Покистон Ҳиндистон билан урушга тайёр – Мудофаа вазири
Олам
−
25 Апрель
7269Покистон Ҳиндистон томонидан эҳтимолий тажовузга жавоб беришга тайёр. Бу ҳақда бугун, 25 апрель куни мамлакат Мудофаа вазири Хавожа Асиф “Sky News” телеканали эфирида маълум қилди.
“Биз Ҳиндистоннинг ҳар қандай ташаббусига жавобимизни ўйлаб кўрамиз. Бу мувозанатли жавоб бўлади. Агар кенг кўламдаги ҳужум ёки шунга ўхшаш нарса рўй берса, у ҳолда, албатта, бу тўлиқ миқёсдаги урушга айланади. Икки ядровий давлатнинг тўқнашуви доимо хавотир уйғотади. Агар бирор ҳаракат хато кетса, бу қарама-қаршилик фожиали якун топиши мумкин”, деди Асиф.
Покистон ва Ҳиндистон ўртасидаги вазиятнинг кескинлашуви
Эслатиб ўтамиз, 22 апрель куни Кашмир минтақасининг Ҳиндистон ҳудудидаги Пахалгам шаҳри яқинидаги сўқмоқ бўйлаб ҳаракатланаётган сайёҳларга террорчилар ҳужум қилган эди. Оқибатда 26 нафар ҳиндистонлик ва 1 нафар Непал фуқароси ҳалок бўлди.
Шундан сўнг Ҳиндистон Покистонга нисбатан қатор чоралар кўрилишини эълон қилди. Хусусан, қуруқликдаги ягона очиқ чегара пункти Аттари ёпилишини ва Ҳинд дарёсининг суви тўсилиши билдирилди.
Бунга жавобан Покистон Ҳиндистон учун ҳаво ҳудудини ёпиб, Ҳинд дарёси сувининг тўсилиши уруш эълон қилиш сифатида баҳолашини маълум қилди. Бу орада икки давлат фуқароларини SAARC визасидан озод қилиш тизими тўхтатилди ва уларга тез фурсатда мамлакатларни тарк этиш буюрилди.
Бугун, 25 апрелга ўтар кечаси эса Ҳиндистон ва Покистон ҳарбийлари Жамму ва Кашмирда жойлашган назорат чизиғи бўйлаб бир-бирига қарата ўт очди. Ҳозирча ҳар икки томон йўқотишлар ҳақида расмий маълумот бермаган. Ҳалок бўлганлар ёки яраланганлар бор-йўқлиги номаълум. Шунга қарамай, Деҳли ва Исломобод бир-бирини ўт очишни тўхтатиш режимини бузганликда айбламоқда.
Маҳаллий нашрлар эса Покистон Ҳиндистоннинг Ҳинд дарёси оқимини тўхтатиши ёки йўналишини ўзгартиришга уринишларини уруш ҳаракати сифатида баҳолаши ҳақида расман огоҳлантирганига қарамай мазкур дарё оқими тўлиқ тўсиб қўйганини хабар қилмоқда. Бу 1960 йилда имзоланган Ҳинд дарёси сув ресурслари бўйича битимдан буён биринчи марта кузатилмоқда. Мазкур шартнома сиёсий келишмовчиликларга қарамасдан, томонларни сув ресурсларини биргаликда бўлишишга мажбур қиларди.
LiveБарчаси