Зироат Мирзиёева Ҳайдар Алиев маркази билан танишди (фоторепортаж)

Жамият

image
0:00
0:00
download

Кеча, 22 август куни Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг рафиқаси Зироатхон Мирзиёева Озарбайжондаги Ҳайдар Алиев марказига ташриф буюрди. Бу ҳақда “Azertag” хабар берди.

Марказ директори Анор Алиакбаров Зироатхон Мирзиёевага жаҳон меъморчилигининг ноёб дурдоналаридан бири ҳисобланган Ҳайдар Алиев маркази ҳақида маълумот бериб ўтган. 

Даставвал биринчи хоним “Озарбайжон марваридлари” кўргазмаси билан танишган.

Озарбайжон тарихи ва маданиятини акс эттирувчи ушбу кўргазмада мамлакатнинг табиий бойликлари, кўп асрлик тарихи ва маданий меросига оид экспонатлар намойиш этилган.

Шунингдек, унга марказда ташкил этилган “Мусиқа асбоблари: бирлик ва ранг-баранглик” кўргазмаси кўрсатилган.

Мирзиёевага Ҳайдар Алиев жамғармаси томонидан турли манбалардан тўпланган ноёб коллекция – XVIII-XX асрларга оид 200 га яқин чолғу асбоблари ҳақида маълумотлар ҳам бериб ўтилган.

Бундан ташқари, Ўзбекистон Президентининг рафиқасига “Озарбайжон гилами – нақшлар рақси” тўплами ҳам намойиш этилган. Озарбайжонда гиламдўзлик санъати асрлар давомида халқ маданияти ва турмушининг ажралмас қисми бўлиб, бугунги кунгача етиб келгани алоҳида таъкидланган.

Зироатхон Мирзиёева марказга ташрифи давомида Ҳайдар Алиев Озарбайжонга раҳбарлик қилган даврда расмий фойдаланишда бўлган автомобилларни ҳам кўздан кечирган. 

Якунда у фахрий меҳмонлар китобига ўз тилакларини ёзиб қолдирган.

Эслатиб ўтамиз, кеча, 22 август куни Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев рафиқаси Зироат Мирзиёева ҳамроҳлигида давлат ташрифи билан Озарбайжонга борганди. Даставвал улар Озарбайжон халқининг умуммиллий етакчиси Ҳайдар Алиев мангу қўним топган Фахр хиёбонига ташриф буюрди. Сўнгра Шавкат Мирзиёев Бакудаги Шаҳидлар хиёбонига бориб, ёдгорликка гулчамбар қўйди.

Бундан ташқари, Баку шаҳридаги “Гулистон” саройида Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев ва унинг рафиқаси Зироатхон Мирзиёева шарафига Озарбайжон раҳбари Илҳом Алиев ва биринчи хоними Меҳрибон Алиева номидан зиёфат ташкил этилди. Шунингдек, икки давлат биринчи хонимларининг ҳам алоҳида учрашуви бўлиб ўтганди.

 


Мақола муаллифи

Теглар

Шавкат Мирзиёев Ҳайдар Алиев Зироат Мирзиёева

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг