Ҳиндистон камбағалликни камайтириш учун муқобил йўлни ишлаб чиқди
Олам
−
04 Март
9419Ҳиндистон ривожланиш борасидаги машҳур мифларни йўқ қилиб, мамлакатда ўта қашшоқлик аҳамиятсиз даражага тушиб кетганини таъкидлади. Бу ҳақда “The Economist” нашри хабар берди.
Кўп йиллар давомида иқтисодчилар саноат соҳасини жадал ривожлантириш камбағалликни қисқартириш йўлидаги биринчи қадам деб ҳисоблаган. Бундан кўзланган мақсад кам таъминланган аҳолини заводларда иш билан таъминлаш ва шу орқали турмуш шароитини яхшилашдир. Бироқ Ҳиндистон тажрибаси бу фикрга зиддир.
Иқтисодчилар Суржит Бҳалла ва Каран Бҳасин томонидан ўтказилган тадқиқотга кўра, 2024-2025 йиллар учун сўров натижалари шуни кўрсатадики, Ҳиндистон аҳолисининг кунига 2,15 долларлик халқаро қашшоқлик чегарасидан пастда яшайдиган улуши (харид қобилияти паритети бўйича) бор-йўғи 1 фоизни ташкил этади. Бу аҳолининг деярли 50 фоизи қашшоқлик чегарасида яшаган 1990 йиллардаги вазиятдан кескин фарқ қилади.
Энг ҳайратланарлиси шундаки, Ҳиндистон аҳолисининг 40 фоизи қишлоқ хўжалиги билан банд бўлишига қарамай, ушбу натижага эриша олган.
Хитойдаги каби саноатлашув билан солиштирганда, Ҳиндистон ўз аҳолисини заводларга жалб қилиш ўрнига қишлоқ жойларда яшашни давом эттириш орқали ўз даромадларини ошириш учун шароит яратди. Яъни қишлоқ хўжалигини яхшилаш, қишлоқ аҳолисининг иш ҳақини ошириш ва давлат томонидан қўллаб-қувватлаш дастурлари миллионлаб одамларни қашшоқликдан қутқарди.
Сан-Диегодаги Калифорния университети тадқиқотчиларининг таҳлили шуни кўрсатдики, Хитойда камбағалликдан қутулганларнинг 37 фоизи қишлоқ хўжалигидан ишлаб чиқариш ёки хизмат кўрсатиш соҳасига ўтган бўлса, Ҳиндистонда бу кўрсаткич атиги 10 фоизни ташкил этади. Бу қишлоқда ҳам иқтисодий тараққиётга эришиш мумкинлигини кўрсатади.
Иқтисодчилар Ҳиндистонда қашшоқликнинг янги мезонларини жорий этиш зарурлигини ҳам таъкидламоқда. Ҳозирги халқаро камбағаллик чегараси (2,15 доллар) деярли барчани қамраб олгани сабабли, кейинги тараққиётни тўғри баҳолаш қийин бўлади. Шунинг учун тадқиқотчилар энг паст даромадли аҳолининг 25-30 фоизини қамраб оладиган янги қашшоқлик чегарасини белгилашни таклиф қилмоқда.
Чунки даромад қанчалик кўпаймасин, кўпчилик ҳали ҳам молиявий беқарорлик муаммосига дуч келади. Мисол учун, кўп одамлар соғлиқни сақлаш, таълим ёки уй-жой харажатларини оғир деб билади.
Ҳиндистон тажрибаси шуни кўрсатадики, иқтисодий ривожланишнинг ягона тўғри йўли йўқ. Шу пайтгача саноатлаштириш ва миграция асосий восита сифатида кўрилган бўлса-да, энди қишлоқларда иқтисодий ўсиш ҳам самарали бўлиши аниқ бўлди. Ҳиндистонда миллионлаб одамлар қишлоқ жойларда қолиб, қашшоқликдан қутулган.
Бу бошқа ривожланаётган мамлакатлар учун яхши сабоқ бўлиши мумкин. Қашшоқликка қарши курашда нафақат завод-фабрикалар қуриш, балки мавжуд ресурслардан самарали фойдаланиш, қишлоқ инфратузилмасини ривожлантириш, қишлоқ хўжалигини модернизация қилиш муҳим аҳамият касб этиши тасдиқланди.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Ўзбекистонда 2024 йил якуни билан халқаро стандартлар асосида камбағаллик даражаси аниқланганди. Унга кўра, ўтган йилда Ўзбекистонда камбағаллик даражаси 11 фоиздан 8,9 фоизга камайган (3,3 миллион киши ёки 2023 йилга нисбатан 719 мингга камайган). Камбағалликни қисқартириш ва бандлик вазирлигига кўра, ушбу натижа Жаҳон банки билан ҳамкорликда олиб борилган тадқиқотлар асосида аниқланган.
LiveБарчаси