“Ҳизбуллоҳ” ҲАМАСга қўшилишга тайёр – “Reuters”
Олам
−
13 Октябрь 2023
17865“Ҳизбуллоҳ” (террористик ташкилот) раҳбарининг ўринбосари Найим Қосим Ливан пойтахти Байрутда “Ҳизбуллоҳ” жангчилари ҲАМАСга қўшилиб, Исроилга қарши жангга кириши мумкинлигини айтди. Бу ҳақда “Reuters” хабар берди.
"Буюк давлатлар, араб давлатлари, Бирлашган Миллатлар Ташкилоти элчиларининг биз билан бўлган парда ортидаги қўнғироқлари, тўғридан-тўғри ва билвосита аралашманг, деганлари ҳеч қандай таъсир қилмайди. “Ҳизбуллоҳ” ўз вазифасини жуда яхши билади. Биз тўлиқ тайёрмиз”, деган у Байрут жанубидаги митингга йиғилган тарафдорларига.
Ҳозирча Ливанда фаолият юритаётган ташкилот Исроил армияси билан кенг кўламли можаро томон юргани йўқ. Бироқ, Ливан-Исроил чегарасида якка тартибдаги ҳужумлар аллақачон амалга оширилмоқда ва Исроил мамлакат шимолида жанговар бўлинмаларни жамламоқда.
“Ҳамма кутаётган савол: “Ҳизбуллоҳ” нима қилади ва унинг ҳиссаси қандай бўлади? Биз охиригача курашамиз. Ҳар қандай шароитда, ҳар қандай хавфга қарши ўз ишимизни амалга оширамиз", деган Найим Қосим
Ливан армияси “Ҳизбуллоҳ”нинг ажралган гуруҳлари чегарани кесиб ўтишга ҳаракат қилишидан қўрқиб, жануб бўйлаб ўз бўлинмаларини жойлаштирган.
Эслатиб ўтамиз, олдинроқ Эрон Ташқи ишлар вазири Ҳусайн Амир Абдуллоҳиён Байрутга ташрифи чоғида “Ҳизбуллоҳ” етакчиси Шайх Ҳасан Насруллоҳ билан учрашганди. Музокаралар чоғида Абдуллоҳиён ва Насрулло Фаластин-Исроил можаро зонасидаги вазиятни муҳокама қилган, шунингдек, икки томон ҲАМАСнинг Исроилга ҳужумидан кейин қандай позицияни эгаллаши кераклиги юзасидан маслаҳатлашувлар ўтказган. Исроилга борган АҚШ Давлат котиби Энтони Блинкен эса агар бошқа давлатлар ёки террорчилар Исроилга ҳужум қилса, АҚШ Исроилни ҳимоя қилишини айтганди. Эҳтимол, шунинг учун ҳам АҚШ Ўртаер денгизига ўзининг авиаташувчи кемаларини жойлаштирмоқда. АҚШ Исроилга ҳарбийларини жўнатмаслигини маълум қилган. Бироқ Ўртаер денгизидаги кучлар орқали айрим нишонларга ҳаво зарбасини бериш мумкин.