Мирзаевнинг қўйларни сўйишга буюргани айтилган видео бўйича прокуратура текширув бошлади

Жамият 15461

Ижтимоий тармоқларда Қашқадарё вилояти ҳокими Зойир Мирзаев ғалла даласини пайҳон қилган қўйларни сўйишга буюргани айтилган видео тарқалди. Видеода 21 та қўй далани пайҳон қилгани, шу сабабдан вилоят ҳокими 2 та қўйни сўйиб, одамларга тарқатишни буюргани айтилган.

Қашқадарё вилояти ҳокимлиги Матбуот хизмати мазкур ҳолатга муносабат билдириб, Зойир Мирзаев бундай кўрсатма бермаганини маълум қилди.

Бугун, 3 январь куни Қашқадарё вилояти  прокуратураси тарқалган видеога муносабат билдириб, ўрганиш ишлар олиб борилаётганини маълум қилди.

Мазкур видеолавҳадаги шахслар вилоят қишлоқ хўжалиги инспекцияси бошлиғи Акром Арипов, Нишон тумани ИИБ бошлиғи Дилшод Умаров, Ибн Сино ҳудудидаги “Отамурод ота” фермер хўжалиги раҳбари Шерзод Бобоназаров ҳамда далани пайҳон қилган 21 бош қўй эгаси Абдурашид Азаматов бўлган.

Мазкур ҳолат Нишон тумани прокуратурасининг рўйхатига олиниб, тегишли тартибда хизмат текшируви тайинланган. Тарқатилган ведиолавҳанинг ҳаққонийлиги, қачон, қаерда ва қандай ҳолатларда юз берганлиги ҳамда бошқа ҳолатлар ўрганилмоқда.

“Ўрганиш натижалари ҳар томонлама қонун доирасида кўриб чиқилиб, қонуний қарор қабул қилиниши учун вилоят прокуратураси томонидан назоратга олинган”, дейилади  баёнотда.

Суннатилла Абдуллаев
Мақолага баҳо беринг
Баҳолаганлар: 402
Рейтинг: 2.9
t
×