“Ҳаж-2023” мавсуми учун тўлов миқдори маълум қилинди
Жамият
−
01 Июнь 2023
32183“Ҳаж-2023” мавсуми учун 1 нафар зиёратчига тўлов миқдори 68 миллион 760 минг сўм этиб белгиланди. Бу ҳақда Дин ишлари бўйича қўмита матбуот хизмати раҳбари Илҳом Маърупов маълум қилди.
Қайд этилишича, Ҳаж тадбири шартномалари Саудия Арабистони Ҳаж ва Умра вазирилигининг Ҳаж электрон портали орқали белгиланган тартибда амалга оширилади.
Шунингдек, Саудия Арабистонидаги барча хорижий ва маҳаллий зиёратчилар учун қуйидаги талаблар белгиланган:
- Ҳожилар Саудия Арабистони подшоҳлиги Соғлиқни сақлаш вазирлиги талабига кўра, Жаҳон Соғлиқни сақлаш ташкилоти томонидан тасдиқланган Pfizer, Oxford, Moderna, Johnson, Covovax, Nuvaxovid, Sinopharm, Sinovac, Covaxin, Sputnik-V вакциналарининг тўлиқ дозасини қабул қилган бўлиши шарт.
- Барча зиёратчилар Саудия Арабистони Соғлиқни сақлаш вазирлиги талабига кўра, минингитга қарши тўрт валентли вакцинани қабул қилган бўлиши зарур.
- Саудия Арабистони Соғлиқни сақлаш вазирлиги томонидан мавсумий гриппга қарши эмланиш тавсия этилган.
Ўзбекистонлик зиёратчилар жорий йилнинг 4 июнидан 19 июнига қадар республиканинг 10 та ҳудудий халқарао аэропорти — Тошкент, Наманаган, Фарғона, Қарши, Термиз, Самарқанд, Бухоро, Навоий, Урганч, Нукус шаҳарлари орқали Мадина шаҳрига юборилади.
Илҳом Маъруповнинг сўзларига кўра, жорий йилда Ўзбекистон фуқаролари учун умумий Ҳаж квоталари сони 15 минг нафар этиб белгиланган.
Маълумот учун “Ҳаж-2022” мавсуми учун бир нафар зиёратчига тўлов миқдори 62 миллион 900 минг сўм бўлган эди.
LiveБарчаси