Ўзбекистон Каримовсиз Сурияга айланармиди ёхуд коррупциядан ва порахўр ҳокимлардан қутулолмаётган Ўзбекистон – Ҳафта таҳлили
Таҳлил
−
06 Сентябрь 15965 16 дақиқа
Ўзбекистонда талабалар ўртасида содир этилаётган жиноятларнинг асосий қисми қайси олий таълим муассасаларига тўғри келаётганини биласизми? Билмасангиз, билиб қўйинг! Кучли бешликдан Тошкент давлат транспорт университети, Ўзбекистон миллий университети, Тошкент давлат техника университети, Тошкент ахборот технологиялари университети ва Тошкент давлат иқтисодиёт университети ўрин олган. Ҳолбуки, Тошкент давлат иқтисодиёт университети ректори Тешабоев яқиндагина II даражали “Соғлом авлод учун” ордени билан мукофотланганди? Хўш, сиз яна қайси олий таълим муассасаларида коррупция ва жиноятчилик урчиган, деб ўйлайсиз? Бу ҳақда изоҳларда фаол бўлинг, лайк босинг, кўрсатувни дўстларингизга ҳам юборинг. Мавзуни эса дастур давомида муҳокама қиламиз. Камералар қаршисида эса Ҳафта воқеалари таҳлилининг навбатдаги сони билан Қамариддин Шайхов. Ассалому алайкум.
Лола Тилляева отасини эслади
Ўзбекистон Республикасининг Биринчи Президенти Ислом Каримов вафот этганига бу йил тўққиз йил тўлди. Анъанага кўра, 2 сентябрь куни Парламент депутатлари, Президент Администрацияси вакиллари, Ҳукумат аъзолари, Тошкент шаҳар жамоатчилиги Ислом Каримов фаолият юритган Оқсарой қароргоҳи, ҳозирги Ислом Каримов илмий-маърифий мажмуасига тўпланиб, марҳумнинг хотирасига ҳурмат бажо келтирди. Бу йил ушбу тадбир биринчи марта Президент Шавкат Мирзиёевсиз ўтди. Давлат раҳбари Хитойда бўлгани боис, ушбу маросимда иштирок этмади. Шунингдек, Ҳукумат раиси Абдулла Арипов ва Сенат раиси Танзила Норбоева ҳам хотира маросимида кўриниш бермади. Каримов оиласи номидан эса одатга кўра Ислом Каримовнинг беваси Татьяна Каримова иштирок этди.
Маълумки, Ислом Каримовнинг тўнғич қизи Гулнора Каримова қамоқда сақланмоқда. Кенжа қизи Лола Каримова-Тилляева эса отаси вафотидан сўнг Ўзбекистонни тарк этиб, АҚШда қўним топган. Шоҳона ҳаёт тарзига эга бўлган Лола Каримова отаси вафот этган кун муносабати билан уни яна бир бор хотирлаб, Каримовнинг доно сиёсати сабаб Ўзбекистоннинг бошига Сурия кўрган кулфатлар тушмаганини айтиб чиқди.
“Бугун дунёга назар ташлар эканман, унинг кўплаб қарорларида нақадар ҳақ бўлганини янада яхшироқ тушуняпман. Менга кўпчилик қўшилса керак. Шу билан бирга, айрим пайтлар унинг сиёсати ва ўтмишини камситишга уринишлар пайдо бўлаётганини ҳам кўрмоқдаман. Лекин мен қатъий ишонч билан айтаман: Биринчи Президентимиз Ўзбекистонни ички урушлардан, тўқнашувлардан асраб қолган. Яқин Шарқдаги айрим мамлакатлар, жумладан, Сурия ёки бошқа қўшниларимиз бошидан кечирган фожиалар Ўзбекистонни четлаб ўтган бўлса, бу айнан унинг доно сиёсати ва қатъиятли раҳбарлиги боис бўлган. Бунинг учун унга миннатдорлик билдиришга ҳақлимиз. Бу фақат менинг фикрим эмас, деб ўйлайман”, деди Лола Каримова-Тилляева.
