“Зулфия” мукофотига янги йўналиш қўшилди
Жамият
−
08 Февраль
6508Эндиликда хотин-қизлар учун бериладиган Зулфия номидаги Давлат мукофотини ахборот технологиялари йўналишида ҳам олиш мумкин. Бу ҳақда Адлия вазирлиги хабар берди.
Билдирилишича, Президентнинг 2024 йил 7 февралдаги фармони билан “Зулфия номидаги Давлат мукофотини таъсис этиш бўйича таклифларни қўллаб-қувватлаш тўғрисида”ги Фармонга ўзгартириш киритилди. Унга кўра, эндиликда ахборот технологиялари йўналишида алоҳида ютуқларга эришган иқтидорли хотин-қизлар Зулфия номидаги Давлат мукофоти билан тақдирланади.
Шунингдек, Зулфия номидаги Давлат мукофоти комиссияси Оила ва хотин-қизлар қўмитаси ҳузурида жамоатчилик асосида фаолият кўрсатиши ҳамда унга Бош вазир ўринбосари – Оила ва хотин-қизлар қўмитаси раиси раҳбарлик қилиши белгиланди.
Бундан ташқари, мукофотни олиш учун талабгорнинг сўнгги 3 йил мобайнидаги ибратли фаолияти, таълим, фан, адабиёт, маданият, санъат, спорт, ахборот технологиялари соҳалари ва жамоатчилик фаолиятидаги алоҳида ютуқларига оид ҳужжатлар тақдим этилиши белгиланди. Ушбу муддат илгари 2 йил эди.
Эслатиб ўтамиз, ўтган йилнинг 7 март куни Зулфия номидаги Давлат мукофотининг 2023 йилги совриндорлари рўйхати эълон қилинган ҳамда Ўзбекистон Республикаси Иқтисодиёт ва молия вазирлиги мукофот совриндорларининг ҳар бирига базавий ҳисоблаш миқдорининг 50 баравари миқдорида пул мукофоти берилишини таъминлайдиган бўлганди.
LiveБарчаси
Бухорода Ғиждувон деҳқон бозори ёнмоқда.
14 Декабрь