ҲАМАС гаровдагиларни озод қилади, фақат...
Олам
−
09 Январь
8554Ғазо секторида ҲАМАС томонидан гаровга олинганлар фақат барча фаластинликлар озод этилган тақдирдагина Исроилга топширилиши мумкин. Бу ҳақда ҲАМАС Сиёсий бюроси раҳбари Исмоил Хония маълум қилди.
“Исроиллик гаровга олинганларнинг Ғазо секторини тирик ҳолда тарк этишининг ягона йўли – Исроил босқинчи маъмурлари қамоқхоналаридаги барча фаластинлик маҳбусларни қўйиб юборишидир”, дейди Хония.
ҲАМАС етакчисининг сўзларига кўра, Ғазодаги ҳарбий амалиётлар давомида Исроил ўз мақсадини амалга ошира олмаган.
"Исроил ҳукумати ўз мақсадлари – ҲАМАСни йўқ қилиш, Фаластин аҳолисини сектордан мажбуран кўчириш ва гаровга олинганларни қутқариш кабиларга шунча қирғин ва вайронагарчиликка қарамай эришолмади", дея қўшимча қилган Хония.
Шунингдек, у Исроил кучларининг Ғарбий Соҳилдаги ҳаракатлари “кенг кўламли ва жиддий хавф туғдириши” ҳақида огоҳлантирган.
Эслатиб ўтамиз, жорий йилнинг 22 ноябрь куни ҲАМАС Миср ва Қатар воситачилигида Исроил билан Ғазо секторида тўрт кунлик гуманитар сулҳ бўйича келишувга эришган ва у 24 ноябрда кучга кирганди. Сулҳга кўра, томонлар маҳбуслар ва гаровдагиларни озод қилди. Улар ўт очишни тўхтатишни бир неча бор узайтирди, бироқ 1 декабрь куни сулҳ тугади ва яна жанговор ҳаракатлар бошланди.
LiveБарчаси
Медведев Хитойга борди.
10:15