Унинг айтишича, Ислом Каримов номини ёмон кўрсатишга уринаётган буюртма суҳбатлар, ёлғон интервьюлар, ёки турли “троллар” фаолияти жуда кулгили ва арзимаган кўринади. Каримовага кўра, марҳум Президентни турли нуқтайи назардан баҳолаш мумкин, аммо, энг асосийси, унинг қилган ишлари – Ўзбекистонни бугунги йўлга олиб чиққан.
Лола Каримова ўз чиқишларида оиласи, шахсий ҳаёти, қизи ва у ҳақида интернетда тарқаладиган бошқа ахборотларга изоҳ бермайди. У фақат отасини хотирлайди холос. Масалан, шу йил йилнинг апрелида халқаро матбуот Швейцария банкида Лола Тилляевага алоқадор шубҳали пуллар аниқлангани ҳақида ёзди. 2024 йилда эса Каримованинг АҚШнинг Беверли-Хиллз шаҳридаги тахминан 4450 квадрат метрлик “Le Palais” саройи 36 миллион долларга сотиб юборилгани ва у бу саройни қайси пулига олгани шов-шувларга сабаб бўлганди. Аммо Каримовалар бундай саволларни четлаб ўтади.
Ҳоким пора билан қўлга тушди
Коррупцияга қарши курашамиз деганимиз сари коррупция ҳам, унинг манбалари ҳам ортиб боряпти. Айни вазиятда эса Коррупцияга қарши курашиш агентлиги мум тишлаган, давлат хизматчиларининг даромадларини декларация қилишни назарда тутувчи қонундан эса мана бир неча йилдирки дарак йўқ, ёзиб қўйилган қонунни қабул қилишга ирода етишмаяпти, қонун лойиҳаси қай аҳволда, қайси идоранинг қайси токчасида чанг босиб ётгани ҳам маълум эмас.
Порахўрлар сафи эса кенгайгандан кенгаймоқда, аниқланганлари жамоатчиликка маълум, аммо енг остида қолаётганлари-чи?
Тугаётган ҳафтада Наманган шаҳар ҳокими Анвар Отахўжаев 60 минг доллар пора олаётганда Давлат хавфсизлик хизмати ходимлари томонидан қўлга олинди.
Маълум қилинишича, Наманган шаҳар ҳокими ва пойабзал ишлаб чиқарувчи МЧЖ раҳбари ўзаро тил бириктириб, фуқародан шаҳар ҳудудидаги 35 сотих ер майдонига кўп қаватли уй қуриш ҳуқуқини олиб бериш ва молиялаштириш эвазига 60 минг АҚШ доллари талаб қилган.
МЧЖ раҳбари пулларни олган вақтида ашёвий далиллар билан ушланган. Шаҳар ҳокими эса ишончли одами бўлган – ҳокимликнинг девонхона мудири орқали МЧЖ раҳбаридан 60 минг АҚШ долларини олган вақтида унинг ноқонуний ҳаракатларига чек қўйилган.
Анвар Отахўжаев депутатлик дахлсизлик ҳуқуқидан маҳрум қилиниб, Давлат хавфсизлик хизматининг Наманган вилояти бошқармаси Тергов бўлими томонидан унга ва девонхона мудирига нисбатан Жиноят кодексининг 210-моддаси (Пора олиш) 3-қисми “а” банди билан, МЧЖ раҳбарига нисбатан эса Жиноят Кодексининг 168-моддаси (Фирибгарлик) 4-қисми “а” банди ва 28,211-моддаси (Пора бериш) 3-қисми “а” банди билан жиноят иши қўзғатилган. Унга “қамоқ” эҳтиёт чораси қўлланилган. Тергов доирасида ҳокимнинг бошқа ноқонуний ҳаракатларига нисбатан ҳам ҳуқуқий баҳо берилади.
Шунингдек, шу ҳафта Тошкент вилояти Зангиота тумани Қишлоқ хўжалиги бўлими бош мутахассиси маҳаллий фуқарога тегишли уйнинг ёнида жойлашган ва давлат захирасида бўлган 8 сотих ер майдонини тадбиркорлик фаолияти билан шуғулланиши учун туман ҳокимлиги томонидан тузиладиган ишчи гуруҳ орқали унинг номига расмийлаштириб бериш эвазига 40 минг АҚШ доллари талаб қилган ва келишилган пулдан 20 мингини олган вақтида ушланган.
