“Ҳаммангиз менинг фарзандларимсизлар”. Президент бемор болалардан хабар олди
Жамият
−
14 Май 2021
3982Аввал хабар қилинганидек, Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев 14 май куни Республика ихтисослаштирилган гематология илмий-амалий тиббиёт марказига борди. Бу ҳақда Президент Матбуот хизмати хабар берди.
Президент марказнинг шароитларини кўздан кечирди. Марказда 3 та бино бўлиб, 260 та ўринга эга. Ҳозирги кунда бу ерда 210 нафар бемор даволанмоқда. Шундан 42 нафари болалардир.
Шавкат Мирзиёев ушбу шифохона учун янги бино барпо этиш, унда Россиянинг Д.Рогачёв номидаги тиббий тадқиқот маркази тажрибаси асосида болалар онкогемотологияси маркази ташкил қилиш бўйича кўрсатмалар берди. У ерда ўзак хужайраларини донордан кўчириб ўтказиш – аллоген трансплантация йўлга қўйилади.
Президент шифохонада даволанаётган болалар ва уларнинг оналари билан суҳбатлашди.
“Гематологияда даволашни яхшилаш бўйича қарорлар қабул қилдик. Лекин, бу ишлар ҳали етарли эмас. Бугун келишимдан мақсад – сизларга янаям кўпроқ шароит яратиш, касалларни тезроқ оёққа қўйиш, даволаш кафолатини ошириш бўйича чораларни белгилаш. Сизлар ҳаммангиз – менинг фарзандларимсизлар. Ҳар куни кулиб туриб, ота-оналарингга мадад бўлишларингиз керак. Албатта тузалиб кетаман, деган интилишингиз бўлиши керак. Биз бунинг учун ҳамма шароитларни яратишга ҳаракат қиламиз”, дейди Шавкат Мирзиёев.
Шунингдек, Президент оналар ва болаларни Рамазон ҳайити билан табриклади.
“Кўнгилларингиз бўлинмасин. Бир ўзларингиз эмассизлар. Ҳаммамиз ҳамдардмиз. Бу соҳада имкониятларни яхшилаш учун янги марказ қурамиз. У ерда оналар учун ҳам, болаларнинг ўқиши учун ҳам шароит бўлади, даволаш ҳам ўзгаради. Энг катта ниятимиз - тезроқ даво топиб, уйга, оилангиз бағрига қайтишингиз”, дейди Президент.
Шавкат Мирзиёев болаларга меҳрибонлиги ва фидойилиги учун марказ шифокорларига миннатдорлик билдирди.
LiveБарчаси
Бухорода Ғиждувон деҳқон бозори ёнмоқда.
14 Декабрь