Камбағаллари камайган, зўрланган қизлари кўпайган, тутунга тўлган ва “свет”дан ёлчимаган Ўзбекистон – Ҳафта таҳлили
Таҳлил
−
26 Июль 26743 20 дақиқа
Жорий йилнинг биринчи олти ойида Ўзбекистонда туғилиш анча камайиб, ўлим сони ортди. Туғилганлар сони 405,5 минг нафарни ташкил этган. Бу ўтган йилнинг мос даврига нисбатан 14,4 минг нафарга кам. Вафот этганлар сони эса 84,1 минг. Бу ўлимлар 2024 йилнинг мос даврига нисбатан 2,7 мингтага кўплигини англатади. Шунингдек, расмий идораларнинг маълумотларига ишонилса, йилнинг биринчи ярмида Ўзбекистонда иш ҳақи ўртача 6 миллион сўмга яқинлашган. Камбағаллик даражаси эса ўтган етти ойда 11 фоиздан пастлаб, 6,8 фоизни ташкил қилмоқда. Хўш, бу ростми? Сиз қанча ойлик оляпсиз? Атрофингизда камбағал ва муҳтожлар камайганми?
Ангренда 15 яшар қиз зўрланди
Ўзбекистонда яна вояга етмаган қиз зўрланди. Бу галги ҳолат Тошкент вилоятининг Ангрен шаҳрида аниқланди. Қизнинг ёши 15 да ва у 4 нафар йигит томонидан жинсий тажовузга учрагани айтилмоқда.
Ҳолат қачон содир бўлгани аниқ эмас, бу ҳақда расмий идоралар била туриб миқ этмай келган. Ҳатто, жорий йилнинг 9 апрель куни Ангрен шаҳар ИИБ томонидан жиноят иши қўзғатилган бўлиб чиқди ва Болалар омбудсмани ҳамон дастлабки тергов ҳаракатлари давом этаётгани маълум қилди. Қизиқ, масъул идоралар уч ойдан ошиқ вақт давомида нимани дастлабки терговдан ўтказяпти экан?!
Сўнгги маълумотларга кўра, тергов жараёни устидан Ангрен шаҳар прокуратураси томонидан назорат ўрнатилган. Болалар омбудсмани эса ўз ваколати доирасида жиноят бўйича кузатув олиб бормоқда.
Қиз бронхопневмания ва анемия ташхиси билан шифохонада даволанаётгани, унга психологик ёрдам кўрсатилаётгани айтилди. Лекин айнан хабарнинг мана шу қисми менда шубҳаларни келтириб чиқаряпти. Воқеа қачон содир бўлгани аниқ эмас, тергов жараёнлари бошланганига эса 3 ойдан ошган. Катта эҳтимол билан ҳолат эътибордан четда қолиб кетган, қиз ва унинг оиласига эса ҳеч қандай ёрдам кўрсатилмаган, агар ўша вақтнинг ўзида ёрдам қилинганда эди, қиз ҳар ҳолда 3 ойдан бери шифохонада даволанмаётган бўларди. Ё бу ҳолат маҳаллий расмийлар томонидан Республика идораларига ўз вақтида катта сигнал сифатида етказилмаган ё иш ортида бошқа нарса бордек.
Аввалига қизнинг Ангрен шаҳар Болалар шифохонасида ўткир артрит, икки томонлама бронхопневмания, оқсил энергетик етишмовчилик, анемия оғир даражаси, сепсис каби касалликлардан даволанаётгани айтилди. Бу касалликлар эса сурункали бўлиб, уларнинг ҳеч бири жиноят ҳодисаси оқибатида юзага келмаган.
Орадан кўп ўтмай, Бош прокурор ўринбосари Исроил Адҳамов ва Соғлиқни сақлаш вазири ўринбосари Эльмира Боситхонгова Ангренга бориб, қизнинг оила аъзолари, шифокорлар билан суҳбатлашиб, уни Тошкент шаҳридаги ихтисослаштирилган тиббий муассасага кўчиришга қарор қилди.
Бу орада эса ҳолатни алоҳида назоратга олган Ижтимоий ҳимоя агентлиги директорининг биринчи ўринбосари Шаҳноза Мирзиёева болаларга нисбатан зўравонлик учун жазо чоралари янада кучайтирилишини айтиб чиқди.