Ҳозирда унга нисбатан Жиноят кодексининг 168-моддаси (фирибгарлик) 4-қисми “а” банди ва 28,211-моддаси (пора бериш) 3-қисми “а” банди билан жиноят иши қўзғатилиб, “қамоқ” эҳтиёт чораси қўлланилган.
Тошкент вилояти Ангрен шаҳар Ички ишлар бошқармаси Тергов бўлими катта терговчиси эса терговга қадар текширув иши доирасида фуқарога нисбатан жиноят иши қўзғатмаслик ва тегишли тартибда чора кўрмаслик эвазига 10 минг АҚШ доллари талаб қилган. Терговчи сўралган пулдан ярмини олган вақтида ашёвий далиллар билан ушланган.
Терговчига нисбатан Жиноят кодексининг 210-моддаси (Пора олиш) 2-қисми “б” банди билан жиноят иши қўзғатилиб, “қамоқ” эҳтиёт чораси қўлланилган.
Бирники мингга, мингники туманга, деганларидек, булар республикада шу ҳафта аниқланган порахўрликларнинг қатраси, холос. Масалан, шу ҳафта Фарғона вилоятида тадбиркорга шифохона ҳудудидан дорихона қуриш учун ер майдонини ажратиб бериши эвазига 50 000 АҚШ долларини қўлга киритган киши, Сурхондарёда давлат солиқ инспекциясининг солиқ инспектори пора билан қўлга тушди. Қашқадарё ва Самарқанд вилоятида Давлат хавфсизлик хизматига ишга киритиб қўйишни ваъда қилганлар ушланди.
Кўриб турганингиздек, бу каби мисоллар тугамаяпти, тугамаса ҳам керак. Қачонки, коррупция ва коррупционерларга нисбатан жазо қатъий бўлади, шундагина натижага эришилади.
Коррупция авж олаётган, ҳатто, ҳокимлар пора билан қўлга тушаётган шу кунларда Сенатда ҳам бундай масалалар муҳокама марказида бўлди. Лекин Сенатдаги гаплар ҳақиқий ҳаётдан анча узилгандек. Сенаторлар ҳамон асосий коррупция – соғлиқни сақлаш ва таълим тизимида деган гапни маҳкам ушлаб олган. Ўша соғлиқни сақлаш ва таълим тизимига етиб бормай, республика, шаҳар, туман молия ташкилотларининг ўзида йўқ бўлиб кетаётган пулларни Коррупцияга қарши кураш агентлиги ҳам, сенаторлар ҳам мактаб ва поликлиникадан қидиришга ўрганиб қолган. Бўйинга зўр бериб, юқорироққа қаралса, ижрони ўрганишни мувозанатга солинса, Наманган шаҳар ҳокими ягона натижа бўлмаслигини ўйлаб кўриляптимикин?!
Олий Мажлис Сенатининг шу ҳафта ўтган ўнинчи ялпи мажлисида сенатор Орал Атаниязованинг айтишича, Соғлиқни сақлаш вазирлиги халқнинг соғлиғини сақлайдиган эмас, халққа пулли хизмат кўрсатадиган вазирликка айланиб қолган. Албатта, сенатор Орал Атаниязованинг айтганларида ҳам жон йўқ эмас. 41 йиллик тиббиёт ходими бўлган сенатор оналар ва болалар ўлимидан ва бунга жойлардаги айрим шифокорларнинг бепарволиги ва совуққонлигидан ёзғирди.
Сенат раиси Танзила Норбоева ҳам оналар ўлими, тиббиёт муассасаларидаги маиший коррупция борасида Орал Атаниязова билан бир хил фикрда. Аммо Соғлиқни сақлаш вазирининг айнан оналар ва болалар саломатлиги бўйича масъул ўринбосари Эльмира Боситхонованинг ҳам фактларга асосланган жавоби йўқ эмас.
Сенатда айтилишича, 2024 йилда Андижон, Наманган Тошкент, Қашқадарё ва Самарқанд вилоятларида коррупцияга оид жиноятлар сони ортди. Андижон, Тошкент, Наманган, Сирдарё вилоятларида коррупцияга оид жиноятлар оқибатида давлат манфаатларига энг кўп зарар етказилган.
