Исроил армияси бир ой ичида Ғазодаги 14 минг нишонга зарба берди
Олам
−
08 Ноябрь 2023
3773Исроил мудофаа кучлари бир ойдан бери давом этаётган операция доирасида Ғазодаги 14 мингдан ортиқ нишонларга зарба берди. Бу ҳақда Исроил мудофаа кучлари вакили Даниэль Ҳагарийга таяниб, “Al Arabiya” хабар берди.
Унинг даъво қилишича, Исроил ҳарбийлари ҲАМАС аъзолари фойдаланаётган 100 дан ортиқ ерости туннелларига ўтиш йўлакларини, 4 мингдан ортиқ қурол-яроғ омборларини вайрон қилган. Уларнинг аксарияти фуқаролар бинолари, масжидлар ва болалар боғчаларида жойлашган.
“Биз муваффақиятга эришяпмиз, лекин олдинда узоқ йўл бор. ҲАМАС террорчилари сулҳ бўлишига ўзларини ишонтирмоқда. Аммо сулҳ бўлмайди. Биз олдинга боришда давом этамиз. Биз кучларимизни Ғазодаги ҳужумга жамламоқдамиз”, дейди Ҳагарий.
Шунингдек, у ҲАМАСнинг разведка ва қурол-яроғ бўлинмасини бошқарган етакчиларидан бири Моҳсен Абу Зиннинг йўқ қилинганини эълон қилди. Ҳарбийга кўра, Абу Зин стратегик ўқ-дорилар ва ракеталар ишлаб чиқаришга масъул бўлган.
Маълумот учун, Исроил ва ҲАМАС ўртасидаги уруш 7 октябрдан бери давом этмоқда. Исроил томонида 1,4 минг киши ҳалок бўлди, Фаластин қурбонлари сони эса 10 мингдан ошиб кетди. 2 ноябрь куни Исроил армияси Ғазо шаҳрини тўлиқ қуршаб олганини эълон қилди.
LiveБарчаси