Мирзиёеванинг айтишича, Жиноят ва Жиноят-процессуал кодексларига:
- болаларга зиён етказган шахсларга нисбатан жазони кучайтириш;
- зўравонликка йўл қўйган шахсларга болалар билан ишлаш ҳуқуқини умрбод тақиқлаш;
- жавобгарликни тез ва самарали таъминлаш учун ягона тартибдаги тезкор протоколларни жорий этиш бўйича ўзгартиришлар киритилиши устида иш олиб борилмоқда
Шу ўринда бир масалага ҳам алоҳида тўхталиб ўтиш жоиз: ҳақиқатдан Жиноят ва Жиноят-процессуал кодексларига айнан вояга етмаган шахсларга нисбатан қўлланилган зўравонликларга нисбатан жазо чораларини кучайтириш бўйича ўзгаритиришлар киритилаётган бўлса, унда бу ўзгаришлар боғча ёшидаги болаларга нисбатан алоҳида кўриб чиқилиши керак. Хусусий боғчада тарбияси қўлида қурбон бўлаётган ҳимоясиз болаларнинг ўлиги кўз ўнгимизда. Уларни ўлдирганларнинг бири 6 йилда, иккинчиси 3 йилда қамоқдан чиқиб келади. Одамларнинг эса адолатга, судга ишончи сўнади, “самосуд”ларга йўл очилади. Албатта, бахтсиз ҳодисалар сабаб ўлимлар бундан мустасно, аммо қасддан етказилган жароҳат оқибатида болаларнинг вафот этиши аллақачон мамлакатнинг каттаю кичик расмийларини ўйлантириши керак.
Ангренда зўрланган қизга келсак, ҳеч бир идора ҳали бу ишни кимлар қилгани, суд-тиббиёт экспертизаси ўтказилган ё йўқлиги, тўртовлоннинг шахси аниқланиб, процессуал тартибда ушланганми ё йўқ, бу ҳақида маълумот бермади. Ҳамон терговга оид бундай маълумотларнинг берилмаётгани тергов сирими ё жиноятни фош этишнинг иссиқ излари аллақачон йўқолиб бўлганиданми? Бу савол ҳозир кўндаланг.
Айни масала муҳокама қилинаётган бир пайтда эса Моксвадан Тошкентга келаётган самолётда ўзбекистонлик эркак аёл йўловчилардан бирига шаҳвоний шилқимлик қилгани аниқланди.
Гапр 1985 йилда туғилган 40 яшар фуқаро ҳақида кетмоқда. У рейс давомида йўловчи аёлга бир неча бор тегиниб, номақбул ҳаракатлар қилган. Аёл унга огоҳлантириш берган, аммо эркак шунга қарамай ўз ҳаракатларини давом эттирган. Эркакнинг ҳаракатларига борт кузатувчиси гувоҳ бўлган.
Эркак судда қилган ишидан пушаймонлигини билдирган ва маст ҳолатда бўлгани сабабли ўзини тутолмаганини айтган.
Суд эркакнинг ижтимоий ҳолатини инобатга олиб, Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 41-прим 1-моддаси (шаҳвоний шилқимлик қилиш) 1-қисми билан 3 сутка маъмурий қамоқ жазоси тайинлаган. Шу билан бирга, эркак қамоқда сақлаш харажатларидан озод этилган. Бу кишимнинг самолётда учишга, ичишга пуллари бор, лекин қамоқ харажатларини тўлашга пуллари йўқ. Ичади, бировнинг аёли ё қизига шилқимлик қилади, қамалади, унинг қамоқ харажатларини ҳам халқ гарданига тушади. Яшанг, эркак, яшанг!
Самолётдаги бу ҳолатга кўз юмармиз, мастлигига йўярмиз, лекин шифохонага дардига дармон излаб борган аёл-қизларга шилқимлик қилиб, оқ халатига доғ тушираётган шифокорларга-чи, уларнинг қилғилиқларига нима дейиш керак?
Гап шундаки, жорий йилнинг 17 июль куни РШТЁИМ Тошкент вилоят филиалининг 44 яшар шифокори бемор аёл даволанаётган палатага кириб, унга кўрикдан ўтказиш баҳонасида тегажоғлик қилган. Шифокор аввал дераза ва эшикларни ёпган, кейин эса аёлнинг танасига бир неча бор тегинган. Иш бўйича ҳужжатлар судга оширилди ва шифокор Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 41-1-моддаси (шаҳвоний шилқимлик қилиш) 1-қисми бўйича айбли деб топилиб, унга 5 сутка маъмурий қамоқ жазоси тайинланган. Шифокор судда ўз айбини тан олиб, қилган ишидан чин кўнгилдан пушаймонлигини билдирган ва бемор ҳамда унинг оила аъзоларидан узр сўраган.