Порахўрлиги учун судланган шахсларнинг аксарияти Мактабгача ва мактаб таълими, соғлиқни сақлаш вазирлиги, тижорат банклари ҳамда бандлик тизими ходимларига тўғри келади. Бироқ гапнинг индаллосини айтганда, агар коррупция оддий ҳамшира, шифокор, ўқитувчи, ё ана боринг мактаб директори билан аниқланиб, юқори мансабда ўтирганларнинг қилмишлари боя қайд этганимиздек, енг ичида қолиб кетаётган бўлса, бу коррупцияни таги билан йўқотиш учун уриниш эмас, шунчаки берилган топшириқлар ижросини таъминлаш, юзаки натижа кўрсатишга қаратилган уринишдан бошқа ҳеч нарса эмас. Майлида, балиқлар овлангани билан наҳанглар таралла бедод қилиб юрса, бундай “адолат”дан кимга не наф?
“Русларнинг қулисан”. Ўзбекистон Россияга нота юборди
Ёдингизда бўлса, ўтган ҳафта Москва вилоятининг Химки шаҳрида жойлашган “Солнечная система” номли тураржой мажмуаси олдида маҳаллий фуқаро ўзбекистонлик мигрантни ҳақорат қилиб, таҳқирлаб, унга пичоқ ўқталиб: “Русларнинг қулисан”, деган эди. Ҳақоратланган фуқаро ҳақиқатдан ҳам ўзбекистонлик экани аниқланди ва кўплаб эътирозлар ортидан Ўзбекистон Республикаси Ташқи ишлар вазирлиги Россия Ташқи ишлар вазирлигига нота юборди.
Тошкент Москвага нота юборган куни ижтимоий тармоқларда Россия пойтахти Москвада бир эркак Ўзбекистон элчихонаси ёнида калтаклангани ва буни Ўзбекистон дипломатик миссияси ходимлари содир қилгани айтилган видео тарқалди.
“Readovka” номли Telegram-канал эълон қилган хабарда маҳаллий эркак итини сайр қилдиришдан қайтаётиб, Ўзбекистон элчихонаси ёнидан ўтаётганда нотўғри жойга қўйилган машинани кўриб қолгани айтилади.
Ўзбекистоннинг Москвадаги элчихонаси ушбу ҳолат бўйича муносабат билдириб, тарқалган хабарларни рад этди.
Билдирилишича, ижтимоий тармоқларга сиздирилган хабарларда кўрсатилган автотранспорт воситаси ва ҳуқуқбузарларнинг Ўзбекистоннинг Россиядаги элчихонасига ҳеч қандай алоқаси йўқ. Ушбу автомобилнинг дипломатик рақами бошқа мамлакатнинг дипломатик ваколатхонасига тегишли.
Элчихона содир бўлган воқеа учун жавобгарликни юклатилишига қаратилган ҳар қандай уринишларни асоссиз ва номақбул деб ҳисоблашини билдириб, жамоатчилик ва оммавий ахборот воситаларидан текширилмаган ахборотларни тарқатмасликни сўраган.
Наманганда майор фуқарони ўласи қилиб калтаклади
Наманганда шаҳар ҳокими пора билан қўлга олинган ушбу ҳафтада шаҳар профилактика инспектори томонидан фуқаро қийноққа солингани аниқланди. Ижтимоий тармоқларда тарқалган бирламчи ахборотда 3 нафар ички ишлар ходими фуқарога дубинка ва электрошокер ишлатиб, қийнагани маълум қилинган. Жабрланувчи қийноқлардан сўнг шифохонага ётқизилган, қовурғалари синган ва битта қора талоғи яроқсиз бўлиб қолган.
Қайд этилишича, ушбу хабар Наманган вилояти ИИБнинг масъул ходимлари томонидан ўрганилганда ҳақиқатдан ҳам жорий йилнинг 14 август куни Наманган шаҳрида яшовчи 1991 йилда туғилган фуқаро Ў.А. ўзаро оилавий низо сабабли Ички ишлар бўлимига олиб борилгани аниқланган.
У билан профилактик суҳбат олиб борилиб, шу куни уйига рухсат берилган. Орадан икки кун ўтиб, 16 август фуқаро Ў.А. соғлиги ёмонлашгани сабабли тиббиёт муассасасига мурожаат қилган.
