Матбуот хизмати: Зойир Мирзаев ҳеч кимга қўйларни сўйишни буюрмаган
Жамият
−
02 Январь 2020
20914Ижтимоий тармоқларда Қашқадарёда экинни пайҳон қилган қўйлар сўйилгани ҳақидаги видео тарқалмоқда. Фойдаланувчилар томонидан видеода чиқиш қилган инсон вилоят қишлоқ хўжалиги инспекцияси бошлиғи Акром Арипов экани айтилмоқда.
Видеодаги шахснинг айтишича, у Нишон туман ИИБ бошлиғи билан бирга туманнинг Ибн Сино ҳудудидаги “Отамурод ота” фермер хўжалигида бўлиб, далани пайҳон қилган 21 бош қўй эгасини топган.
Видео давомида Акром Арипов қўйлар Зойир Мирзаев топшириғига кўра сўйилаётганини айтиб, гўшти кам таъминланган оилалар ва қишлоқ хўжалик техникаларини таъмирлаётган усталарга берилишини айтган.
Бу ҳолат ижтимоий тармоқларда профилига эга фуқароларнинг жиддий эътирозига сабаб бўлмоқда. Айримлар бу ишни “самосуд” сифатида баҳоламоқда.
Воқеа юзасидан маълумот олиш мақсадида вилоят матбуот хизматига боғландик. Матбуот хизмати бошлиғи Аҳрор Содиқовга кўра, вилоят ҳокими Зойир Мирзаев ҳеч кимга бундай топшириқни бермаган. Ҳозирда тушунтириш олиш мақсадида видеода гапирган Акром Арипов исмли шахс қидирилмоқда ва тез орада ҳолатга янада аниқлик киритилади.
LiveБарчаси