Бизга, бизнинг миллатга нима бўляпти ўзи? Вояга етмаган қизни зўрласа, самолётда ёнида ўтирган аёлга қичиқ қилиб, шаҳвати ўйнаса, ичкиликни ичгандан кейин ўзини тийишни билмаса, шифокорлар даво истаб келган аёлларга кўз олайтирса? Бу қанақа миллат, қанақа жамият? Охири борми буларнинг? Гўё ўрмонда яшаётгандекмиз ва атрофимиз кўзи қонга тўлганлар билан ўралган. Мен ўғил, ака, ука, ота ва эр ўлароқ аёлларга шилқимликнинг бадали 3 ё 5 сутка маъмурий қамоқ бўлишига рози эмасман. Эй, аёллар ҳуқуқлари дедик, гендер тенглиги дедик, болаларни зўравонликнинг ҳар қандай шаклларидан ҳимоя қилиш дедик, вояга етмаганларга нисбатан жинсий зўравонликка қарши курашамиз, дедик. Курашимиз шунчалар бўш, қатъиятимиз шунчалар мортми? Нимани кутяпмиз, нимадан қўрқяпмиз? Бировнинг гулдек қизини бузиб, ҳаётини барбод қилганларнинг оғзи қулоғида, оёғи ер тепиб юрибди. Бировнинг номуси бўлган аёлига кўз олайтирганлар узр-маъзур билан қутуляпти. Болани ўлдирганлар, аёвсиз дўппослаганлар ўғрилардан камроқ жазо оляпти. Шуми адолат? Мен бу адолатга рози эмасман?
Самарқандда мансабдорнинг ноўрин ҳаракати ошкор бўлди
Мен сизга андишасизлик, уятсизлик, тарбиясизлик айрим идораларгача кириб борган ва ўша идораларнинг айрим раҳбарлари ўз иш жойини, халқ тўлаган солиқлардан ойлик олаётган идорасини ишратхонага айлантириб олган, десам ишонасизми?
Шу ҳафта ижтимоий тармоқларда Самарқанд вилоятида Камбағалликни қисқартириш ва бандлик бошқармасининг мансабдори Zoom платформасида ўтказилган мажлис вақтида бир аёл, катта эҳтимол ҳамкасби билан ўзини ноўрин тутгани, тўғрироғи аёлни қучоқлаб, тиззасига ўтказиб олгани акс этган тасвирлар тарқалди. Мансабдор камера ёниқ эканини унутган, унинг жирканч хатти-ҳаракатларини мажлисда иштирок этаётган бошқа иштирокчилар кўрган ва бу ҳолатни суратга олишга улгурган.
Камбағалликни қисқартириш ва бандлик вазирлиги муносабат билдирди. Бироқ, биёнотда ходимларнинг шахси ва воқеа содир бўлган ҳудудга аниқлик киритмаган, лекин эркак ва аёл билан меҳнат шартномаси бекор қилингани айтилди.
Ижтимоий тармоқ эса ушбу мансабдор шахс 2023 йил декабрь ойидан буён Каттақўрғон тумани Камбағалликни қисқартириш ва бандлик бўлими бошлиғи лавозимида ишлаб келгани ҳақида сўз борди.
Вазирлик ўз тизимида хизмат интизоми ва одоб-ахлоқ қоидалари бузилишига нисбатан мутлақо муросасизлик принципига амал қилиши урғуланди. Хўш, бу муросасизлик нима? Келаси сафар бундай ишларни камера йўқ жойларда ёки Zoom камераси ўчирилганда қилиш билан боғлиқ огоҳлантириш беришми? Ўзи нега бундай ҳаракатларни содир этаётганлар айнан шу тизимдан чиқяпти. Агар муросасиз кураш ва ходимлар устидан доимий назорат бўлса, вазият бошқача бўлиши керак эмасмиди? Одамлар шу йилнинг апрель ойида Андижон шаҳар Камбағалликни қисқартириш ва бандликка кўмаклашиш бўлими бошлиғи ўринбосари хизмат хонасида наша чекиб ўтирганини унутгани йўқ. Агар ўшанда бундай ҳолатлар билан муросасиз курашилганда эди, бугун яна бир шармандаликнинг қаршисидан чиқмасдингиз, жаноблар!
Олмазор ва Навоийни тутун қоплади
21 июль куни Тошкентнинг Олмазор тумани аҳолисининг уйқисини заҳарли тутун бузди. Ярим тунда туманнинг катта қисмини заҳарли тутун тумандек қоплади. Ҳатто, портлаш содир бўлгани ҳақидаги гаплар ҳам қулоққа чалинди.
Тонгга келиб Фавқулодда вазиятлар вазирлигининг хабар қилишича, туманнинг Узумбоғ кўчасида ҳаводан олтин гугурт ҳиди келаётгани ҳақида хабар келиб тушган. ФВБнинг Радиацион, кимёвий ва тиббий-биологик ҳимоя бўлимлари айтилган манзилга етиб борган.