Омбудсманнинг Наманган вилоятидаги минтақавий вакили ҳолатни ўрганиб, жабрланган фуқаро билан суҳбатлашган. Ишга оид тўпланган маълумотлар асосида вилоят ИИБ ҳамда Наманган шаҳар прокуратурасига назорат хати киритилган.
Омбудсманга тақдим этилган маълумотларга кўра, Чуст тумани ИИБ жамоат хавфсизлиги хизмати профилактика инспектори майор Д.Б. хизмат вазифасига эътиборсиз ва беписандлик билан ёндашиб, ўз хизмат ҳудудига ҳеч бир сабабсиз бормасдан, Ички ишлар органлари ходимларининг касбий ва хизмат интизоми кодекси талабларини қўпол равишда бузгани учун лавозимидан бўшатилган. Шу билан бирга, мазкур ҳолат юзасидан Наманган шаҳар прокуратураси томонидан Жиноят кодексининг 104-моддаси 1-қисми (қасддан баданга оғир тан жароҳати етказиш) билан жиноят иши қўзғатилган.
Бу Ички ишлар органларида жорий йилда кузатилаётган қийноқ билан боғлиқ ягона ҳолат эмас, охиргиси бўлмаслиги борасида ҳам эҳтимоллар катта. Нега дейсизми? Чунки 2018 йилдан буён мамлакат бош минбаридан тергов изоляторлари ва жазони ижро этиш муассасаларидаги қийноқ ва ғайриинсоний хатти-ҳаракатлар ҳақида бот-бот гапирилса ҳам, ҳатто, алоҳида тергов органи тузиш масаласи кўтарилса ҳам, натижа бўй кўрсатаётгани йўқ.
Сурхондарёда эркак хотини ва фарзандини молхонада сақлади
Зўравонлик, агрессия, тазйиқ, қийноқ, инсоннинг энг фундаментал ҳуқуқи – яшаш эркинлигига таҳдид айрим ўзбекистонликларнинг қон-қонига сингиб кетгандек. Оилалардаги зўравонлик –ҳуқуқни ҳимоя қилувчиларга кўчса, улардан ўрнак олиб, уйда зўравонлик, қийноқ қўлланилса. Жиноят ва ҳуқуқ ўртасидаги чегара йўқолгандек. Сурхондарё вилоятининг Узун туманида эркак аёли ва янги туғилган фарзандини 5 ой мажбуран молхонада сақлади. Аёлнинг аҳволи абгор.
26 август куни Сурхондарё вилоятининг Узун туманидаги маҳаллаларнинг бирида номаълум аёл киши антисанитария ҳолатида хонадон эгалари томонидан молхонада мажбурий ушлаб турилгани ҳақида ИИБга хабар тушган. Шунга асосан, маҳалла профилактика инспектори зудлик билан воқеа жойига етиб бориб, хонадон эгаларининг қаршилигига қарамасдан молхона эшигини бузган. Натижада 1981 йилда туғилган хонадон эгаси Ш.А. молхонада 1997 йилда туғилган турмуш ўртоғи Х.Г. ва унинг 5 ойлик фарзандини оғир шароитда мажбурлаб сақлаб келаётгани аниқланган. Жабрланувчилар зудлик билан тиббиёт муассасасига жойлаштирилган.
Ҳолат ўрганилганда хонадон эгаси фуқаро шу уйда яшовчи онаси ва яқин қариндошлари билан олдиндан тил бириктириб, рафиқасининг руҳий ҳолатида ўзгаришлар мавжудлиги, яъни тилида нуқсони борлиги, фикрларини тўлиқ баён қилишга қийналишидан фойдаланиб, бир неча ой давомида унга нисбатан тазйиқ ва зўравонлик ишлатиб, мажбурлаб, хонадон ичидаги молхонада яширин равишда сақлаб келгани аниқланган.
Ҳозирда жабрланувчи аёл Узун тумани тиббиёт бирлашмаси жарроҳлик бўлимига, фарзанди эса Туғуруқ бўлимига даволаниш учун жойлаштирилиб, уларнинг соғлиғи билан боғлиқ вазият вилоят ижтимоий ҳимоя бошқармаси маъсуллари томонидан алоҳида назоратга олинган.
