Шавкат Мирзиёев Пашинянни сайловдаги ғалаба билан табриклади
Жамият
−
14:05 614 1 дақиқа
Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев Арманистондаги парламент сайловларида “Фуқаролик шартномаси” партияси ғалаба қозонгани муносабати билан Бош вазир Никол Пашинянга табрик йўллади. Бу ҳақда Арманистон Бош вазири матбуот хизмати хабар берди.
“Ҳурматли Никол Воваевич, сизни Арманистон Республикасида бўлиб ўтган навбатдаги парламент сайловларида сиз раҳбарлик қилаётган “Фуқаролик шартномаси” партияси ғалаба қозонгани муносабати билан чин қалбдан табриклайман”, дейилади табрик мактубида.
Шунингдек, Ўзбекистон Президенти сайлов натижалари Арманистон халқининг Пашинян томонидан олиб борилаётган ички ва ташқи сиёсатга, жумладан, Жанубий Кавказда тинчлик ва фаровонликни таъминлаш борасидаги саъй-ҳаракатларга бўлган юксак ишончининг амалий тасдиғи эканини қайд этган.
“Биргаликдаги интилишларимиз натижасида келажакда ўзаро манфаатли ҳамкорлигимизни янада кенгайтиришга муваффақ бўлишимизга ишончим комил.
Фурсатдан фойдаланиб сизга мустаҳкам соғлиқ, бахт-саодат, масъулиятли давлатчилик фаолиятингизда улкан зафарлар, дўст Арманистон халқига эса тинчлик ва осойишталик тилайман”, дейди Шавкат Мирзиёев.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Арманистонда ҳукмрон “Фуқаролик шартномаси” партияси парламент сайловларида 50,07 фоиз овоз билан ғалаба қозонгани ҳақида хабар берилган эди.
Live
Барчаси