ФВВ маълумотларида қайд этилишича, омборхонада жойлашган (ёмкость) сиғимдан перекись водород моддаси очиқ ҳавога сизиб чиқиши кузатилган. Бироқ вазирлик портлаш содир бўлгани ҳақида миқ этмаган. Зарарланган, заҳарланганларга қанчалиги ва уларга қандай ёрдам кўрсатилганига ҳам аниқлик киритмаган.
ФВВ суриштирув ишлари олиб борилаётганини билдирган, бироқ орадан бир ҳафтага яқин вақт ўтса ҳам бу суриштирувлар натижаларини эълон қилмади.
Тошкент шаҳар ФВБ Радиацион, кимёвий ва тиббий-биологик ҳимоя бўлимлари томонидан ушбу ҳолат соат 04:00 да тўлиқ бартараф этилган. Сиғимдан изиб чиққан перекись водород миқдори, келтирилган зарар, омбор кимга тегишли бўлгани, воқеа сабаблари очиқланмади.
19 июль куни эрталаб эса Навоий вилоятининг Навоий шаҳри ҳудудини чангсимон тутун қоплади. Вилоят Экология, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва иқлим ўзгариши бошқармаси томонидан олиб борилган таҳлилларда атмосфера таркибида аммиак 1,4 баробар ҳамда водород сульфид 16,8 баробар меъёрдан юқорилиги аниқланган.
Бундан ташқари, вилоят Гидрометеорология бошқармасининг таҳлилий лабораторияси томонидан олинган таҳлиллар натижасида 1-кузатув пости (Зулфия кўчаси)дан углерод икки оксиди 1,04 маротаба, аммиак 1,1 баробар юқорилиги, 2-кузатув пости (Меъморлар кўчаси)да аммиак 1,2 баробар юқорилиги аниқланган.
Тармоқларда кўпчилик ушбу тутун “Навоийазот” АЖ ҳудудидан чиқаётгани ҳақида ёзди, аммо жамият ушбу иддаоларни рад этди. Жамиятга кўра, ушбу тутун ғарбий ҳудуддан (Навоий халқаро аэропорти томондан) ҳавога кўтарилган ҳамда чангсимон тутун шамол йўналиши бўйлаб корхона усти ва атрофидан ўтиб, кейин бутун шаҳарга тарқалган.
“Навоийазот” ҳам анойи эмас экан, айтганида туриб олди ва уни исботлашга киришди. Корхона Ўзбекистон экологик партияси вилоят Кенгаши мутасаддилари билан вазиятнинг асл сабабини ўрганди. Ушбу ҳолатнинг “Навоийазот”АЖ фаолияти билан боғлиқ эмаслигини исботлаш мақсадида корхонанинг аммиакли селитра ишлаб чиқариш цехи ҳудудига зудлик билан қўшимча кузатув камераси ўрнатилди. Видеода эса чангсимон тутун собиқ Навоий электрокимё заводи ўрнида қурилган корхоналардан чиқаётганини кўриш мумкин.
Бироқ, “Навоийазот”нинг бу исботидан кейин мутасадди идоралар шаҳарни ифлосланишига, заҳарли тутун билан тўлишига сабаб бўлаётган корхоналарга қандай чоралар кўрилгани, бу корхоналар қандай фаолият билан шуғулланишига аниқлик киритгани йўқ. Аксинча, Навоий вилоят ҳокимлиги Навоий телеканалидаги вазиятни хастпўштлаш билан банд.
“Ўзбекистон 24” каби бюджетдан кун кўрадиган телеканаллар Навоийдаги воқеа ҳақида миқ этмай турган пайтда Навоий вилоят телерадиоканали журналисти Рухсора Бобоқулова тонгги дастурни худди шундай бошлади. Бироқ, унинг бу чиқишидан кейин канал эфирдан узиб қўйилгани, журналистга босиб бўлаётгани ижтимоий тармоқларда кун мавзусига айланди. Навоий вилоят ҳокимияти эса эфирга узилмагани, фақат телерадиоканал студиясида жиҳозлаш ишлари олиб борилгани ҳамда LED экран ўрнатилгани боис, куннинг иккинчи ярмига қадар вақтинча онлайн эфирлар тўхтатиб қўйилгани, жиҳозлаш ишлари тугагач, 24 июль куни жонли эфир тикланганини билдирди.
Қайд этилишича, Рухсора Бобоқуловага ҳам ҳеч қандай тазйиқ ўтказилмаган ва у айни пайтда ўз ижодий фаолиятини давом эттирмоқда.
Ўрмон ёғинлари кўпайди
Бу ҳафта бахтсиз ҳодисаларнинг кўплиги, ёнғинлар билан ҳам эсда қолмоқда. Автобус ва автомобилларнинг ёниб кетганини қўйинг, хорижий мамлакатларда кузатиладиган ўрмон ёнғинлари ҳам Ўзбекистонга етиб келди.
