“Ҳизбуллоҳ” Исроилга муддат берди
Олам
−
17 Февраль 8307 2 дақиқа
Кеча, 16 февраль куни Ливаннинг “Ҳизбуллоҳ” гуруҳи раҳбари Наим Қосим Исроил қўшинлари Ливан ҳудудидан 18 февраль яъни белгиланган муддатгача тўлиқ чиқиб кетиши кераклиги ва Ливан жанубидаги бирон-бир постда ҳарбий мавжудлигини сақлаб қолиш учун ҳеч қандай баҳона йўқлигини айтди. Бу ҳақда “Al Arabiya” хабар берди.
Наим Қосимнинг айтишича, ноябрь ойида АҚШ воситачилигида тузилган сулҳга кўра, Исроил қўшинлари Ливан жанубидан 60 кун ичида чиқиб кетиши керак. Кейинроқ бу муддат 18 февралгача узайтирилган, бироқ Исроил армияси Ливан жанубида қўшинларини бешта постда қолдиришни сўраган.
“Исроил 18 февралда бутунлай чиқиб кетиши керак, унда ҳеч қандай баҳона, беш банд ёки бошқа тафсилотлар йўқ... бу келишув”, деган Наим Қосим.
Унга кўра, 18 февралдан кейин Исроилнинг Ливан ҳудудида қолиши босқинчи куч сифатида қабул қилинади.
“Ҳамма ишғолга қандай муносабатда бўлинишини билади”, деган у.
Маълумот учун, 2024 йил 27 ноябрда Исроил ва Ливан ўртасида АҚШ воситачилигидаги келишув асосида ўт очишни тўхтатиш тартиби кучга кирди.
Эслатиб ўтамиз, олдинров Оқ уй Исроил ва Ливан ўртасидаги ўт очишни тўхтатиш режими 18 февралгача узайтирилганини эълон қилганди. Баёнотда, шунингдек, Ливан, Исроил ва АҚШ ҳукумати 2023 йил 7 октябрдан кейин қўлга олинган ливанлик маҳбусларни қайтариш бўйича музокараларни бошлаш ниятида экани таъкидланган.