“Зирапча”даги Хуморага ҳукм ўқилди. Суд унинг пушаймонлигини ҳисобга олди
Жамият
−
07 Февраль 2020
32078Жорий йилнинг 23 январь куни жиноят ишлари бўйича Сирдарё вилояти Ховос туман судида судья Бахтиёр Мамадаминов раислигида очиқ суд мажлиси ўтказилди. Унда Хумора Иминжановага нисбатан суд иши кўриб чиқилди.
Хумора Жиноят кодексининг 169-моддаси 1-қисми (ўғирлик) қилганликда айбланган. Айбланувчига нисбатан эҳтиёт чораси сифатида “муносиб хулқ атворда бўлиш ҳақидаги тилхат” қўлланилган.
Маълум бўлишича, у 2019 йил 23 апрель куни очиқ майдонга боғланган ҳолда турган, амакиси А.Х.га тегишли бўлган, нархи 5 миллион сўмлик бир бош чорва қора молни яширин равишда талон-торож қилган. Шундан сўнг, ҳодиса жойидан яшириниб, ушбу чорва молни шу куни сотиб юбориб, пулларни ўзининг шахсий эҳтиёжларига сарфлаб юборган.
Айбланувчи шу жиноятни ўзи муҳтожликдан содир қилганлиги, ИИБ ходимлари сотиб юборган чорва молни топиб, амакиси А.Х.га қайтариб берганини айтган. Пулни ҳам қайтаришини, қилмишидан чин кўнгилдан пушаймонлигини ва ўзига тегишли хулоса чиқариб олган ҳақида маълум қилган.
Суд мажлисида гувоҳлар сўроқ қилинган ва улар бўлган воқеалар ҳақида гаплар ҳақиқатга тўғри келишини айтиб ўтишган. Суд, дастлабки тергов жараёнида 5.000.000 сўмлик бир бош чорва мол қонуний эгаси А.Х.га қайтарилгани инобатга олиниши мақсадга мувофиқ деб ҳисоблаган.
Суд Хумора Иминжановага нисбатан шартли равишда озодликдан маҳрум қилиш ва бир йил синов муддати белгилади. Синов муддати давомида Х.Иминжанованинг зиммасига қуйидаги мажбуриятлар:
• яшаш ва иш жойи ўзгарса, бу ҳақида яшаш жойидаги ИИБга хабар бериш;
• ҳар ойда икки маротаба яшаш жойидаги ИИБдан рўйхатдан ўтиш;
• 2020 йил 1 апрелга қадар фуқаровий даъвогар М.Алимовга 4.000.000 сўм зарарни қоплаш чораси юклатилди.
Агар судланувчи синов муддати давомида мажбуриятларни бажармаса, Жиноят кодексининг 72-моддаси 6-қисмига асосан жазонинг шартлилиги бекор қилинади.
Маълумот ўрнида, шартли ҳукм қилиш Жиноят кодексининг 72-моддаси 1-қисмида белгиланган синов муддати давомида жазонинг шартлилигини бекор қилиш асослари келиб чиқмаса, тайинланган жазони ижро этмаслик тўғрисида қарор чиқаради, дея келтирилган. Суд айбланувчига енгиллик тарзида синов муддати берилгани айбдорнинг пушаймонлиги асосий сабаб қилиб кўрсатилган. Зеро, Хумора Иминжанова “Зирапча” телелойиҳасида ҳам бу қилмиши учун пушаймонлигини бир неча бор такрорлаган.