23 июль куни Сурхон давлат қўриқхонасида ёнғин чиқди. ФВВ маълумотларига ишонилса, қўриқхонада қуруқ ўт ёнган ва у 9 соат ўтиб ўчирилган. Жароҳатланганлар ва жабрланганлар йўқ.
Худди шу куни Тошкент вилояти Қибрай туманида уй ва қурилиш моллари дўкони ёнди. Ёнғин чақнаш содир бўлиши оқибатида келиб чиққан. Икки ҳолатда ҳам ФВВ ёнғин қанча майдонда содир бўлгани ва зарарлари ҳақида маълумот бермаган.
Орадан бир кун ўтиб, 24 июль куни Тошкент вилояти Бўстонлиқ тумани ҳудудидаги 2 гектар ер майдонида қуруқ ўт ёнди. Ёнғин оқибатида ҳавога кўтарилган тутун пойтахт Тошкентдан ҳам пайқалди. Аланга 6,5 соат деганда бартараф қилинди. Ёнғинни ўчириш учун вертолёт ҳам жалб қилингани айтилди. Худди шунга ўхшаш ёнғин ўша куннинг ўзида пойтахт Тошкентнинг Мирзо улуғбек туманида ҳам кузатилди. Анайбулоқ кўчасидаги очиқ майдонда қуруқ ўт ва шох-шабба ёнгани айтилди.
Албатта, ёнғинга кўп ҳолатларда иссиқ об-ҳаво, электр тармоғидаги узилишлар ва катта кучланишдаги уланишлар сабаб бўлмоқда. Бироқ, булар ҳақида ҳозиргача Ўзбекистонда расмий таҳлиллар берилмаган. Мамлакатдаги ёнғинларнинг қанчаси айнан электр кучланиши сабаб содир бўлиши, уларнинг оқибатлари ва компенсация масалалари доимий равишда расмийлар томонидан эътиборсиз қолдириб келинади. Пойтахт Тошкент эса тугаётган ҳафтада электрдаги узилишлар борасида олд ўринларда бўлди. Ижтимоий тармоқлар эса огоҳлантиришларсиз электр тармоғидан узишлар, одамлар ҳатто, 8-10 соатлаб чироқсиз уйда ўтиргани, оқибатда маиший техникаларнинг бузилиши каби мурожаатларга тўлиб кетди. Аммо бу мурожаатлар ҳам жавобсиз, соҳа расмийлари гўё одамларнинг овозини эшитмаётгандек, эшитгиси ҳам келмаётгандек.
Олмазор тумани эса “свет” огоҳлантириш ўчиши борасида илғор. Буни ҳатто шу туманда истиқомат қилувчи актёр Меҳриддин Раҳматов ҳам айтиб чиқди.
Меҳриддин Раҳматовнинг ушбу видеомурожаати Тошкентдаги кўплаб фуқароларнинг арзларини ўзида ифода этади. Ҳамма ҳам ижтимоий тармоқлар орқали мурожаат қилиб чиқа олмаслиги мумкин, аммо электр энергиясидаги узилишлар фақат бир шахс, бир маҳалла ё бир кўчани, боринг ана, бир туманни қийнамаётгани ҳам бор гап. Хўш, сиз яшаб турган ҳудудда аҳвол қандай?
Мубашшир Аҳмад иши судга чиқарилди
Диний олим ва блогер, “Azon Global” ахборот-таҳлилий портали асосчиси Мубашшир Аҳмад (Алишер Турсунов)га нисбатан қўзғатилган жиноят иши тамомланиб, судга оширилди. Бу ҳақда унинг адвокати Руслан Содиқов Facebook’даги саҳифасида маълум қилди.
Алишер Турсуновга нисбатан 2023 йил 11 август куни 244-3-моддаси (Диний мазмундаги материалларни қонунга хилоф равишда тайёрлаш, сақлаш, олиб кириш ёки тарқатиш) билан жиноят иши қўзғатилган. Адвокатнинг билдиришича, ушбу қилмиш жиноят сифатида малакаланиши учун олдин айни шу ҳаракат учун маъмурий жазо қўлланилган бўлиши керак. Бироқ у мижозига нисбатан бундай айблов билан маъмурий жавобгарликка қўйилган-
Ўзбекистон қонунчилигига кўра, ҳар қандай диний мазмундаги материал Ўзбекистон Республикаси Дин ишлари бўйича Қўмитасининг хулосаси асосидагина таёрланиши, сақланиши ва тарқатилиши мумкин. Ушбу қоида бузилиши дастлаб маъмурий жазо, ундан кейин бир йил ичида такроран содир этилган тақдирда жиноий жавобгарликка тортишга сабаб бўлади.
