“Ҳизбуллоҳ” АҚШга ҳужум қилиши мумкин – “Politico”

Олам

image

Америка разведкаси “Ҳизбуллоҳ” АҚШ ҳудудига ёки хориждаги америкалик дипломатларга ҳужумлар уюштириши мумкин, деб ҳисобламоқда. Бу ҳақда АҚШ Президенти Жо Байден маъмуриятидаги тўртта манбага таяниб, “Politico” газетаси хабар берди.

Қайд этилишича, расмийлар “биринчи навбатда Эрон томонидан қўллаб-қувватланган қуролли гуруҳ” Яқин Шарқдаги Америка қуролли кучларига зарба беради, деб ҳисоблайди. 

"АҚШ разведкаси “Ҳизбуллоҳ”га оид маълумотларни тўпламоқда, бу эса у АҚШ ҳарбийлари ёки дипломатик ходимларига қарши ҳужумлар уюштириш имкониятини кўриб чиқаётганидан далолат беради. Минтақада кескинлик кучайган сари АҚШ ҳудудига ҳужум қилиш эҳтимоли ҳам ошиб бормоқда", деб ёзади газета.

Таъкидланишича, АҚШ маъмуриятидаги манбалар гап қандай ҳужум ҳақида кетаётганини тушунтирмаган. Уларнинг айтишича, “Ҳизбуллоҳ” кенг халқаро тармоққа эга бўлиб, бу гуруҳга АҚШ ҳудудида ҳужум уюштириш учун агентлардан фойдаланишга имкон беради. 

Разведка маълумотларига кўра, Яқин Шарқдаги бошқа гуруҳлар ҳам бундай имкониятларга эга эмас.

Қайд этилишича, АҚШ ҳудудига ёки хориждаги Америка ҳарбийлари ёки дипломатларига ҳужум "Байден маъмурияти учун зарба бўлади". 

"Бу миллий хавфсизлик ресурсларини Хитой ва Россияга қарши курашишга қаратмоқчи бўлган бир пайтда АҚШни Яқин Шарққа қайтариши мумкин", дейилади хабарда.

Эслатиб ўтамиз, 4 январь куни “Ҳизбуллоҳ ал-Нужаба” ҳаракати қўмондонларидан бири Абу Тақва Бағдодда Америка учувчисиз учоқларининг зарбаси оқибатида ҳалок бўлган, яна камида олти киши яраланган эди. Тақва ҳаракатнинг 12-бригадасини бошқарган ва айни пайтда Ироқ милицияси “Ал-Ҳашд аш-Шаби”нинг тарафдори эди. 2023 йилнинг 26 декабрида АҚШ Марказий қўмондонлиги Ироқ ва Суриядаги коалиция кучларига қарши ҳужумларга жавобан Ироқ ҳудудидаги “Катаиб Ҳизбуллоҳ” нишонларига ҳужум қилганини эълон қилди. Ўшанда Ироқ ҳукумати АҚШнинг республикадаги нишонларга зарбаларини мамлакат суверенитетини бузувчи душманлик ҳаракати сифатида баҳолади.


Мақола муаллифи

Теглар

АҚШ Ҳизбуллоҳ

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг