Туркияда уч кун ичида тўрт ўзбекистонлик ҳалок бўлди
3-саҳифа
−
13:16 1669 2 дақиқа
Жорий йилнинг сўнгги уч куни ичида Туркияда вафот этган тўрт нафар Ўзбекистон фуқароларининг жасадлари мамлакатга қайтарилади. Бу ҳақда Ўзбекистон Республикасининг Истанбул шаҳридаги Бош консулхонаси хабар берди.
Қайд этиш жоиз, 11 июнь куни Истанбулдаги Шимолий Мармара автомагистралида содир бўлган йўл-транспорт ҳодисаси оқибатида ўзбекистонлик 31 ёшли А.Ҳ., унинг туркиялик турмуш ўртоғи ва 2 ойлик фарзанди ҳалок бўлганди.
Ҳодиса Чекмекўй мавзесидаги Шимолий Мармара автойўлида соат 06:00 атрофида юз беган. Сабиҳа Гўкчен аэропортидан қайтаётган Содиқ Гунден (29 ёш) бошқарувидаги енгил машина худди шу йўналишда ҳаракатланаётган юк машинасининг орқасидан бориб урилган. Тўқнашув оқибатида енгил машина юк машинасининг тагига кириб кетган. Ҳайдовчи Содиқ Гунден, унинг ўзбекистонлик рафиқаси Азиза Ҳатамова Гунден (31 ёш) ва уларнинг 2 ойлик чақалоғи Тимур Хон Гунден машина ичида қисилиб қолган. Улар воқеа жойига етиб борган ўт ўчирувчилар томонидан чиқариб олинган. Бироқ оиланинг уч аъзоси ҳам ҳодиса жойида ҳаётдан кўз юмган.
Кеча, 12 июнь куни Тузла туманида юз берган йўл-транспорт ҳодисаси ортидан 23 ёшли Ўзбекистон фуқароси Н.М. олган оғир тан жароҳатлари оқибатида вафот этган.
Шунингдек, 13 июнь куни узоқ вақт онкологик касаллик билан курашиб келган яна бир 58 ёшли аёл Истанбулдаги шифохоналардан бирида вафот этган.
“Ўзбекистон Республикасининг Истанбул шаҳридаги Бош консулхонаси марҳумларнинг оила аъзолари ва яқинларига чуқур таъзия билдиради. Консулхона томонидан Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Миграция агентлиги билан ҳамкорликда жасадларни ватанга юбориш ва бошқа зарур масалалар юзасидан тегишли консуллик-ҳуқуқий ёрдам кўрсатилмоқда”, дейилади хабарда.
Эслатиб ўтамиз, жорий йилнинг 8 июнь куни Истанбул шаҳрининг Фотиҳ тумани Лалели мавзесидаги трамвай бекатида юз берган бахтсиз ҳодиса оқибатида Ўзбекистон Республикаси фуқароси бўлган 6 ёшли бола вафот этганди.
Live
Барчаси