Адвокатга кўра, Мубашшир Аҳмад домла “Аzon tv” каналида олиб борган диний, маърифий фаолияти давомида 2023 йилда Диний қўмита хулосасини олмасдан диний мазмундаги материални ушбу канал орқали тарқатгани учун маъмурий жазога тортилган. 2023 йилда бу ҳолат такрорий содир қилинган деб топилиб, жиноят иши қўғатилган. Адвокатнинг айтишича, Мубашшир Аҳмад ўзига нисбатан жавобгарлик белгиланганидан бехабар бўлган ва у Туркияда яшаётган даврида унга нисбатан қидирув эълон қилинган.
2023 йил 10 ноябрь куни Устоз Мубашшир Аҳмадга нисбатан сиртдан қамоққа олиш эҳтиёт чораси қўллаш ҳақида судга илтимоснома киритилган. Суднинг айни шу кунги ажрими билан илтимоснома рад қилинган ва эҳтиёт чораси ўзгаришсиз, муносиб ҳулқ атвордаги тилхат орқали очиқда қолдирилган ҳамда жиноят иши ҳаракатдан тўхтатилган.
2025 йил 11 май куни Мубашшир Аҳмад ушланган ва уга нисбатан Жиноят кодекси 244-1-моддаси 3-қисми “г” банди билан қўшимча айблов эълон қилинган. Адвокатнинг ёзишича, мижози ушланишида ва тергов жараёнида ўзи томонидан ёлланган ҳимоячилар хизматидан фойдаланишни талаб қилган, лекин талаб бажарилмагани сабабли, тергов ҳаракатларига оид ҳужжатларни имзолашдан бош тортган.
“Ҳимоячилар терговчига айни шу куни бир неча маротаба алоқага чиққан ва ҳатто қисқа хабарлар жўнатган, лекин терговчи эътиборсиз қолдириб, устоз (Мубашшир Аҳмад)га нисбатан айбловни тўлдириш ва сўроқ қилиш, қамоққа олиш ҳақидаги илтимоснома киритиш ҳаракатларини давлат ҳисобидан таъминланадиган адвокат хизмати ёрдамида давом эттирган.
Мубашшир Аҳмадга нисбатан ушбу қўйилган айбловга Telegram'даги “Mubashshir Ahmad” номли каналга жойлаштирилган “Уламоларнинг Исроилга қарши жиҳод фатвоси нимани англатади?” номли видеодаги суҳбат асос бўлган. Лекин, айбланувчи тариқасида иштирок этишга жалб қилиш ҳақидаги қарорда айблов учун фақат Дин ишлари бўйича Қўмитанинг хулосаси, яъни, материалнинг ақидапарастлик ғоялари билан йўғрилганлигини тасдиқловчи далил кўрсатилган бўлиб, жиноятнинг зарурий белгиси – унинг мақсадини акс эттирувчи белгиларга оид ҳеч қандай экспертиза хулосаси далил сифатида эътироф этилмаган”, дейди адвокат.
2025 йил 14 май куни жиноят ишининг дастлабки тергови Ўзбекистон Республикаси Давлат хавфсизлик Хизмати Тергов бошқармасига ўтказилган. Мубашшир Аҳмад эса Давлат хавфсизлик хизматининг тергов ҳибсхонаси ҳақида умуман бошқача тасаввурда бўлгани, аксинча, у ерда олимга нисбатан қўпол муносабат, жисмоний ва труҳий тазйиқ, босим бўлмагани, ҳурмат билан муносабат кўрсатилганини эътироф этган.
Адвокатга кўра, тергов жараёнида Турсуновнинг “Azon Global” халқаро медиаканали ва ижтимоий тармоқдаги бошқа каналларидаги материаллар текширилган ва натижада уларнинг фаолиятида Ўзбекистон Республикасига қарши жиноятлар, тинчлик ва хавфсизликка қарши оғир жиноятлар содир этилмагани ўз тасдиғини топган.
Истисно сифатида Исроилнинг Ғазода содир этаётган геноцидига оид берилган фикрлари ва баъзи бошқа ҳолатларга оид фикрларида экспертиза хулосасига кўра миллий, ирқий, этник ёки диний адоват қўзғатиш жинояти аломати аниқланиб, айблов Жиноят кодексининг 156-моддаси 2-қисми билан тўлдирилган.
Ҳимоячининг айтишича, Алишер Турсунов диний мазмундаги материални тарқатиш учун Туркия Республикасида фаолият кўрсатганлиги сабабли, Дин ишлари бўйича Қўмитадан хулоса олиш зарурияти йўқ деб ўйлаган, чунки ҳудудийлик жиҳатидан медиа фаолиятини хорижда олиб борган. Қолаверса, адвокат мижозига қўйилган айбловлар ва унинг медиаматериаллари устидан ўтказилган экспертизалар бўйича экспертларга жуда кўп саволлари борлигини билдирган.
