Ҳиндистонда сайлов можароси: юзлаб одамлар ҳибсга олинди

Олам

−

image

Ҳиндистон пойтахти Деҳлида бош сайлов комиссияси раиси Гянеш Кумарнинг истеъфосини талаб қилган намойишчилардан юзлаб нафари ҳибсга олинди. Намойишларнинг олдини олиш учун шаҳарнинг айрим ҳудудлари ёпилиб, мобил интернет ўчирилди, ўнлаб метро бекатлари ва бозорлар фаолияти тўхтатилди. “Тараканлар партияси” (“Cockroach Janta Party”) асосчиси Абҳижит Дипке ҳам ҳибсга олинди. Бу ҳақда “Reuters” хабар берди.

Бугун, 10 октябрь куни Деҳлида намойишларнинг олдини олиш учун минглаб полициячи ва ҳарбийлаштирилган кучлар сафарбар этилган. Намойишчилар тўпланиши режалаштирилган Жантар Мантар майдони ўраб олинган. Шунга қарамай, шаҳарнинг бошқа ҳудудларида норозилик намойишлари бўлиб ўтган. Иштирокчилар Гянеш Кумарнинг истеъфосини талаб қилган.

Норозиликларга сайловчилар рўйхатини қайта кўриб чиқиш жараёни сабаб бўлган. Мухолифат миллионлаб сайловчиларнинг маълумотлари рўйхатдан чиқариб ташлангани ва бу ўзгаришлар Бош вазир Нарендра Моди бошчилигидаги ҳукмрон “Бҳаратия Жаната” партиясига (BJP) фойда келтирганини айтмоқда.

“Reuters”га кўра, полиция намойишчиларни қувиб, ўнлаб кишиларни автобусларга олиб чиққан. Айрим ёшлар “Инқилоб яшасин!” деб ҳайқирган.

“Бу халқ ҳуқуқларининг бузилиши. Мамлакат энди бунга тоқат қилмайди”, деган намойишчилардан бири Йогендра Соланки полиция уни олиб кетаётган пайтда “Reuters” мухбирига.

Дипке билан бирга ҳаракатнинг яна икки етакчиси Саураав Дас ва Ашутуш Ранка ҳам Деҳлига учиб келган самолётдан тушганида ҳибсга олинган. Шунингдек, телеканаллар мухолифат вакиллари Мамата Банержи ва Арвинд Кежривал ҳам ушланганини хабар қилган.

Ҳиндистон сайлов комиссияси маълумотларига кўра, текширув давомида сайловчилар рўйхатидан қарийб 130 миллионта ёзув чиқариб ташланган. Уларнинг 63 миллионтаси бошқа жойга кўчиб кетган, 30 миллионтаси топилмаган фуқароларга, 28 миллионтаси эса вафот этган шахсларга тегишли бўлган.

Мухолифат рўйхатдаги ўзгаришлар BJP фойдасига ишлаганини таъкидламоқда. Сайлов комиссияси ва ҳукмрон партия эса қонунбузарликлар ҳақидаги айбловларни рад этган. Комиссия рўйхатдан хато чиқарилган фуқаролар қайта рўйхатдан ўтиши мумкинлигини билдирган.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Францияда 3 700 га яқин мактабдан 400 тасида намойишлар ёки тартибсизликлар кузатилгани ҳақида хабар берилган эди. Ўқувчилар синфлардаги ўқувчилар сонининг кўплиги, ўқитувчилар етишмаслиги ва дарс жадвалларининг ҳаддан ташқари тиғизлигига қарши чиққанди.


Мақола муаллифи

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг