ҲАМАС Ғазо сектори шимолидаги назоратни қўлдан бой берди – ЦАХАЛ
Олам
−
09 Ноябрь 2023
3460Исроил мудофаа кучлари матбуот котиби Даниэль Ҳагарий ҲАМАС ҳаракати Ғазо сектори шимолидаги назоратни йўқотганини маълум қилди. Бу ҳақда “The Times of Israel” нашри ёзмоқда.
“Биз 50 000 ғазоликларнинг чизиқнинг шимолий қисмидан жанубга кўчиб ўтганини кўрдик. Улар ҲАМАС секторнинг шимолий қисми устидан назоратни йўқотиб қўйганини, жанубда эса хавфсизроқ ва тинчроқ, сув, озиқ-овқат ва дори-дармон олишлари мумкин бўлганини тушунгани учун ҳаракат қилмоқда”, дейди Ҳагарий.
Шунингдек, у мамлакат Ғазога ҳужумни чуқурлаштиришда ва фуқаролик объектлари ёнидаги туннель шахталарини блокировка қилишда давом этаётганини маълум қилган.
Мудофаа кучлари вакилининг сўзларига кўра, ўт очишни тўхтатиш режаси йўқ, аммо Исроил армияси тинч аҳоли эвакуация қилишлари учун "гуманитар паузаларни" жорий қилмоқда.
Айни пайтда, Исроил Бош вазири маслаҳатчиси Марк Регевнинг билдиришича, Ғазо секторининг жанубида, ҲАМАС инфратузилмаси мавжуд бўлмаган жойда дала шифохоналари жойлашган “махсус гуманитар ҳудуд” яратилмоқда.
Эслатиб ўтамиз, олдинроқ Даниэль Ҳагарий Исроил ҳарбийлари ҲАМАС аъзолари фойдаланаётган 100 дан ортиқ ерости туннелларига ўтиш йўлакларини, 4 мингдан ортиқ қурол-яроғ омборларини вайрон қилганини, уларнинг аксарияти фуқаролар бинолари, масжидлар ва болалар боғчаларида жойлашганини даъво қилганди.
Маълумот учун, Исроил ва ҲАМАС ўртасидаги уруш 7 октябрдан бери давом этмоқда. Исроил томонида 1,4 минг киши ҳалок бўлди, Фаластин қурбонлари сони эса 10 мингдан ошиб кетди. 2 ноябрь куни Исроил армияси Ғазо шаҳрини тўлиқ қуршаб олганини эълон қилди.