“Миллий, этник, ирқий ва диний адоват қўзғатишга оид жиноят бўйича ҳам экспертиза хулосалари юзасидан Жиноят процессуал кодексида белгиланган тортишувчанлик ва ҳақиқатни аниқлаш принциплари устуворлиги таъминланиши учун қонуний имкониятларимиздан тўлиқ фойдаланамиз”, деб ёзди адвокат.
Президентни ҳақорат қилган ўзбекистонлик Озарбайжонда қўлга олинди
Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёевнинг шаъни ва қадр-қимматини камситиш билан боғлиқ жиноятни содир этганликда айбланаётган ўзбекистонлик Омонбек Юсупов Озарбайжон пойтахти Бакуда ушланди ва Тошкентга экстрадиция қилинди.
43 ёшли Юсупов давлатлараро қидирувга берилиб, жорий йилнинг апрель ойида Озарбайжонда ҳибсга олинган. Унга нисбатан қамоққа олиш тарзидаги эҳтиёт чораси қўлланилган.
2002 йил 7 октябрда қабул қилинган “Фуқаролик, оилавий ва жиноий ишлар бўйича ҳуқуқий ёрдам ва ҳуқуқий муносабатлар тўғрисида”ги Конвенцияга асосан, айбланувчининг экстрадицияси тўғрисида қарор қабул қилиниб, фуқаро Ўзбекистоннинг ваколатли органларига Озарбайжон Адлия вазирлиги Пенитенциар хизматининг махсус конвойи кузатувида топширилган.
2021 йилнинг 30 март куни Ўзбекистон Жиноят кодексининг 158-моддасига киритилган ўзгартиш ва қўшимчаларга кўра, Ўзбекистон Республикаси Президентини омма олдида ҳақоратлаш ёки унга туҳмат қилиш, шунингдек, матбуот ёки бошқа оммавий ахборот воситаларидан, телекоммуникация тармоқларидан ёки Интернет бутунжаҳон ахборот тармоғидан фойдаланган ҳолда уни ҳақоратлаш ёки унга туҳмат қилиш — уч йилгача ахлоқ тузатиш ишлари ёки икки йилдан беш йилгача озодликни чеклаш ёхуд беш йилгача озодликдан маҳрум қилиш билан жазоланади.
Фарғонада шифокор беморнинг соғлом оёғини кесиб ташлади
Охирги вақтларда ўзбекистонликларни кўрсатилаётган тиббий хизматлардан шикоятлари ортгандан ортган. Хусусий ва давлат шифохоналаридаги ўлимлар, сифатсиз тиббий хизмат, натижаси операциялар, туғурухоналардаги болалар ва оналар вафоти таг замирида соҳанинг узоқ йиллар давомида коррупциялашгани ётибди, десак муболаға бўлмайди. Зотан расмий таҳлилларда ҳам Соғлиқни сақлаш мамлакатдаги энг коррупциялашган тизим сифатида рўйхатнинг бошидан ўрин олиб келади.
Республика ихтисослаштирилган эндокринология марказининг Фарғона филиали Хирургия бўлими бошлиғи беморнинг зарарланган чап оёғини кесиш ўрнига иккала оёғини ҳам кесиб ташлади ва бу орқали унинг ўлимига сабабчи бўлди.
Ўтган йилнинг 18 октябрь куни бемор фарзандлари томонидан мазкур муассасага олиб келинган. Унга “иккинчи тур қандли диабетнинг оғир шакли, декомпенсация босқичи, ДТС нейроишемик тури, Вангер-4, чап оёқ болдир қисмидан ампутациядан кейинги ҳолат, тизза бўғимининг майдаланиб синиши” ташхиси қўйилган.
Айнан ушбу бемор шифохонага келтирилган вақтда хирургия бўлими бошлиғи таътилда бўлган. Унинг вазифалари вақтинча бошқа шифокор зиммасига юклатилган.
Таътилга бўлишига қарамай, хирургия бўлими бошлиғи вақтинчалик бўлим раҳбарини тажрибасиз деб ҳисоблаб, уни четга суриб, беморга жарроҳлик муолажасини ўз ташаббуси билан амалга оширишга қарор қилган. У тиббий кўрсаткичлар мавжуд бўлмаган ҳолда “чап сон соҳасини ампутация қилиш” режасини ишлаб чиқиб, бу ҳужжатни вақтинча раҳбар, яъни Д.Р. номидан расмийлаштирган.
2024 йил 19 октябрда ўтказилган операцияда таътилдаги шифокор ўз танлови асосида тайинлаган ходимлар ва мутахассис бўлмаган талабалар билан бирга иштирок этган. Аммо амалиёт пайтида беморнинг касалликка алоқаси бўлмаган ўнг оёғи сон қисмидан кесилган. Кейинроқ беморнинг чап оёғи ҳам кесиб ташланган ва бунга беморнинг бирор қариндошидан рухсат олинмаган.
Бир вақтда икки оғир операция ва соғлом аъзо кесилиши оқибатида бемор 2024 йилнинг 7 ноябрь куни вафот этган.
Қува туман судининг 2025 йил 6 майдаги ҳукми билан таътилда бўлган шифокор Жиноят кодексининг 116-моддаси (касб юзасидан ўз вазифаларини лозим даражада бажармаслик) 3-қисмида назарда тутилган жиноятни содир этишда айбдор деб топилган. Унга нисбатан Жиноят кодексининг 45-моддаси (муайян ҳуқуқдан маҳрум қилиш) асосида 4 йилга озодликдан маҳрум этиш ва 3 йил соғлиқни сақлаш тизимида раҳбар ёки шифокор сифатида ишлаш ҳуқуқидан маҳрум этиш жазоси тайинланган.
Жиноят иши Фарғона вилояти суди апелляция инстанциясида кўриб чиқилган. Шифокор ўзи берган шикоятда ўз ҳаракатларини жиноий деб ҳисобламаслигини, беморнинг вафоти унинг амалиёти билан боғлиқ эмаслигини таъкидлаб, суд ҳукмини бекор қилиш ва оқлашни сўраган.
Суд апелляция инстанцияси томонидан дастлабки қарор ўз кучида қолдирилган ва шикоятлар инобатга олинмаган.
ДХХ раиси Афғонистонга борди
Ўзбекистон Давлат хавфсизлик хизмати раиси, генерал-полковник Баҳодир Қурбонов Афғонистон пойтахти Қобулга бориб, “Толибон” муваққат ҳукумати раҳбарияти билан қатор учрашувлар ўтказди.
“Толибон” Миллий мудофаа вазири вазифасини бажарувчиси Мулла Муҳаммад Ёқуб билан ўтган учрашувда Ўзбекистон делегацияси мамлакатдаги умуммиллий хавфсизлик ва иқтисодий тараққиётдан мамнунлигини билдириб, икки томонлама муносабатларни мустаҳкамлаш муҳимлигини қайд этган.
“Толибон” вакили эса Ўзбекистон ҳукуматининг Афғонистонга нисбатан халқаро миқёсдаги ижобий позициясини юқори баҳолаб, икки қўшни давлат ўртасидаги алоқалар кенгайиб бораётганини алоҳида таъкидлаган. Томонлар чегара соҳасидаги ҳамкорлик, алоқаларни йўлга қўйиш ва бошқа тегишли масалалар юзасидан фикр алмашган.
“Толибон” муваққат ҳукуматининг Разведка хизмати раиси Абдул Ҳақ Восиқ билан учрашувда музокаралар давомида минтақада тинчлик ва барқарорликни таъминлаш, Афғонистонни ҳалқаро муносабатларнинг тўлақонли аъзосига айлантириш бўйича саъй-ҳаракатлар давом эттирилаётгани хусусида сўз борган.
Мулоқотда Ўзбекистон ва Афғонистон чегараларида дахлсизликни сақлаш, чегара пунктларида кириш-чиқиш режимини янада такомиллаштириш, наркотик моддалар ноқонуний айланмасига ҳамда терроризмга қарши кураш йўналишларида ҳамкорлик масалалари муҳокама қилинган.
Бу Ўзбекистон расмийларининг Афғонистонга илк ташрифи эмас. Сўнгги 3 йилда “Толибон” билан алоқалар ривожланиб бормоқда. Сардор Умурзоқов, Исматулла Иргашев, Бахтиёр Саидов каби Тошкентнинг бугунги позициясини акс эттирувчи расмийлар бир неча бор Қобулда меҳмон бўлиб, “Толибон” билан музокаралар столига ўтирган.
Ўзбекистон раҳбари Шавкат Мирзиёев эса биринчи марта жорий йилнинг 3 июль куни Хонкенди шаҳрида ўтган Иқтисодий ҳамкорлик ташкилоти саммити доирасида Афғонистондаги “Толибон” муваққат ҳукумати Бош вазирининг иқтисодий масалалар бўйича ўринбосари вазифасини бажарувчи Мулла Абдул Ғани Бародарни қабул қилди. Айнан ўша санада Россия Афғонистондаги “Толибон” муваққат ҳукуматини тан олган дунёдаги биринчи давлат бўлди.
Live
Барчаси