Узун тумани ИИБ ҳузуридаги Тергов гуруҳи томонидан Жиноят кодексининг 126-1-моддаси (Оилавий (маиший) зўравонлик) 7-қисми “а”, “е” бандлари билан жиноят иши қўзғатилиб, гумонланувчи эркак процессуал тартибда қамоққа олинган. Шунингдек, ишга алоқадор бўлган хонадонда яшовчи бошқа фуқаролар ҳам терговга жалб қилиниб, бир нафарига нисбатан қидирув эълон қилинган.
Дональд Трамп Ўзбекистонга келадими?
Ўтган ҳафтанинг охири, шу ҳафтанинг бошида ўзбекистонликларнинг тилига АҚШ Президенти Дональд Трампнинг вафот этгани ҳақидаги миш-мишлар тушганди. Жорий ҳафтада эса Трамп ва Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёевнинг ўртасида телефон мулоқоти бўлиб ўтди. Суҳбат Мирзиёев Шанхай Ҳамкорлик Ташкилоти саммити ва Иккинчи жаҳон уруши якунланганининг 80 йиллиги муносабати билан ўтказилган параддан қайтанидан кейин амалга оширилди.
Ўзбекистон Президенти Матбуот хизмати берган хабарга кўра, суҳбатда икки мамлакат стратегик шериклик муносабатларини янада мустаҳкамлаш ва ўзаро манфаатли ҳамкорликни кенгайтиришнинг амалий жиҳатлари батафсил кўриб чиқилган. Мулоқот аввалида АҚШ Президенти сўнгги йилларда Ўзбекистонда иқтисодиётни модернизация қилиш ва аҳоли фаровонлигини ошириш борасида амалга оширилаётган ортга қайтмас ислоҳотларни юксак баҳолаган ва қўллаб-қувватлаган.
Мирзиёева эса Трампни АҚШ маъмурияти олиб бораётган ички ва ташқи сиёсатнинг улкан натижалари билан табриклаган. Америка томонининг халқаро ва минтақавий можароларни тинч йўл билан ҳал қилиш, глобал хавфсизлик ва барқарорликни таъминлашга қўшаётган ҳиссаси ва саъй-ҳаракатларини алоҳида қайд этган.
Давлат раҳбарлари мулоқотидан иқтисодий инвестициялар, ўзаро товар айирбошлаш, истиқболли кооперация лойиҳалари, хавфсизлик, терроризм, экстремизм ва ноқонуний миграцияга қарши курашиш масалалари ўрин олган.
Президентлар Марказий Осиё давлатлари ва АҚШнинг “C5+1” шаклидаги минтақавий ҳамкорлигини чуқурлаштириш масаласига тўхталди.
Ўзбекистон раҳбари Трампни ўзига қулай вақтда Ўзбекистонга расмий ташриф билан келишга таклиф этган.
Ўзбек-қирғиз чегарасида ўқ узилди
15 август куни Қирғизистон – Ўзбекистон чегарасида ўзбекистонлик ҳарбийларнинг ўқ узиши оқибатида 2 қирғизистонлик ҳалок бўлди.
Ҳодиса содир бўлган куни Тошкент вилоятининг Бўстонлиқ тумани Угам-Чотқол қўриқхонаси яқинидаги чегара минтақасида 2 нафар номаълум шахснинг ҳаракатланаётгани кузатилган. Чегара наряди ўз ваколати доирасида уларга тўхташни буюрган, лекин улар қочишга уринган. Шу боис, уларни тўхтатиш учун осмонга қарата бир неча бор огоҳлантирувчи ўқ узилган. Аммо номаълум шахслар чегара нарядининг талабларига бўйсунмай, Давлат чегараси томон ҳаракатни давом эттирган. Шундан кейин, сўнгги чора сифатида уларга нисбатан қурол қўлланилган.
Оқибатда, улар яраланиб, ҳарбий хизматчилар томонидан биринчи тиббий ёрдам кўрсатилишига қарамай, воқеа жойида вафот этган. Ҳодиса жойи кўздан кечирилганида, 1 дона чодир, 3 та от, озиқ-овқат маҳсулотлари ҳамда яширинишга улгурган учинчи шахснинг излари ҳам топилган.
Ҳолат юзасидан шу куннинг ўзида Қирғизистон ва Қозоғистон чегара идоралари хабардор қилинган.
Чегара қўшинлари матбуот хизматининг ёзишича, 31 август куни вафот этганлар Қирғизистон фуқаролари экани аниқланиб, уларнинг жасади қариндошларига топширилган. Ўзбекистон ва Қирғизистон чегара идоралари раҳбарларининг ўзаро келишувига асосан, 2-3 сентябрь кунлари ҳодиса жойи ҳамкорликда кўздан кечирилган.
Ўрганишлар натижасида чегара нарядининг хатти-ҳаракатлари Ўзбекистон қонунчилигига асосан амалга оширилгани, юқорида кўрсатилган Қирғизистон фуқаролари томонидан Давлат чегараси бузилгани, шунингдек, учинчи шахснинг Қирғизистон томонга қайтиб, яширинишга улгургани комиссия томонидан ўз тасдиғини топган. Унинг шахсини аниқлаш ва тегишли чора кўриш юзасидан келишувга эришилган.
AI-80 савдоси тўхтатилди
Ўзбекистонда ҳавони энг кўп ифлослантириб келаётгани айтилаётган, аммо воз кечилиш жуда узоқ вақтни олган АI-80 маркали бензин савдоси ниҳоят тўхтатилди. “Ўзбекнефтгаз” АЖ 2 сентябрдан бошлаб АI-80 бензинини биржа савдолари орқали сотишга нуқта қўйди.
Бунинг ортидан АI-92 русумидаги автобензинни биржа савдоларига чиқариш ҳажми оширилган. Шу вақтга қадар 1000 тонна АI-92 бензини савдоларга қўйилган бўлса, бугунги кунда бу рақам 1720 тоннани ташкил этмоқда. Ички бозор талабидан келиб чиқиб, бу ҳажмларни оширилиши мумкин.
Аммо, август ойида тадбиркор-истеъмолчилар томонидан харид қилинган АI-80 русумидаги автобензин ҳажмлари мажбурият ва мавжуд қолдиқлар доирасида сентябрь ойида ҳам эгаларига етказиб берилади.
Талабалар орасида жиноятлар кўпайди
Ўзбекистонда 2025 йилнинг 6 ойи давомида 102 та олий таълим муассасасининг 307 нафар талабаси жиноят содир этган. Бу факт куни кеча Олий Мажлис Сенати минбарида янгради.
Унда айтилишича, жиноятларнинг асосий қисмини йўл-транспорт ҳодисалари, ўғрилик, тан жароҳати етказиш, безорилик, фирибгарлик каби жиноятлари ташкил этган. Ҳудудлар кесимида жиноятларнинг аксарияти Тошкент шаҳри, Тошкент, Бухоро, Наманган, Андижон, Самарқанд, Фарғона, Сурхондарё вилоятларига тўғри келади.
Олий таълим муассасалари кесимида эса жиноятларнинг кўпчилик қисми Тошкент давлат транспорт университети, Ўзбекистон миллий университети, Тошкент давлат техника университети, Тошкент ахборот технологиялари университети, Тошкент давлат иқтисодиёт университети ҳиссасига тўғри келади.
Маълум қилинишича, айрим олий таълим муассасаларида таълим жараёнини мунтазам назорат қилиш, талабаларнинг дарс машғулотларига қатнашишини етарли даражада мониторинг қилинмагани оқибатида жиноятлар дарс вақтида, яъни соат 08:00 дан 16:00 гача бўлган давр мобайнида содир этилган. Талабаларнинг ётоқхоналарга кириб-чиқиши, яшаши ҳамда тунги вақтда бўлиши устидан назорат ҳам етарли даражада эмас.
Бундан ташқари, соҳада фаолият юритаётган шахсларга нисбатан коррупция ҳолатлари бўйича қатор жиноят ишлари қўзғатилган.
Муҳокама якунида талабалар ўртасида жиноятчиликнинг олдини олиш юзасидан Олий таълим, фан ва инновациялар вазири Қўнғиротбой Шариповга Сенатнинг тегишли парламент сўрови юбориш тўғрисидаги қарори қабул қилинди.
Live
БарчасиРоналдудан яхшироғини топа олмайсиз – Трамп
06 Декабрь
Наманганда яна зилзила бўлди
06 Декабрь