ҲАМАС ўлдирган одамлар тинч аҳоли эмас эди – Ҳоманаий
Олам
−
17 Октябрь 2023
15467Эрон олий раҳнамоси Оятуллоҳ Али Ҳоманаийнинг айтишича, ҲАМАС жангарилари ҳужуми оқибатида ҳалок бўлган ва жабрланган Исроил аҳоли пунктларидаги одамлар тинч аҳоли бўлмаган. Бу ҳақда IRNA ахборот агентлиги хабар берди.
“Фаластиннинг босиб олинган ҳудудидаги аҳоли пунктларида яшовчи одамлар тинч аҳоли эмас, чунки уларнинг аксарияти қуролланган”, деган Эрон олий раҳнамоси.
Унинг айтишича, агар яҳудий давлати Ғазо секторига ҳужум қилишда давом этса, Исроилга қарши чиқаётган гуруҳларни ҳеч ким тўхтата олмайди.
“Агар сионистик режимнинг жиноятлари давом этса, бутун дунё мусулмонлари ва қаршилик кучларининг сабр косаси тўлади. Шунда уларни ҳеч ким тўхтата олмайди”, дейди Ҳоманаий.
Шунингдек, Али Ҳоманаий Эрон Ғазо секторига йирик ҳаво ҳужумларини бошлаган Исроил ҳаракатларига жавоб йўллаши кераклигини айтган.
“Биз жавоб беришимиз, Ғазода содир бўлаётган воқеаларга муносабат билдиришимиз керак. [Фаластин анклавидаги] тинч аҳоли очликдан ўлмоқда. Ҳар куни юзлаб одамлар ўлмоқда, бунга биз реакция билдиришимиз шарт”, дея таъкидлайди Эрон олий раҳбари.
Мамлакат Ташқи ишлар вазирлиги матбуот котиби Носир Канани Чафий Исроил билан қуролли тўқнашув сценарийларининг ҳеч бирини рад этиб бўлмаслигини айтган.
“[Исроилга] қаршилик кўрсатиш ўқи бирон-бир жабҳа билан чегараланиб қолмайди, шунинг учун сионистлар ҳеч қандай қуролли тўқнашув сценарийларини истисно қилмаслиги керак. Қаршилик кучлари қўлларини чўзмоқда ва бу қўллар бўш қолмайди: тез орада сионистларнинг ҳаракатларига профилактик муносабат амалга оширилади”, дея таъкидлайди Канани Чафий.
Кеча, 16 октябрь куни ТИВ раҳбари Ҳусайн Амир Абдуллоҳиён ҳам худди шундай тезис билан чиққан. Эрон телеканалларидан бирига берган интервьюсида у Исроилга қарши бўлган гуруҳлар яқин соатларда “дастлабки чоралар” кўришини айтган. Хусусан, у “Ҳизбуллоҳ” етакчиси Шайх Ҳасан Насруллоҳ билан учрашганини эслатиб, унинг олдида барча мумкин бўлган вариант ва сценарийлар борлигини таъкидлаган.
Эслатиб ўтамиз, Ғазода вазият таранглашуви фонида Эрон Ташқи ишлар вазири Ҳусайн Амир Абдуллоҳиён минтақа бўйлаб сафар қилишни бошлаган эди. У Ироқда Бош вазир Муҳаммад ал-Суданий билан, Ливанда “Ҳизбуллоҳ” етакчиси Шайх Ҳасан Насруллоҳ билан учрашди. Абдуллоҳиён Эрон Исроилга қарши янги фронт очиши мумкинлигини айтди. Эрон Президенти Иброҳим Раисий эса Саудия Арабистони валиаҳд шаҳзодаси Муҳаммад бин Салмон Ол Сауд билан телефон орқали мулоқотда Исроил ва Фаластин ўртасидаги можаро ҳудудидаги вазиятни муҳокама қилди.
LiveБарчаси
Бухорода Ғиждувон деҳқон бозори ёнмоқда.
14 Декабрь