Ҳарбий тавсияномага эга абитуриентларга квота тасдиқланди
Жамият
−
30 Июль
5046Олий таълим муассасаларига ўқишга қабул қилиш бўйича ҳарбий тавсияномага эга бўлганлар учун республика бўйича жами 9745 та қўшимча квота ажратилди. Бу ҳақда Билим ва малакаларни баҳолаш агентлиги маълум қилди.
Қайд этилишича, ҳарбий қисм қўмондонлигининг беш фоизли тавсияномасига эга бўлган абитуриентларга квоталар таълим шакллари кесимида қуйидагича тақсимланган:
- кундузги – 6400 та (давлат гранти - 1 742 та, тўлов-контракт - 4 658);
- сиртқи – 2606 та (тўлов-контракт);
- кечки – 458 та (тўлов-контракт);
- масофавий – 281 та (тўлов-контракт).
Маълумот учун, ҳарбий тавсияномага эга абитуриентлар учун мазкур имтиёзли квота фақат биринчи йўналиш учун амал қилади. Иккинчи, учинчи ва бошқа йўналишлар учун ҳисобга олинмайди. Имтиёзли квота йўналишлар кесимида эмас, ОТМлар кесимида берилган. Ушбу имтиёздан фойдаланишда абитуриент грант учун камида 68 балл, контракт учун камида 56,7 балл тўплаган бўлиши керак. Ундан камроқ балл олганларга мазкур имтиёз қўлланмайди.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ 2024/2025 ўқув йили учун таълим кесимида давлат буюртмаси асосида ўқишга қабул қилиш параметрларининг таълим шакллари, тиллар ва йўналишлар бўйича умумий тақсимоти эълон қилинганди.