ҲАМАС Ғазо фуқароларидан тирик қалқон сифатида фойдаланмоқда – Блинкен 

Олам

image

АҚШ Давлат котиби Энтони Блинкен ҲАМАСни ғазоликлардан “жонли қалқон” сифатида фойдаланишда айблади.  Бу ҳақда у кеча, 13 октябрь куни Доҳада Қатар Ташқи ишлар вазири Муҳаммад бин Абдулраҳмон Ол Соний билан ўтказган қўшма матбуот анжуманида айтиб ўтди.

“Тинч аҳоли, албатта, ҳарбий амалиёт нишонига айланмаслиги керак. Улар Исроил амалиётларининг нишони эмас. ҲАМАС улардан ҳарбий техникаси ва инфратузилмасини ҳимоя қилиш учун фойдаланмоқда”, деган Блинкен.

Шунингдек, Блинкен Қўшма Штатлар Исроилга ўз халқини ҳимоя қилиш учун зарур бўлган ҳамма нарсани тақдим этишини таъкидлади.

“Исроил ўз халқини ҳимоя қилишга ҳақли ва шундай мажбуриятга эга. У ҲАМАС қилган ишларини бошқа такрорламаслиги учун барча имкониятини ишга солади”, деган Блинкен.

Шу билан бирга, АҚШ Давлат котиби унинг департаменти Ғазонинг тинч аҳолисига ёрдам етказиш мақсадида Исроил расмийлари, шунингдек, халқаро гуманитар ташкилотлар, жумладан, БМТ агентликлари билан доимий алоқада эканини билдирган.

“Биз Исроил билан тинч аҳолига зарар етказмаслик учун барча мумкин бўлган эҳтиёт чораларини кўриш муҳимлигини муҳокама қилишда давом этамиз. Ғазодаги кўплаб фаластинлик оилалар ўз айби билан азоб чекаётгани йўқ. Фаластинлик тинч аҳоли ўз ҳаётларини йўқотганини тан оламиз. Биз ҳалок бўлган ҳар бир бегуноҳ инсон – исроиллик, фаластинлик, яҳудий, насроний, мусулмон ва ҳар қандай дин ва миллатга мансуб тинч аҳолининг ҳалок бўлгани учун қайғурамиз”, деган Блинкен.

У ҳозирги даҳшатли воқеалар нима учун бу содир бўлаётганини унутмаслик кераклигини эслатган.

“Исроил Ғазода операциялар ўтказмоқда, чунки ҲАМАС террорчилик ҳужумларини амалга ошириб, унинг 1300 нафар аҳолисини ўлдирган. ҲАМАС террорчилари бегуноҳ тинч аҳолини – гўдакдан қаригача, эркак, аёл, ўғил-қизгача қирғин қилди, зўрлади, майиб қилди, қийноққа солди ва ёқиб юборди", дейди АҚШ Давлат котиби. 

Блинкеннинг сўзларига кўра, ҳозирда Ғазога гуманитар ёрдам етказиш бўйича саъй-ҳаракатлар ҲАМАС туфайли мураккаблашган ва ҳаракат фаластинликларнинг Ғазо жанубига, хавф-хатардан узоқлашишига йўл қўймаслик учун йўлларни тўсиб қўймоқда.

“Биз гуманитар вазият фавқулодда эканлигини биламиз. Биз ҳамкорлар, жумладан, Қатар билан ҳам ёрдамга муҳтожларга ёрдам кўрсатиш учун фаол ишлаяпмиз”, деган Блинкен.

Қайд этиш жоизки,Исроилнинг Ғазо сектори шимолидаги 1,1 миллион аҳолини эвакуация қилиши учун бор-йўғи бир кун бериш қарори кўплаб давлат ва ташкилотлар томонидан танқид қилинган. Хусусан, бу қарор нафақат араб давлатлари ва Туркия, балки БМТ ва Европа Иттифоқи дипломатияси раҳбари Жозеп Боррель томонидан ҳам қораланган.

Маълумот учун, АҚШ Давлат котиби Энтони Блинкен Яқин Шарққа сафари давомида Исроилдан сўнг Иорданияга ҳам борган ва қирол Абдулла билан учрашган.

Давлат департаментининг билдиришича, Америка дипломатияси раҳбари Қатар, Саудия Арабистони, Бирлашган Араб Амирликлари ва Мисрга ҳам ташриф буюради ва у ерда юқори мартабали амалдорлар билан учрашади.

“Давлат котиби можаро авж олишининг олдини олиш, гаровга олинганларнинг зудлик билан ва хавфсиз озод этилишини таъминлаш ҳамда тинч аҳолини ҳимоя қилиш механизмларини аниқлаш учун минтақавий шериклар билан ишлайди”, дейди Давлат департаменти матбуот котиби Мэтью Миллер.


Мақола муаллифи

Теглар

АҚШ Исроил ҲАМАС Энтони Блинкен

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг