Эрон Ҳиндистон ва Покистоннинг орасига тушмоқчи
Олам
−
26 Апрель 4281 2 дақиқа
Эрон ҳукумати Ҳиндистон ва Покистон ўртасидаги низоларни ҳал қилишда воситачи бўлишга тайёр. Бу ҳақда Эрон Ташқи ишлар вазири Аббос Ароқчи ўзининг Х ижтимоий тармоғида ёзиб қолдирди.
Ароқчининг сўзларига кўра, рамий Теҳрон қўшнилари қийин вазиятга тушиб қолганда, доим ёрдам беришга тайёр.
“Ҳиндистон ва Покистон Эроннинг қардош қўшнилари бўлиб, кўп асрлик маданий ва цивилизацион алоқаларга асосланган муносабатларга эга. Теҳрон ушбу қийин вақтда Исломобод ва Нью-Деҳлига воситачилик хизматларини кўрсатишга тайёр”, дея ёзади Эрон вазири.
Покистон ва Ҳиндистон ўртасидаги вазиятнинг кескинлашуви
Жорий йилнинг 22 апрель куни Кашмир минтақасининг Ҳиндистон ҳудудидаги Пахалгам шаҳри яқинидаги сўқмоқ бўйлаб ҳаракатланаётган сайёҳларга террорчилар ҳужум қилган эди. Оқибатда 26 нафар ҳиндистонлик ва 1 нафар Непал фуқароси ҳалок бўлди.
Шундан сўнг Ҳиндистон Покистонга нисбатан қатор чоралар кўрилишини эълон қилди. Хусусан, қуруқликдаги ягона очиқ чегара пункти Аттари ёпилишини ва Ҳинд дарёсининг суви тўсилиши билдирилди.
Бунга жавобан Покистон Ҳиндистон учун ҳаво ҳудудини ёпиб, Ҳинд дарёси сувининг тўсилиши уруш эълон қилиш сифатида баҳолашини маълум қилди. Бу орада икки давлат фуқароларини SAARC визасидан озод қилиш тизими тўхтатилди ва шундай виза эгаларига тез фурсатда мамлакатларни тарк этиш буюрилди.
Кеча, 25 апрелга ўтар кечаси эса Ҳиндистон ва Покистон ҳарбийлари Жамму ва Кашмирда жойлашган назорат чизиғи бўйлаб бир-бирига қарата ўт очди. Ҳозирча ҳар икки томон йўқотишлар ҳақида расмий маълумот бермаган. Ҳалок бўлганлар ёки яраланганлар бор-йўқлиги номаълум. Шунга қарамай, Нью-Деҳли ва Исломобод бир-бирини ўт очишни тўхтатиш режимини бузганликда айбламоқда.
Маҳаллий нашрлар эса Покистон Ҳиндистоннинг Ҳинд дарёси оқимини тўхтатиши ёки йўналишини ўзгартиришга уринишларини уруш ҳаракати сифатида баҳолаши ҳақида расман огоҳлантирганига қарамай мазкур дарё оқими тўлиқ тўсиб қўйганини хабар қилмоқда. Бу 1960 йилда имзоланган Ҳинд дарёси сув ресурслари бўйича битимдан буён биринчи марта кузатилмоқда. Мазкур шартнома сиёсий келишмовчиликларга қарамасдан, томонларни сув ресурсларини биргаликда бўлишишга мажбур қиларди.
Live
Барчаси