Зойир Мирзаев махсус комиссияга мурожаат қилди. Қашқадарёда карантин юмшатилиши мумкин
Жамият
−
06 Май 2020
7317Президент Шавкат Мирзиёев жорий йилнинг 24 апрель куни ўтказган видеоселектор йиғилишида Фарғона ва Қашқадарё вилоятлари таҳлили асосида карантин чекловларини босқичма-босқич юмшатиш юзасидан таклифлар киритиш, қурилишларни жадаллаштириш, қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари етиштириш бўйича кўрсатмалар берган эди.
Маълумотларга кўра, Қашқадарё вилояти ҳокими Зойир Мирзаев Республика махсус комиссиясига карантин чораларини енгиллаштириш масаласида бир нечта таклиф билан чиққан.
Булар:
- вилоятдаги ички назорат масканларини қисқартириш;
- қурилиш материаллари савдоси дўконлари, қурилиш-монтаж ишлари, ресторан ва кафеларни карантин қоидаларига амал қилган ҳолда чекланган мижозлар билан ишлаши;
- очиқ ва сунъий қопламали ўйингоҳларда (кийиниш ва ювиниш хоналаридан фойдаланмаган ҳолда) шуғулланишга рухсат бериш.
Шунингдек, таклифлар ичида фуқароларни мотоцикл, скутер ва велосипедларда карантин қоидаларига амал қилган ҳолда ҳаракатланиши ҳам жой олган.
Эслатиб ўтамиз, 1 май куни Қашқадарё вилоятида коронавирусга чалинган сўнгги бемор соғайган эди.
Маълумот ўрнида, 5 май куни Президент Шавкат Мирзиёев карантин чораларини енгиллаштиришга оид видеоселектор ўтказди. Йиғилишда карантин шароитини босқичма-босқич юмшатишга оид таклиф ва таҳлиллар асосида бундан буён амалга ошириладиган ишлар муҳокама қилинди.
2020 йил 5 май соат 23:00 ҳолатига кўра, Ўзбекистонда коронавирус инфекцияси қайд этилганлар сони 3 нафарга кўпайиб, 2207 нафарни ташкил қилмоқда. Инфекциядан соғайганлар сони 1501 нафарга етди.