Ҳар бир туғилган бола учун 55 минг доллар берилади

Олам

image

Сингапур ҳукумати мамлакатда туғилиш кўрсаткичи пасайиб бораётгани сабабли оилаларни фарзандли бўлишга рағбатлантиришга қаратилган янги чораларни эълон қилди. Бу ҳақда “Financial Times” хабар берди.

Янги пакет доирасида ҳар бир фарзанд учун 17 ёшга тўлгунига қадар қарийб 70 минг Сингапур доллари, яъни тахминан 55 минг АҚШ доллари миқдорида молиявий ёрдам кўрсатилади. Унинг 10 минг Сингапур доллари фарзанд туғилганида, яна шунча маблағ унинг кейинги таълими учун ажратилади. Қолган қисми эса бола улғайиши давомида турли босқичларда тўлаб борилади.

Ҳукумат мазкур чоралар билан оилаларга нафақат фарзанд туғилган пайтда, балки уни вояга етказиш жараёнида ҳам узоқ муддатли молиявий кўмак беришни мақсад қилган.

Шунингдек, кўп фарзандли оилалар учун ота-она таътиллари бўйича тўловлар кенгайтирилади. Бунда иш берувчиларнинг харажатларининг каттароқ қисми давлат томонидан қопланиши кўзда тутилмоқда. Фарзандли оилалар учун биринчи уй-жойни имтиёзли дастур асосида сотиб олиш имкониятларини кенгайтириш ҳам режалаштирилган.

Қайд этилишича, Сингапурда туғилиш коэффициенти ўтган йили рекорд даражада пасайиб, бир аёлга 0,87 нафар фарзанд тўғри келган. 2024 йилда бу кўрсаткич 0,97 нафарни ташкил этган. Демографлар аҳоли сонини барқарор сақлаб туриш учун миграция бўлмаган тақдирда, туғилиш коэффициенти тахминан 2,1 бўлиши кераклигини таъкидлайди. Аҳоли қариб бораётгани ҳам Сингапур учун жиддий демографик муаммога айланмоқда.

БМТ мезонларига кўра, аҳолининг 21 фоиздан ортиғи 65 ёш ва ундан катта бўлса, мамлакат “супер қариялар жамияти” ҳисобланади. Сингапур эса бу босқичга жорий йилда кириши кутилмоқда.

Шу билан бирга, Бош вазир Лоуренс Вонг ҳукумат кўраётган чораларга қарамай, туғилиш даражаси аҳолини табиий равишда барқарор сақлаш учун зарур кўрсаткичга етиши эҳтимоли пастлигини айтган.

Унинг айтишича, фақат туғилиш ҳисобига таянилса, мамлакат фуқаролари сони қисқаради, аҳоли янада тез қарийди ва кекса авлодни қўллаб-қувватлайдиган ёшлар сони камаяди.

Шу сабабли, Сингапур ҳукумати аҳоли ўсишини қўллаб-қувватлаш учун иммиграция сиёсатини ҳам сақлаб қолмоқчи. Бироқ мамлакатга янги келувчилар назорат қилинган ва барқарор суръатда қабул қилиниши, сингапурликлар эса мамлакат аҳолисининг кўпчилигини ташкил этиб қолиши таъкидланган.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Арманистонда 2026 йил 1 сентябрдан бошлаб бола туғилганда бериладиган бир марталик нафақа 500 минг арман драмини (1300 АҚШ доллари) ташкил этилиши ҳақида хабар берилган эди.


Мақола муаллифи

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг