаб директори неча кун қамоқда ўтиргани маълум бўлди (видео)
Жамият
−
04 Август 2023
62984Кеча, 3 август куни ижтимоий тармоқларда Сурхондарё вилояти Сариосиё туманидаги 28-мактабнинг директори вилоят ҳокими Улуғбек Қосимов билан жанжаллашгани акс этган видео тарқалганди. Жанжалдан сўнг ўқитувчи аёлни орган ходимлари ҳибсга олиб, унинг мактабга директорлик қилган даврини қайта текширувдан ўтказиш бошланган.
Ушбу ҳолатга Мактабгача ва мактаб таълими вазири Ҳилола Умарова ҳам муносабат билдириб, ўқитувчи Т.У. маъмурий қамоқ жазосидан озод қилинганини ва ҳолат шахсан унинг назорати остида эканини маълум қилган.
Вазирлик матбуот котибига кўра, 3 август куни вазир ўқитувчи билан телефон орқали гаплашиб, ундан ҳол-аҳвол сўраган.
Видеодан кўриш мумкинки, ўқитувчи аёл 7 кун давомида қамоқда бўлганини ва ўзига келиши қийин бўлаётганини билдирган.
“Умуман хавотир олманг. Ҳаммаси назорат остида. Муҳими соғ-саломат бўлишингиз”, дейди вазир Умарова.
Шунингдек, вазир ҳокимларни педагоглар фаолиятига аралашмай, мактаблардаги шарт-шароитларини яхшилашга эътибор қаратишга чақирган.
Эслатиб ўтамиз, кеча тарқалган видеода вилоят ҳокими Улуғбек Қосимов директорни ўрнидан турғазиб, уни “мактабдаги муҳитни бузганлик”да, “вилоятни бутун дунёга шарманда қилганлик”да айблаганди. Бунга жавобан, директор Т.У. ўзига нисбатан айтилган айбловларни рад этиб, “милтиқ бўлса, отиб ташланг”, дея эътироз билдирган.
Маълумотларга кўра, ушбу можаронинг асл илдизи 2021 йилги воқеаларга бориб тақалади. Ўшанда Сариосиё туманидаги 28-мактабнинг бир гуруҳ ўқитувчилари мактаб директори Т.У. ўқитувчиларга зуғум ўтказиб, уларнинг дарс соатларини қисқартириб юборгани ҳамда малакали кадрларни ишдан бўшатганини айтиб, республика раҳбариятига мурожаатлар йўллаган. Ўқитувчилар маҳаллий интернет нашрларидан бирини мактабга таклиф қилиб, ундан ҳолатни ўрганишни сўраган. Т.У мактабга борган журналистларни ҳайдаб чиқариб, уларнинг камерасини синдириб ташлаган.
Ушбу ҳолат жамоатчилик ўртасида кенг муҳокамаларга сабаб бўлганидан сўнг Т.У. га нисбатан ўз лавозим мажбуриятларига совуққонлик билан ёндашиб, фуқаролар ва юридик шахсларнинг мурожаатлари билан ишлашда ижро интизомини ва одоб-ахлоқ қоидаларини бузганлиги учун ҳайфсан чораси қўлланган. 2021 йилнинг 10 декабрида эса у ишдан бўшатилган. Бироқ, 2022 йил 10 февраль куни унинг ишдан олиниши ноқонуний бўлган, деган хулосага келиниб, мактаб директорлигига қайта тайинланган. Тарқалган видеодаги ҳолатда ҳоким Улуғбек Қосимов “бутун дунёга шарманда қилдингиз” деганда айнан шу воқеаларни назарда тутган бўлиши мумкин.
LiveБарчаси