Исроил ва Ливан ўт очишни тўхтатиш режимини узайтирди

Олам

image

Исроил ва Ливан ўртасидаги ўт очишни тўхтатиш режими 18 февралгача узайтирилди. Бу ҳақда Оқ уй баёнот эълон қилди.

Унга кўра, икки мамлакат расмийлари оташкесимни жорий йилнинг 18 февралига қадар узайтиришга келишиб олган. Баёнотда, шунингдек, Ливан, Исроил ва АҚШ ҳукумати 2023 йил 7 октябрдан кейин қўлга олинган ливанлик маҳбусларни қайтариш бўйича музокараларни бошлаш ниятида экани таъкидланган.

2024 йил 27 ноябрда кучга кирган Ливан ва Исроил ўртасидаги сулҳ шартларига кўра, Исроил томони ўз қўшинларини Ливан жанубидан 60 кун ичида, яъни 2025 йил 27 январгача олиб чиқиб кетиши керак эди. Аммо жорий йил 24 январда Исроил Бош вазири Биньямин Нетаньяху девони қўшинларни чиқариш муддати тугагандан кейин ҳам давом эттирилишини маълум қилди. Исроил бу қарорни Ливан томони битим шартларини тўлиқ бажармагани билан изоҳлади.

Сулҳ битимига кўра, Ливан армияси БМТнинг Ливандаги вақтинчалик кучлари (UNIFIL) кўмагида мамлакат жанубий чегараси бўйлаб жойлаштирилиши лозим. Шунингдек, “Ҳизбуллоҳ” қуролли тузилмалари ўз кучларини Литани дарёсидан ортга олиб чиқиши керак.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Ливаннинг “Ҳизбуллоҳ” ҳаракати ва Исроил ўртасидаги ўт очишни тўхтатиш бўйича келишув муддати узайтирилиши мумкинлиги хабар қилинганди. Ливан, Исроил ва Франция расмийларига кўра, “Ҳизбуллоҳ” ва Исроил сулҳ шартларини тўлиқ амалга ошириш учун кўпроқ вақтга муҳтож ва ҳарбий ҳаракатларни қайта бошлаш нияти йўқ.


Мақола муаллифи

Теглар

АҚШ Исроил Ливан

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг