Зойир Мирзаевнинг қўйларни сўйишни буюргани айтилган видео бўйича айбдорлар жазоланди

Жамият 25260

Аввалроқ, Қашқадарё ҳокими Зойир Мирзаев далани пайҳон қилган қўйлардан иккитасини сўйиб, одамларга тарқатишни буюргани айтилган видео бўйича прокуратура текширув бошлагани ҳақида хабар берган эдик. Қашқадарё вилояти прокуратураси текширув натижасини эълон қилди.

Видеолавҳада Агросаноат мажмуи устидан назорат қилиш инспекциясининг вилоят бошқармаси бошлиғи А.Арипов, Нишон тумани бўлим бошлиғи А.Раҳматов, туман ИИБ бошлиғи Д.Умаров, “Отамурод ота” фермер хўжалиги иш юритувчиси Ш.Бобоназаров, ғалла майдонини пайҳон қилган 21 бош чорва моллари эгаси А.Азаматов иштирокида вилоят ҳокими топшириғига кўра, ғалла майдонини пайҳон қилингани учун фермер хўжалиги раҳбари ва пайҳон қилган қўй эгасига тегишли 1 тадан (жами 2 бош) қўйни сўйиб, кам таъминланган оилаларга тарқатилиши ҳолати акс эттирилган.

Ўтказилган текширув натижасига кўра, ғалла экинларини пайҳон қилингани ҳолати юзасидан Нишон тумани маъмурий судининг қарорига асосан, А.Азаматов МЖтКнинг 104-моддаси 1-қисмида кўрсатилган ҳуқуқбузарликни содир этган деб топилиб, унга огоҳлантириш эълон қилиниб, пайҳон натижасида етказилган зарар қопланиши таъминланган. 

Шунингдек, А.Арипов ва А.Раҳматовлар МЖтКнинг 200-моддасида назарда тутилган ҳуқуқбузарликни содир этганликда айбдор деб топилиб, тўпланган ҳужжатлар кўриб чиқиш учун Нишон тумани маъмурий судига юборилган.

Суднинг кеча, 9 январдаги қарорига кўра, А.Арипов ва А.Раҳматовларга нисбатан жарима жазоси тайинланган ва маъмурий ҳуқуқбузарлик оқибатида етказилган зарар тўлиқ бартараф қилиниши таъминланган.

Бундан ташқари,  Нишон тумани ИИБ бошлиғи Д.Умаровнинг ҳаракатлари юзасидан хизмат текшируви ўтказилиб, унинг ҳаракатлари интизомий кенгашда кўриб чиқилиши белгиланган.

 

Суннатилла Абдуллаев
Мақолага баҳо беринг
Баҳолаганлар: 910
Рейтинг: 2.9
t
×